Бир ҳадис олимининг илм йўлидаги сафари

Бир ҳадис олимининг илм йўлидаги сафари

@Savollar_kanal
www.islom.uz

(Муҳаммад Мустафо Аъзамий билан профессор, доктор Ражаб Шантурк суҳбати)

Девбанд (Ҳиндистон), Азҳар (Миср), Кэмбридж (Англия) давлатларига илм талабида сафар қилган Муҳаммад Мустафо Аъзамий мумтоз ва замонавий илмга уйғун ҳаётини илк маротаба ўзгача талқинда, бутун тафсилотлари билан профессор, доктор Ражаб Шантуркга sonpeygamber.info учун ҳикоя қилиб берди.

Бир қисми туркчага ўгирилган китоблари (Ислом фиқҳи ва суннат – Oryantalist J. Schacht'a Eleştiri ve Kur'ân Tarihi) ва кўплаб илмий ишлари билан Ҳадис илми ривожига улкан ҳисса қўшган Муҳаммад Мустафо Аъзамийнинг ҳаётини ўзи яратган фарқли маданий анъана билан бирга тақдим қилмоқдамиз.

Муҳаммад Мустафо Аъзамий ким? 

1930 йилда Ҳиндистонда туғилган Муҳаммад Мустафо Аъзамий бошланғич, ўрта ҳамда лицей таҳсилини Ҳиндистонда олди. Девбандда Исломий Илмлар университети (Дор ул-Улум)ни битирди. Қоҳирада Азҳар университетида олий маълумот олди (1955), Кэмбридж университетида Studies in Early Hadith Literatureмавзусидаги докторлик диссертациясини ёқлади (1966). 1955–64 йиллар орасида Қатар Миллий Кутубхонасида ишлаган Аъзамий докторлик диссертациясини тамомлагач, Маккада Уммул Қурро университетида, шунингдек, Мичиган ва Коларадо университетларида турли лавозимларда ишлади ва Қирол Сауд университетининг Исломий тадқиқотлар бўлимидан нафақага чиқди.

Ҳамон Қирол Сауд университети фахрий профессори бўлган Аъзамий 1980 йилда Халқаро Қирол Файсал Тадқиқотлари мукофотига лойиқ деб топилди.

Кўплаб илмий асарлар муаллифи Муҳаммад Мустафо Аъзамий ҳадисларни ишончли шаклда келмаган, яъни носаҳиҳ дегувчи шарқшунос олимларнинг иддаоларини рад қилган илк мусулмон тадқиқотчисидир.

Ғарбда 17-асрнинг охирида бошланган Суннат ва Ҳадис мавзусидаги шарқшунослик тадқиқотлари, хусусан, Қуръон ва Суннатнинг ишончлилиги билан боғлиқ шубҳалар мавжудлиги борасидаги иддаони кун тартибига киритиб, ҳадисларнинг Ҳазрат Муҳаммад алайҳиссаломга оидлигини суриштирувчи нашрлар босилган эди. Ғарб илм дунёсини ниҳоятда яхши ўрганган ва ғарб олимларининг асарларидан воқиф, исломий илмларга, хоссатан, Ҳадис илми ривожига улкан ҳисса қўшган Муҳаммад Мустафо Аъзамий ушбу нотўғри иддаоларга илмий исбот ва далиллар орқали раддия берган.

Қуйида Муҳаммад Мустафо Аъзамий билан профессор, доктор Ражаб Шантурк ўртасидаги суҳбатни тақдим этамиз:

Болалиги ва олган таҳсили

Р. Шантурк: Муҳтарам устоз, ота-онангизнинг дунёқарашингиз кенгайишидаги роли борасида озгина маълумот бера оласизми?

Аъзамий: Аслида жуда бахтли бир болалагим бўлмаган. Билмайман... аммо мени бу йўлга йўллаган Аллоҳ (жалла жалалуҳу)нинг лутфу карами экани аниқ. Онам раҳматли дунёдан ўтганида бир ёш ёки ундан каттароқмидим, аниқ неча ёшда бўлганимни ҳеч ким айта олмайди... Ўзим эслаёлмайман. Онам хасталик сабаб бошқа туманга – ўз оиласи, яқинлари уйига кетган. Мен эса отам билан ёлғиз қолганман. Кўп ўтмай онам вафот этган. Шу сабабли онам ҳақида унчалик кўп маълумот билмайман. Шунча кўп инсонлар ичидан етим бир боланинг эрта бир кун зиёли, ўқимишли, машҳур бир инсон ёки оддий одамлар қатори далада деҳқон бўлишини ҳеч ким билмас, айтиб беролмас эди. Отам эса зиёли бир зот бўлган. Шайх ҳамда мавлоно эди.

Р. Шантурк: Шайх, мавлоно атамалари ҳиндчада қандай маънони англатади?

Аъзамий: Мавлоно атамаси “дин, илм пешвоси” маъносини беради. Таҳсилини диний илмлар бўйича тамомлаган, кейин шу илм асосида таълим берувчи, ўргатувчи кишига нисбатан ишлатилади бу сўз. Унинг арабча таржимаси эса шайхдир.

Отам онамнинг вафотидан кейин бошқа бир аёл билан оила қурди. Ўгай онам келганида мен икки ёшда эдим. Дастлаб ишларнинг қандай кетаётганини фаҳмламадик. Аммо сал улғайгач, уйда ўзгача бир муҳит пайдо бўлганини, икки хил муомалани ҳис қила бошладим.

Р. Шантурк: Устоз, нечанчи йилда туғилгансиз?

Аъзамий: Аслида, аниқ нечанчи йили туғилганимни билмайман. Аммо 1928 билан 1930 йиллар орасида туғилганимни айта оламан.

Чунки мен 1937 йилда иккинчи синфда ўқиганимни эслай оламан. Муаллимим Хайдан Панде исмли бир ҳинд эди. Унинг дафтарга қўйган имзоси ҳамда санасини хотирлайман. Шунга кўра 1937 йилда иккинчи синфда ўқиганман. Қуръони карим ўқишни бошлаган ҳамда ўқиб тамомлаган йилимдан келиб чиқсам, ҳақиқатан 1928 билан 1930 йиллар орасидаги қайси бир кунда туғилганим қатъий исботини топади.

Р. Шантурк: Қаерда туғилгансиз?  

Аъзамий: Азамгар округининг Мау шаҳрида. Жудаям машҳур жой бўлиши билан бирга ери ҳам ниҳоятда баракали, серҳосилдир. Бу ўлкада кўплаб дин уламолари, Ислом олимлари туғилган. Улардан бири машҳур ҳадисшунос олим Мавлоно Ҳибибурраҳмон Аъзамийдир.

Р. Шантурк: Бу киши отангизнинг дўсти бўлганми?

Аъзамий: Ҳа, улар дўст эди. У киши мадрасага ҳамда уйимизга кўп келарди. Шунингдек, ўзаро жанжаллашиб-тортишиб ҳам туришарди (кулади).

Р. Шантурк: Болалигингиздаёқ шундай олим инсонлар билан танишдингиз. Таҳсил олишингизда, диний илмларни пухта эгаллашингизда бу танишувнинг таъсири нечоғлик бўлган, деб ўйлайсиз?

Аъзамий: Ҳа, улкан таъсири бўлган, деб ўйлайман. Ўша пайтларда мен у зотга “амаки” дея мурожаат қилардим.

Р. Шантурк: Яна кимлар бор эди атрофингизда?

Аъзамий: Яна машҳур зотлардан бири шайх Абдурраҳмон Иёд бор эди. Аниқроғи, у киши кейинроқ танилди. Дастлаб унчалик таниқли эмасди.

Р. Шантурк:  Мактабга чиқмасдан олдин Қуръондан дарс ўрганганмисиз?

Аъзамий: Ҳа, уйда отамдан Қуръон дарсини олдим. Шунингдек, отам менга форсча, арабчани ҳам ўргатди. Ушбу даврда кўпроқ форсийни ўргандим. Арабчани эса кейинроқ пухта эгалладим. Мен 8-9 ёшлигимда бировга берилган қарзнинг ёки бировдан олинган пулнинг ёхуд ердан олинган маҳсулотнинг миқдорини ёза олардим. У пайтларда шунинг ўзи етарли эди. Бундан ортиқча билимга эҳтиёж йўқ эди. Шу сабаб уйда ҳамда далада ишлар эдик. Аммо отам дарс ўқишимизни, илм олишимизни хоҳлади. Дастлаб фақат уйда таҳсил ола бошладим.

Мактабда сарфлаган вақтимнинг ўрнини тўлдириш мақсадида тун ярмига қадар ишларимни тамомлаш учун ҳаракат қилардим.

Уйда дарс тайёрлай олмаганим учун дарсда тинглаганларим билан қаноатланишга мажбур эдим, аммо буни давом эттиришим шартлигини ҳам билардим...

Бу бир турли мужодала, чираниш эди менинг учун. Айни вақт ичида ўгай синглим билан укамнинг дарс тайёрлашлари, илм олишлари, муваффақият қозонишлари учун барча имконият сафарбар этилган бўлишига қарамай, ҳеч биттаси, ҳатто, бошланғич мактабни ҳам тамомлаганлик ҳақидаги ҳужжатга эга бўлолмади...

Аллоҳ таоло мени ҳам шарафли, ҳам масъулиятли ҳамда ниҳоятда метин ирода талаб қилинадиган бир йўлга солди, деб айта оламан.

Р. Шантурк: Ҳадисшунослик илмини танлашингизда отангизнинг таъсири борми?

Аъзамий: Бу жуда ажойиб бўлган. Ҳадис илмини ўрганиш хаёлимга ҳам келмаган. Бошланғич мактабда ўқиган кезларим мен биринчи рақамли ўқувчи эдим, хусусан, математикадан. Саволларим билан математика устозимни 2-3 бор йиғлатганимни ҳам яхши эслайман. Йиғлаб синфдан чиқиб кетарди. Хуллас, ақлимни батамом банд қилган фан – на тил, на грамматика, на бошқаси, балки фақат математика эди! То 7-синфгача шундай давом этди. Кейин эса уйдан чиқиб, олисларга қочиб кетдим. Чунки инглизча мактабда ўқиш орзусида эдим. Отам эса инглизча ўқишимга буткул қарши эди. 

Р. Шантурк: Сиз нега айнан инглизча таълимни хоҳлардингиз-у, отангиз нима учун инглиз тилини ўрганишингизга қарши эди?

Аъзамий: Болалик-да! Бир-икки қурушлик инглизча китобларни сотиб олган эдим. Масалан отам: “Дўконга бориб, ул-бул олиб кел”, деса, ўша китобни чўнтагимга бекитиб, юриш ўрнига югуриб кетардим. Лицейда ўқийдиган бола бор эди. Ундан бир неча инглизча сўзларнинг таржимасини сўрардим.

Шундай қилиб, ҳеч ким менинг у ерда инглизча ўрганиш билан вақт ўтказганимни билмас эди. Яна югуриб ортимга қайтардим. Шу тахлит инглизча ўрганаётганимни биров билмай қоларди. Ўрта мактаб дипломини қўлга киритгач, икки сабаб туфайли уйдан қочиб кетдим: биринчиси – ўқиш муаммоси, иккинчиси эса ўгай онамнинг муомаласи... 5-6 ой бир уйда яшадим. У ерда идиш-товоқларни ювдим, ҳовлиларни сурпурдим ҳамда уй эгасининг дўконида ишладим. Уй эгаси мени мактабга юборишини айтди, лекин юбормади. Отам менинг қаерда эканимдан хабардор эди. Келиб, уйга қайтариб олиб кетди. Бундан кейин инглизча мактабда ўқишимга қаршилик қилмаслигини айтди. Мен бор-йўғи 5-6 ой, узоғи 7 ойгина инглизча мактабга қатнадим. Кейин эса отам менга: “Ўғлим, инглизча мактабга эмас, исломий мактабга боришинг керак”, – деди. Бу гал ўйлаб кўрдим. Кейин исломий мактабга бордим. Кўплаб фиқҳ, адабиёт ҳамда грамматикага оид китобларни ўша ерда ўқидим.

(Давоми бор) 

Гулбаҳор Абдуллоҳ таржимаси

Манба

«Зикр аҳлидан сўранг» каналига уланиш

Report Page