ЭЛЛИК УЧИНЧИ

ЭЛЛИК УЧИНЧИ

davletovuz

“2018 йилнинг 18 январ куни Қозоғистоннинг Актюбинск вилояти Иргиз туманида автобусда ёнғин содир бўлиши оқибатида 52 киши ҳалок бўлган… Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор...”

ЎзА хабаридан

Соҳилга отилган асов тўлқиндек

Кўнгилга урилар ҳар он бир хабар.

Бу олам бир лаҳза туролмас тинч-тек,

Ҳар бир сониянинг мағзида хатар.

Ё Раббий!

Борлиғим бўлди жизғанак,

Бошдан оёғимга югурди олов –

Гўёки дўзахга ирғитди Фалак...

Бир автобус одам ёнибди лов-лов!!

“Оҳ!” дедим –

Жонимдан сачради минг чўғ,

Кўзимни қоплади қоп-қора тутун.

Эллик иккитамас куйганлар, йўқ, йўқ,

Менинг ҳам тийнатим кул бўлди бутун!

Одамхўр аланга ёнди-ю сўнди,

Мен-чи, ҳали узо-оқ ёниб-тутайман.

Бу ўтли азобнинг кўринмас сўнги,

Ловуллаган дилни кимга тутай ман?!

Кўксимга қамалиб, ўрлайди ёнғин,

Имон гулханида гур ёнаман, рост:

“Оташли йўлларда куйиб оёғинг,

Айт, кимни оловдан айладинг халос?!

Балки сен дардидан юз бурган ўсмир

Мусофир тўрвасин бўйнига илмиш.

Маслагингдан бўлиб ҳафсаласи пир,

Етти ёт “пир”ларни халоскор билмиш.

Гунг, соқов қалбингдан қайтмай акс-садо,

Мавҳум манзилларга бурмиш йўлини.

Саргузашт, ё эрмак, ё кайфу сафо

Излаб кезмагандир қозоқ чўлини!?

Айбингни тан олгин, эй сўқир банда,

Балки бор журмингдан кечгай мушфиқ Зот – 

Жаҳаннам ўтини билмассан анда,

Лекин то тириксан, куйгайсан бот-бот!”

Не дейин?!

На узр, на тавба қалқон,

Кўзимдан сачрайди телба ёлқинлар.

Томиримда қайнаб пишқиради қон,

Гуноҳим бўйнимда – майли, ёқинглар!

Даҳшатли туш ва ё қорамсир хаёл

Мисоли тўзғисин ўтпараст қайғу.

Оташда чўмилай самандар мисол,

Куйган кўнгилларга таскин бўлса бу.

Қоронғу қалбларга инса бир зиё,

Қай ўксик диллардан чекинса алам...

Ланғиллаб турибди тандирдай дунё,

Қоврилиб ётибди қозондай олам.

Чақмоқлар забтидан чатнаяпти Кўк,

Вулқон лава тутар, қани, ичинг-чи...

Эллик иккитамас ёнганлар, йўқ, йўқ,

Оловсиз ёнганлар – эллик учинчи!

Халойиқ!

Замин – зўр автобус, улкан...

Асрайлик – ҳақ йўлдан тониб кетмасин.

Токи тенгсиз олов, даҳшатли гулхан –

Қуёш теграсида ёниб кетмасин!!

19.01.2018

Нодир Жонузоқ


Report Page