Бугун янги илм олдикми?

Бугун янги илм олдикми?

@Savollar_kanal
www.islom.uz

Аллоҳ таоло:

«Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларгина қўрқарлар», деган (Фотир сураси, 28-оят).

Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, бу дунёнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақл билан Аллоҳни таниган ва Ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади. Аммо мазкур махлуқотларнинг тарихи, тузилиши, таркибидаги моддалари, хусусиятлари ва бошқа турли маълумотларни тўлиқ ўрганиб ҳам уларни яратган зот – Аллоҳни танимаган ва Ундан қўрқмаган одам ўта жоҳил ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Илм гапнинг кўплигида эмас. Илм қўрқишнинг кўплигидадир», деган эканлар.

Имом Ҳасан ал-Басрий: «Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», дея туриб, «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларгина қўрқарлар» оятини тиловат қилар эканлар.

Яна У зот:

«Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?» деган («Зумар» сураси, 9-оят).

Албатта, тенг бўлмайдилар. Биладиганлар иймон келтириб, ибодат қиладилар. Билмайдиганлар куфр келтириб, исён этадилар.

У зот яна:

«Ушбу мисолларни одамлар учун келтирурмиз, уларга олимлардан ўзгаларнинг ақли етмас», деган («Анкабут» сураси, 43-оят).

Шарҳ: Ушбу уч оятда илм ва уламоларнинг фазллари ҳақида сўз кетмоқда.

Биринчи оятда Аллоҳдан қўрқиб, Уни улуғлаш фақат илмли кишилар томонидангина содир бўлиши таъкидланмоқда.

Демак, илмсиз киши Аллоҳдан қўрқмайди ҳам, Уни улуғламайди ҳам. Тажриба бу қуръоний ҳақийқатни тасдиқлади. Турли илмлар бўйича мутахассис бўлган олимлар Аллоҳни танишларини, иймон-эътиқодсиз яшаш мумкин эмас, деган фикрга келганликларини қайта-қайта айтмоқдалар.

Иккинчи оятда биладиганлар билан билмайдиганлар, яъни илмлилар билан илмсизлар тенг бўла олмасликлари ҳақида сўз кетмоқда. Илмли инсон доимо устун туриши ва фазилатли ҳисобланиши, илмсиз одамда эса бу нарсалар бўлмаслигига ишора қилинмоқда.

Учинчи оятда эса келтириладиган масалаларни англаб, улардан ўрнак олиш учун ҳам илм зарурлиги таъкидланмоқда. Бу ҳам илмни ва олимларни улуғлашдир.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар».

Тўртовлари ривоят ривоят қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», демоқдалар.

Демак, дин таълимотларини яхши тушунадиган бўлиш банда учун катта бахт-саодат, унга Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилганининг аломатидир. Демак, диний илмни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради.

Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз:

1. Исломни яхши англаб, фақиҳ бўлишга тарғиб.

2. Исломда фақиҳ бўлиш – Аллоҳнинг яхшилиги эканлиги.

3. Ислом уммати қиёматгача Аллоҳнинг амрида қоим бўлиши.

4. Ислом умматига ҳеч ким зарар етказа олмаслиги.

Ҳозирги ҳаётимизда бу ҳадиси шариф ҳикматига жуда муҳтожмиз.

Нима учун ичимизда динимиз ҳукмларини дақиқ тушунувчи кишиларимиз йўқ даражада?

Нима учун орамизда Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилган одамлар йўқ даражада?

Ёки биз учун Аллоҳ яхшиликни ирода қилишининг кераги йўқми?

Ёки Ислом аҳкомларини дақиқ ва аниқ тушунишнинг зарурати йўқми?

Бу чидаб бўлмайдиган даражадаги ачинарли ҳолдир. Агар биз ўзимизни мусулмон ҳисобласак, Аллоҳдан, қиёмат кунидан умидвор бўлсак, Исломни яхши тушунишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Аллоҳ таоло яхшиликка ирода қилган кишилардан бўлишга уринмоғимиз лозим.

Абу Воқид ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўтирган эдилар. Бирдан уч киши кириб келди. Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Биттаси қайтди. Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб, тўхтадилар. Улардан бири ҳалқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси уларнинг орқасига ўтирди. Учинчиси эса ортга бурилиб, чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин:

«Сизларга ҳалиги уч нафарнинг хабарини берайми? Улардан бири Аллоҳдан бошпана сўради. Аллоҳ унга бошпана берди. Бошқаси эса ҳаё қилди. Бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди. Яна бошқа бири юз ўгирди. Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довудгина ривоят қилмаган.

Шарҳ:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўтирган эдилар».

Бу ерда илмий «суҳбат қуриб» деган қўшимчани зикр қилишнинг ҳожати йўқ. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўтирган бўлсалар, албатта, илмий суҳбат бўлганлиги турган гап.

«Бирдан уч киши кириб келди».

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан илмий суҳбат қуриб ўтирган масжидга уч киши кириб келди.

«Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Биттаси қайтди».

Ўша уч кишидан иккитасининг илмга рағбати бор экан, илмий суҳбатдан фойдаланмоқчи бўлиб, илм манбаси бўлмиш зот – Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Учинчи кишининг илмга рағбати йўқ экан, илмий суҳбат бўлаётганини кўриб, ортга қайтди.

«Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб, тўхтадилар. Улардан бири ҳалқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси уларнинг орқасига ўтирди. Учинчиси эса ортга бурилиб, чиқиб кетди».

Яъни, ҳалиги уч кишидан илмга қизиққан иккитаси бориб, Расулуллоҳнинг тепаларига тўхтади. Илмий суҳбатга қулоқ осиш учун жой ахтарди.

Улардан бири илмий суҳбат учун ҳалқа қуриб ўтирган саҳобаларнинг орасидан бир бўш жойни топиб, ўтирди.

Иккинчиси унчалик илмга ўч эмас экан, ҳалқадагиларнинг орқасига келиб, жойлашди.

Илмга умуман қизиқмайдиган учинчи одам эса бурилиб, масжиддан чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса илмий суҳбатни давом эттиравердилар.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин».

Яъни илмий суҳбатни тугатганларидан сўнг:

«Сизларга ҳалиги уч нафарнинг хабарини берайми?» дедилар.

Яъни, илмий суҳбат бўлиб турганда масжидга кириб, ўзларини уч хил тутган кишиларнинг хабарини берайми, дедилар. Ва улар ҳақида хабар беришни бошладилар.

«Улардан бири Аллоҳдан бошпана сўради. Аллоҳ унга бошпана берди».

Бу – ҳалқадан бўш жой топиб ўтирган одам. Одатда зулмга, тазйиққа учраган, хавф-хатарда қолган одам бошпана сўрайди. Ушбу ҳадиси шарифда илм ҳалқасига келиб ўтирган одам ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳдан бошпана сўради» деб айтишлари улкан маъно касб этмоқда. Бу эса илм ҳалқасида ўтирган одам жаҳолатдан, онгсизлик зулмидан, тазйиқидан ва улардан келадиган хавф-хатардан Аллоҳнинг паноҳига қочишини англатмоқда. Бундай бало-офатдан қутулиб қолишнинг бирдан-бир йўли илм йўли эканлиги, илм орқалигина Аллоҳ таолонинг бошпанасига сазовор бўлиш мумкинлиги маълум бўлмоқда. Илм талаб қилишга бунчалик тарғиб ҳеч қаерда йўқ.

«Бошқаси эса ҳаё қилди. Бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди».

Бу ҳалқанинг орқасига бориб ўтирган одам. У ўзини одамлар орасига уришдан ҳаё қилди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам уни савобсиз қолдиришдан ҳаё қилди. Унга ўзига яраша муомала қилди.

«Яна бошқа бири юз ўгирди. Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди».

Бу илмий мажлисдан юз ўгириб, чиқиб кетган одамдир. Ҳадисда унинг илмдан юз ўгириши Аллоҳдан юз ўгиришга тенглаштирилмоқда. Шунинг учун Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирганлиги баён қилинмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинаётган фойдалар:

1. Масжидларда илмий мажлислар уюштиришнинг яхшилиги.

2. Илмий мажлисларда ҳалқа бўлиб ўтириш.

3. Илмий мажлис бўлаётган жойга кирганда дарҳол унга қўшилиш.

4. Иложи борича ҳалқага кириб ўтириш.

5. Ҳалқадан жой топилмаса, орқароққа бўлса ҳам ўтириш.

6. Илмий мажлисни ташлаб чиқиб кетмаслик.

7. Илмий мажлисда ихлос билан иштирок этган одам Аллоҳ таолонинг бошпанасига сазовор бўлиши.

8. Илмдан қочишдан ҳаё қилган одамни иқоб қилишга Аллоҳ таолонинг ҳам ҳаё қилиши.

9. Илмдан юз ўгирган одамдан Аллоҳ ҳам юз ўгириши.

Энди ҳадиси шарифнинг ҳикматидан ҳаётимизда қанчалик фойда олаётганимизни ўйлайлик.

Бугун илму маърифат қадрлими, молу дунё, мансаб ва шунга ўхшаш ўткинчи нарсалар қадрлими?

Ҳозирги ҳаётимизда ўзини илм ҳалқасига урган одам қадрлими ёки сўму долларлар «ҳалқа»сига урган одамми?

Илмдан юз ўгирган одамни Аллоҳдан юз ўгирган одамдек қоралай оламизми? Шу ва шунга ўхшаш саволларга ушбу ҳадиси шариф руҳида ижобий жавоб беришимиз жуда мушкул.

Агар Аллоҳ таоло ҳузуридан бошпана топмоқчи бўлсак, илм ҳалқаларини кўпайтиришимиз, ҳаммамиз ўзимизни уларга уришимиз лозим. Чунки илмсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики, банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади. Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилса, уни ўрганса, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб оладилар ва Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади. Кимнинг амали ортга сурса, уни насаби олдга сура олмайди», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида бошқа яхши амаллар қатори, талаби илмнинг фазлини ҳам баён қилганликлари учун муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи уни илм китобида келтирмоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифда ҳар бир мўмин-мусулмон қилиши лозим бўлган яхши амаллардан бир нечтасини ва уни бажарган мўмин-мусулмон бандага бериладиган мукофотларни зикр қилмоқдалар. Шу орқали сиз билан биз, умматларини ўша яхши амалларни қилишга тарғиб этмоқдалар. Келинг, ўша амаллар ва уларнинг натижаларини бирини кўриб чиқайлик:

1. «Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради».

Илмга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир инсоннинг олий мақсади – жаннат. Жаннатга эришиш учун у ҳар нарсага, ҳар қандай қийинчиликларга тайёр туради. Илм талаб қилиш эса жаннат йўлига тушишнинг боши экан. Илм йўлидан борган одам ниҳоят жаннатнинг эшиги олдидан чиққай, иншааллоҳ!

Кези келганда яна бир масалани эслаб ўтайлик. Ояти карима ва ҳадисларда зикри келган илм ҳақида кишилар ўртасида баъзи тушунмовчиликлар юради. Баъзилар «Оят ва ҳадисларда зикр этилган илмдан мурод, диний илмлардир», дейдилар. Бу нотўғри фикр! Оят ва ҳадисларда зикри келган илм барча фойдали илмларни ўз ичига олади. диний илмлар албатта, биринчи ўринда туради. Аммо бошқа илмлар кўзда тутилмаган, дейиш мутлақо нотўғридир. Агар фақат диний илмлар кўзда тутилса, мисол учун, «Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса, динда фақиҳ қилиб қўяди», дейилгани каби, алоҳида қайд қилинади. Шунга ўхшаш, бошқа исломий илмлар ҳақида гап кетганда ҳам уларнинг номи ва сифати зикр қилинади.

Яна бир тоифа кишилар илм ва унинг савоби ҳақида сўз кетганда «Ким бўлса ҳам илмли бўлса, бас, ушбу гап ва савоблар унга ҳам тегишли», дейдилар. Кофир, мунофиқ, фосиқ, ибодатсиз кишилар томонидан илмга уриниш бўлса, мазкур ваъдаларда уларнинг ҳам ҳаққи бор, дейдилар. Бундай кишилар Исломда ҳар бир амалнинг қабул бўлиши, савоби етиши учун иймон, ният, ихлос шарт эканлигини унутиб қўйган одамлардир.

Шунинг учун ояти карима ва ҳадиси шарифларда зикри келган илмдан мурод, барча фойдали илмлар бўлиб, уларга қилинган ваъдаларга иймон ва ихлос билан уринган мўмин-мусулмонларгина эришадилар, дейишимиз тўғри бўлади.

Бу қоидани ушбу ҳадиси шарифга татбиқ этадиган бўлсак, мўмин-мусулмон киши ўзи учун, жамият учун, инсонлар учун фойдали илмга «бу менга Аллоҳнинг амри, Исломнинг талаби» дея уринсагина, у жаннатнинг йўлига тушган бўлади. Аллоҳ таоло унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради.

6. «Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилса, уни ўрганса, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб оладилар ва Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади».

Ҳадисларда «Аллоҳнинг уйлари» деган жумла келса, масжидлар назарда тутилган бўлади. Демак, масжидлардан бирида ўтириб, Аллоҳнинг Китоби – Қуръони Каримни тиловат қилган, уни ўрганган одамлар ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган даражага эришадилар.

Бу ҳадиси шарифда эса уларга тўртта буюк даража ваъда қилинмоқда:

а) «Албатта, уларнинг устига сакийна тушади».

«Сакийна» сўзи «сокинлик»дан олинган бўлиб, қалб хотиржамлиги, ҳамма тарафдан сокинлик, хотиржамликни англатади.

Демак, масжидда жам бўлиб, Қуръони Каримни етарли даражада тиловат қилган, уни ўрганган одамларга қалб хотиржамлиги, ҳар бир нарсада сокинлик, хотиржамлик тушади. Қуръони Каримнинг хайру баракаси уларнинг ҳаётларини безайди.

б) «Уларни раҳмат ўраб олади».

Яъни, ўша масжидда ўтириб, Қуръон тиловат қилиб, унинг маъно ва ҳукмларини ўрганаётган кишиларни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олади. Мўмин-мусулмон қавм учун уни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олишидан ҳам кўра яхшироқ ҳолат бўлмаса керак?!

в) «Фаришталар қуршаб оладилар».

Яъни, ўша масжидда ўтириб, Қуръон тиловат қилаётган, уни ўрганаётган кишиларни Қуръоннинг ҳурматидан фаришталар қуршаб оладилар. Дунёда фаришталар ҳурмат билан қуршаб турган бир қавм бўлса, ана ўша қавм бўлади. Ҳеч бир мусулмон қавм учун бундан ортиқ муборак мақом бўлмаса керак!

г) «Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади».

«Аллоҳнинг ҳузуридагилар» «Малауъил аъло» номли олиймақом зотлардир. Бу энг олий мақом бўлиб, Қуръон тиловат қилган, уни ўрганган қавмларни Аллоҳ таоло ўша олиймақом зотлар билан бирга зикр қилар экан.

Бу дунёда бирор мансабдор бир одамнинг номини тилга олиб қўйса, ўша одам умрбод «Фалончи акам мени фалон жойда, фалон вақтда зикр қилган», деб, ғурурланиб юради.

Энди Аллоҳ таоло инсонларни ўз ҳузуридаги энг олиймақом зотлар қаторида зикр қилиши ўша инсонлар учун қанчалик бахт эканлигини тасаввур қилиб кўринг. Бу олий мақомга эришиш эса жуда ҳам осон. Аллоҳ таолонинг Китоби – Қуръони Каримни тиловат қилиш, уни ўрганиш керак, холос.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдаларни зикр қилиб ўтамиз:

1. Бу дунёда ҳар бир мўминдан бошқа мўминлардан машаққатини аритишга тарғиб.

2. Бир мўминнинг машаққатини аритган одам қиёмат куни ўзидан машаққати аритилишига сазовор бўлиши.

3. Қийинчиликда қолган мўмин кишининг оғирини енгил қилишга уринишга тарғиб.

4. Мўмин кишининг оғирини енгил қилган одамнинг оғирини Аллоҳ таоло бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам енгил қилиши.

5. Мўмин кишининг айбини беркитишга тарғиб.

6. Мўмин кишининг айбини беркитган одамнинг айбини Аллоҳ таоло бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам беркитиши.

7. Мўмин киши доимо ўз биродарларига ёрдам бериши лозимлиги.

8. Ўз биродарларига ёрдам берган кишига Аллоҳ таоло ёрдам бериши.

9. Мўмин киши илм талаб қилиши зарурлиги.

10. Ким илм талаб қилиш йўлига кирса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон этиши.

11. Масжидларда Қуръон тиловати ва ҳалқа дарслари ташкил қилишга тарғиб.

12. Қуръон тиловати ва ҳалқа дарсида иштирок этадиганларга сакийна тушиши, уларни раҳмат ва фаришталар ўраб олиши ва Аллоҳ ўз ҳузуридаги аъло даражали зотлар билан бир қаторда уларни зикр қилиши.

13. Ҳар бир кишига фақат амалигина ёрдам бериши.

14. Ҳеч кимга насаби ёрдам бера олмаслиги.

Аллоҳга шукрлар бўлсин, ушбу ҳадисдан кўплаб фойдаларни ўрганиб олдик. Энди инсоф билан ушбу ҳадиси шариф ҳикматларини ҳаётимизга солиштириб кўрайлик. Сўнгра ўзимиз ким эканлигимизга баҳо берайлик.


Илм талаб қилиш масаласини кўриб чиқайлик.

Илм талаб қилиш йўли – жаннат йўли эканлигини ҳаммамиз яхши тушуниб етганмизми?

Илмга динимиз талаб қилгандек уринамизми?

Нима учун динимиз илм талабини ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарз қилган бўлишига қарамай, кўплаб мусулмон юртларида ялпи саводсизлик ҳукм сурмоқда?

Дунёда бошқа миллатлар илмнинг юқори чўққисига чиққан бир пайтда ҳали кўпгина мусулмон давлатлар аҳолисининг ярмидан кўпи ўқиш-ёзишни билмайди. Кўпларида таълим ишлари йўлга қўйилмаган. Мусулмонлар ҳаётнинг энг зарур соҳаларида ўз олимлари йўқлигидан бошқаларнинг ёрдамига муҳтожлар.

Бошқалар фарзандларини илм олишга ундасалар, мусулмонлар фарзандларини пул топишга, мол боқишга мажбур қиладилар.

Бошқаларда илм ва олимлар юксак қадрланса, мусулмонларда улар ерга урилади. Ислом илм дини эканлигининг аломати шуми?

Қуръони Каримдаги илмга тарғиб қилувчи оятларга амал қилиш шуми? Илм ҳақидаги ҳадиси шарифларга амал қилиш шуми?

Бу ҳолатга барҳам беришнинг пайти келган. Ҳар бир мусулмоннинг илмга муносабати Ислом таълимотига мувофиқ бўлиши керак. Ҳар ким ўзига керак нарсанинг илмини талаб қила билиши лозим. Ҳар бир соҳада ўз эҳтиёжимизни қондирадиган олимлар тайёрлашимиз фарзи кифоя. Агар аксинча бўлса, ҳаммамиз баробар гуноҳкор бўламиз.

Энди Қуръон тиловати ва уни ўрганиш масаласига ўтайлик.

Маълумки, Қуръонсиз Ислом ҳам, иймон ҳам йўқ. Ҳамма нарса Қуръонга боғлиқ. Нималарга қандай иймон келтириш ҳам, нималарга қандай амал қилиш ҳам Қуръонда баён этилган.

Қуръон – илоҳий дастур, икки дунё саодатининг калитидир. Қуръон бандалар тиловат қилишлари, ўрганишлари ва амал қилишлари учун Аллоҳ томонидан юборилган. Уни тиловат қилиш ва ўрганиш қандай даражаларга етказишини ушбу ҳадисдан билиб олдик. Қуръонга амал қилиш қандай улуғ мартабаларга етказишини эса бошқа ҳадислардан билиб оламиз, иншааллоҳ! Бас, шундай экан, Қуръон тиловат қилмайдиган мусулмон бўлиши мумкинми? Агар бўлса, бу худди нафас олмайдиган одам бўлиши мумкин, деган билан баробар эмасми?

Энди инсоф билан айтайлик, ичимиздан неча фоизимиз Қуръон ҳарфларини таниймиз?

Неча фоизимиз Қуръон тиловатини биламиз?

Неча киши Қуръонни аввалидан охиригача тўғри тиловат қила олади?

Неча киши Қуръоннинг маъноларини, ҳукмларини дарс қилиб ўқиган ёки ўқимоқда?

Ушбу саволларга бериладиган жавобимизга қараб, ўзимизнинг қандай мусулмон эканлигимизни билиб оламиз.

Ҳадиси шарифда масжидда тўпланиб, Қуръон тиловат қилиб, уни ўрганаётган қавм ҳақида сўз кетмоқда.

Уларнинг сонини масжиддан бошқа жойларда ўтириб, ўзларининг биродарларини ғийбат қилаётган, уларга нисбатан бўҳтон тўқиётганларга солиштира оламизми?!

Нима учун мусулмонлик даъвосини қила туриб, Қуръон ўқимаймиз, уни ўрганмаймиз?

Нима учун устимизга сакийна – хотиржамлик тушишини хоҳламаймиз?

Нима учун ўзимизни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олишига қарши турамиз?

Нима учун бизни фаришталар қуршаб олишини хоҳламаймиз?

Нима учун Аллоҳ бизни Ўзига муқарраб зотлар билан бир қаторда зикр қилишини истамаймиз?

Бу ўта ачинарли ҳол. Бу ноқулай ҳолатдан чиқиш лозим. Мусулмонман, деган ҳар бир киши Қуръонни тиловат қилиш, уни ўрганиш фарз эканлигини тўлиқ тушуниб етиши керак.

Ҳар бир мусулмон ўзининг илоҳий дастурини ўқиб-ўрганиши лозим.


Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди», деганларини эшитдим, деган эканлар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят ривоят қилганлар. Лафз Термизийники.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида илм талаб қилиш билан бирга, илмнинг ва олим одамнинг фазлини баён қилиб бермоқдалар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу умрларининг охирида Дамашқда яшаган эканлар. Бир куни ҳузурларига мадиналик бир одам келибди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу унга: «Сени бу ерга нима келтирди?» дебдилар. У киши: «Мени фақатгина сендан эшитган бир ҳадисим келтирди», деб жавоб берибди. Ана шунда Абу Дардо розияллоҳу анҳу ушбу ҳадисни айтибдилар:

«Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди».

Худди шу маънодаги жумла бундан олдинги ҳадисда ўтди:

«Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар».

Баъзи таъвилларда «уларнинг оёқ остиларига қанотларини қўядилар», дейилган. Бошқа бир таъвилда эса «фаришталар учишдан тўхтаб, илм билан машғул кишиларни ўраб оладилар, уларнинг раҳматлари ва нурларидан иқтибос олишга уринадилар», дейилган. Нима бўлганда ҳам, ушбу жумла толиби илмларнинг Исломда қадрлари баландлиги ва илм талаб қилиш улуғ даража эканлигини кўрсатади.

«Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар».

«Осмонлардаги зотлар»дан мурод – фаришталар. «ердаги зотлар»дан мурод – инсу жин ва ҳайвонлар. Истиғфор айтиш эса бировнинг ҳаққига дуо қилишдир. Олим киши илм олганлиги учун, одамларни Аллоҳнинг йўлига чақирганлиги ва ҳидоятга бошлаганлиги учун Аллоҳ таоло уни яхши кўради. Шунинг учун ҳам унинг муҳаббатини фаришталарга, бутун махлуқотларга солади. Шу муҳаббат туфайли улар олимнинг ҳаққига дуо қиладилар. Бу эса диний илмлар олими бўлиш нақадар фазл эканлигини кўрсатади.

«Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди».

Олим – диний илмларни яхши билувчи шахс. Обид – ибодат қилувчи, доимо ўзи учун ибодат билан машғул киши. Осмонга қараган одамга ой катта билиб кўринади, у ер юзига нур сочади. Юлдузлар эса кичкина бўлиб кўринади, уларнинг нури ўз атрофини зўрға ёритаётгандек кўринади. Қоронғу кечада осмонга боққан инсон ойнинг юлдузлардан қанчалик афзал эканлигини дарҳол мулоҳаза қилади. Олим кишининг фазли ҳам шундайдир. Обидлар юлдузлар каби фақат ўзлари учун ёруғлик чиқарсалар, олим киши қоронғу кечада нур сочган ой каби жоҳилият зулматида юрган одамларга Ислом ҳидояти нурини сочади. Обиднинг манфаати фақат ўзи учун бўлса, олимнинг манфаати ҳамма учун бўлади.

«Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир».

Мана шу жумла бу ерда гап диний олимлар ҳақида кетаётганига далолатдир. Демак, уламоларимиз оддий кишилар эмас, пайғамбарларнинг меросхўрларидир.

«Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар».

Чунки уларга Аллоҳ таоло молу дунё эмас, илм берган эди. Шунинг учун ҳам:

«Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар».

Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фақат илмни мерос қилиб қолдирганлар

«Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди».

Яъни, қайси бир одам ўша пайғамбарлардан мерос қолган илмни олса, улуғ насибани олган бўлади. Пайғамбарлар меросидан ҳам улуғ насиба бўлиши мумкинми?!

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдаларимиз:

1. Илм талаб қилиш йўлида юриш лозимлиги.

2. Илм талаби йўлидагиларга Аллоҳ таоло жаннат йўлини осон қилиши.

3. Фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини унинг оёғи остига қўйишлари, учишдан тўхтаб, толиби илмларни қуршаб, уларни ўраб турган раҳматдан баҳраманд бўлишга уринишлари.

4. Олим кишига осмондаги зотлар – фаришталарнинг дуо қилишлари.

5. Олим кишига ердаги зотлар – одамлардан ўзини билган, одам васфини йўқотмаганлари, жинлар ва ҳайвонларнинг дуо қилиши.

6. Олим кишига ҳаттоки сувдаги балиқлар ҳам дуо қилиши.

7. Олим кишининг обид кишидан кўп марта афзаллиги.

8. диний олимлар пайғамбарларнинг меросхўрлари эканлиги.

9. Пайғамбарларнинг динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганликлари.

10. Пайғамбарлар илмни мерос қолдирганлари.

11. Пайғамбарлар мероси бўлмиш диний илмни олган кишилар улуғ насибани олган бўлишлари.

Энди ушбу ҳадиси шариф ҳикматини ҳаётимиз воқелигига солиштириб кўрайлик.

Илм талаби йўлига кирган одамга Аллоҳ таоло жаннат йўлини осонлаштириб қўйишини аввалги ҳадисда кўрдик.

Энди толиби илмни рози қилиш учун фаришталар унинг оёғи остига қанотларини қўйишлари, уни ўраб турган Аллоҳнинг раҳматидан баҳраманд бўлишга уринишлари ҳақида сўз юритайлик.

Инсоф билан айтайлик-чи, бизда шу тасаввурнинг ўзи борми?

Илм талаб қилиш шу даражада улуғ иш эканлигини тушуниб етганмизми?

Бу ишга фаришталар ҳам ҳавас қилишини англаймизми?

Ҳозиргача англамаган бўлсак, энди англашимиз керак. Ислом илм талабини ҳар бир мусулмонга бешикдан қабргача фарз қилганини эслаб, дарҳол ўз шахсимиз учун фарзи айн бўлган диний илмни талаб қилишга киришайлик! Бир ҳарф, бир сўз, бир жумла бўлса ҳам ўрганиб, унга амал қилишга ҳаракат қилайлик! Ўзимиз ўрганишимиз билан бирга, оила аъзоларимиз, болаларимиз, қўни-қўшни ва таниш-билишларимизга ҳам ўргатишга интилайлик! Турли илмларни ўрганаётган талабаларимизни қўллаб-қувватлайлик, уларга ўзлари танлаган йўл қанчалар улуғ эканлигини тушунтирайлик! Илм талаб қилиш фаришталар ҳам ҳавас қиладиган иш эканлигини одамларимизга тушунтирайлик. Толиби илмларни фаришталар ўраб туришини, уларнинг оёқлари остига қанотларини қўйиб туришини ҳаммага англатайлик! Фаришталар ҳавас қилган одамларга биз ҳам ҳавас қилайлик, улар ҳурмат қилган одамларни биз ҳам ҳурмат қилайлик!

Ҳадиси шарифда олим кишига осмондаги ва ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтиши таъкидланмоқда.

Диний олим Ислом таълимотларини кишиларга етказиш орқали кўп яхшиликларни амалга оширади. Ундан ва у тарғиб қилган яхшиликлардан ҳамма фойда топади. Чунки Ислом таълимотлари бутун мавжудотлар учун кони фойдадир. Шунинг учун ҳам ҳамма мусулмон олимнинг ҳаққига яхшиликлар тилаб, Аллоҳ таолога дуолар қилади. Унга доимо яхшилик етиши тарафдори бўлади. Ихлосли мусулмонлар қадимдан бу улкан маънони яхши тушуниб, унга амал қилиб келганлар. Улар ўз уламоларини ғоятда ҳурмат қилганлар, эъзозлаганлар. Ҳар бир ишни улардан сўраб, шариатимизга мослаб бажаришга ҳаракат қилганлар. Ихлосли мусулмонлар уламоларни доимо ўз раҳбарлари, руҳий устозлари деб билганлар. Уларнинг сўзларидан чиқмаган ҳолда уламоларимизга хизмат қилиб, кўнгилларини олишга, дуоларига сазовор бўлишга ҳаракат қилиб келганлар. Халқимизнинг ўз уламоларига бўлган муносабати доимо таҳсинга сазовор бўлган. Вақти келса, оддий мусулмонлар ўзлари емай, уламоларга едирганлар, ўзлари киймай, уларга кийдирганлар.

Биз ҳам уламоларимизнинг ҳурматларини жойига қўйишимиз, осмондаги зотлар – барча фаришталар ҳурматлаган зотларни биз ҳам ҳурмат қилишимиз лозим. Ердаги зотлар – инсу жин ва ҳайвонлар ҳурмат қилган зотларни биз ҳам иззат қилмоғимиз лозим. Жинлар ва ҳайвонлар қандай қилиб уламоларнинг ҳаққига истиғфор айтишларини ва ҳурмат қилишларини Аллоҳ билади. Аммо биз, инсонлар уламоларни қандай ҳурмат қилишни ўзимиз биламиз. Агар уламоларни ҳурмат қилишни ўрнига қўймасак, бу ҳадисда зикр қилинганлар қаторидан чиқиб қоламиз.

Олимнинг обиддан қанчалик афзал эканлигини билиб олдик. Энди олим бўлишга, ҳеч бўлмаса, обид бўлишга уринайлик. Олим ҳам, обид ҳам бўлмасак, ким бўлишимиз мумкин? Жоҳил ва бетавфиқ бўлишимиз мумкин, холос. Бундан бошқа «мартаба» ҳам йўқ-ку!

Олимларнинг афзаллиги нимада? Ҳадиси шарифда: «Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», деб баён қилинган. Дунёдан ўтган авлод келажак авлодга ниманидир мерос қолдиради. Кейинги авлодлар эса ўша меросни қабул қилиб оладилар ва ундан фойдаланадилар. Яхшидан яхшилик, ёмондан ёмонлик, золимдан зулм, одилдан адолат мерос қолади ва ҳоказо.

Инсоният тарихида Аллоҳнинг танланган бандаси бахтига муяссар бўлган, доимо инсониятни Аллоҳнинг ҳидоят йўлига бошлаб келган пайғамбар алайҳимуссаломлардан нима мерос қолган?

Уларнинг меросхўрлари бўлган уламолар улардан нимани мерос қилиб олганлар?

Эҳтимол, уламоларни ҳурмат қилишимиз уларнинг пайғамбар алайҳимуссаломларга меросхўр бўлганларидандир?

Эҳтимол, меросга олган нарсаларидандир? Ҳа, ҳадисда айтилганидек:

«Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар».

Уламолар ана ўша муқаддас меросни қабул қилиб олган улуғ зотлардир. Улар ўша илм ила кишиларни Аллоҳнинг динига, тўғри йўлга, Ислом шариатига чақирувчи, пайғамбарлар ва уларнинг охиргиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ишлари давомчиларидир. Уламолар кишиларга Қуръони Карим, суннати шариф ва шариати Ислом таълимотларини баён қилувчи ҳидоят юлдузларидир. Улар кишиларни ҳидоят йўлига чақириб, залолат йўлидан қайтарадилар. Олимлар кишиларни Исломга чақириш билан уларни икки дунё саодатига чақирадилар. Бу дунёнинг фаровон турмушига, охиратнинг жаннати маъвосига даъват этадилар. Шунинг учун ҳам олимларни ҳар қанча ҳурмат қилсак, эъзозласак, кам. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, пайғамбарларнинг меросхўрларини ҳурмат қилган бўламиз. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрларини ҳурмат қилган бўламиз. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, ўзимизни икки дунё саодатига чақираётган кишиларни ҳурмат қилган бўламиз. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, ўзимизни бу дунёнинг фаровон турмушига ва охиратнинг жаннати маъвосига чақирувчиларни ҳурмат қилган бўламиз. Шу йўл билан ҳар биримиз пайғамбарлар қолдирган меросдан олишга ҳаракат қилайлик, Улуғ насибага эришайлик!

Report Page