Дўстларига нисбатан тавозели бўлиш
@bintusodiqГўзал ўрнак
Одинахон Муҳаммад Содиқ
Аллоҳ таоло Ўз Набиййи соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: «Ва сенга эргашган мўминларга қанотингни пастлат», деган (Шуаро сураси, 215-оят).
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирортанинг ортларидан эргашиб юришини ёқтирмас эдилар. Лекин ўнг ёки чапларида юрса бўларди (ёқарди)» (Ҳоким ривоят қилган).
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни етти нарсага амр қилдилар, етти нарсадан қайтардилар. Бизни жанозаларга эргашишга, беморни кўришга, чақириққа жавоб беришга, мазлумга ёрдам кўрсатишга, қасамни амалга оширишга, саломга алик олишга ва акса урганда соғлик тилашга амр қилдилар» (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).
«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам беморни кўрардилар, жанозага эргашардилар ва қулнинг даъватини қабул қилардилар» (Имом Термизий ривоят қилган).
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ходимлари билан бирга таомланар, болалар ёнидан ўтсалар, уларга салом берардилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар).
«У зотга саҳобаларидан бирортаси йўлиқса, уни силар ва ҳаққига дуо қилардилар» (Насаий ривоят қилган).
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳобаларидан бирортаси йўлиқиб туриб қолса, у билан тураверар эдилар, то ўша киши ўзи кетмагунича кетиб қолмасдилар. Агар у зотга саҳобаларидан бирортаси йўлиқиб, қўлини чўзиб қўлларини ушласа, у зот ҳам (унинг) қўлини тутар эдилар ва то ўша киши қўлини олмагунича қўлларини тортиб олмас эдилар» (Ибн Саъд ривоят қилган).
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари билан ёлғиз қолсалар, одамларнинг энг юмшоғи, энг карамлиси бўлар эдилар. Кўп кулар, сертабассум бўлиб қолардилар» (Ибн Саъд ва Ибн Асокир ривоят қилганлар).
У зот: «Аллоҳ менга ўзаро тавозели бўлишингизни, токи бирингиз бошқасига фахрланмаслигингиз ва бирингиз бошқасига жабр қилмаслигингизни ваҳий қилди», дедилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу шундай сўзлаб берди: «Мадина аҳлининг чўриларидан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қўлларидан тутиб, хоҳлаган жойига олиб кетаверар эди».
Изоҳ: «Қўлларидан тутиб» деган жумла мажозий бўлиб, бевосита ушлаш маъносида эмас. Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина аҳлининг раҳбари бўлишларига қарамай, ўта камтар, бетакаллуф бўлганларидан оддий бир чўри аёл ҳам у зотга бемалол мурожаат қила олиши таърифланмоқда.
Асваддан ривоят қилинади: «Оиша розияллоҳу анҳодан «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида нима қилар эдилар?» деб сўрадим. «Аҳлларининг меҳнатида, яъни аҳлларининг хизматида бўлар эдилар. Намоз вақти кирганида эса намозга чиқар эдилар», деди».
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси икки мусулмон учрашганида қўл бериб сўрашса, айрилиб кетишдан аввал иккиси мағфират қилинур», дедилар (Абу Довуд ривоят қилган).
«Икки мусулмон учрашганида қўл бериб сўрашса, гуноҳлари тўкилур», дедилар (Имом Термизий ривоят қилган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саломни таратинг. Таомни тарқатинг. Бошларни уринг. Жаннатларни мерос олурсиз», дедилар.
Бошқа ривоятда: «Роҳманга ибодат қилинг. Таомни тарқатинг. Саломни таратинг. Саломатлик-ла жаннатга кирурсиз», дейилган (Имом Термизий ривоят қилганлар).
Юқоридаги ҳадислардан кўринадики, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳамиша инсонларга тавозели бўлганлар, атрофларидаги яқинларини бениҳоя қадрлаганлар.
Исломнинг гўзал дин эканининг тагида аввало ўзаро ҳурмат ва гўзал хулқ ётади. Мусулмон қанчалар чиройли одобга ва гўзал хулққа эга бўлар экан, жаннатда даражаси шу даражада баланд бўлиши ҳадисларда ривоят қилинган.
Дарҳақиқат, қўпол ва баджаҳл одам гарчи намоз ўқиб, рўзаларни қолдирмай тутса ҳам, унинг бадхулқлиги сабаб одамлар зарар кўрадилар. Шунинг учун ҳам Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга тили билан озор берадиган аёлни дўзахда, деб айтганлар. Шу ўринда нафл ибодатлари кам бўлса-да, аммо ширинсухан бўлган аёлни эса жаннатий эканини билдирганлар.
Демакки, нафақат оиламизда, балки қўни-қўшни, дўсту биродар ва бегоналарга-да табассум-ла чиройли муомала қилишимиз ёки ёмон хулқимиз билан уларга озор беришимиз бизнинг оқибатимизни белгилаб берар экан.
Ҳар биримиз рўпарамдаги одам балки мендан яхшироқдир, деган фикрда бўлсак, доим тавозеда турсак, эҳтимол, бугун бош ўлим сабабчиси бўлган стресс аталмиш «бало»га йўлиқмаган бўлармидик! Сиз нима дейсиз, азизлар?
BintuSodiq канали