Билимсизликнинг шифоси савол

Билимсизликнинг шифоси савол

@bintusodiq
Азизлар!
Маълумингизким, каналимизда Одинахон Муҳаммад Юсуфнинг «Билимсизликнинг шифоси – савол» китобининг биринчи қисмидан олинган савол-жавоблар бериб борилаётган эди. Эндиликда ушбу китобнинг иккинчи қисмидан олинган савол-жавобларнинг матни ва овозли ёзувларини беришни бошлаймиз.
Марҳамат, савол-жавоблардан баҳраманд бўлиб, билимларимизни оширишда давом этамиз!


Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда – Фатҳ масжидида душанба куни, сешанба куни ва чоршанба куни дуо қилдилар. Чоршанба куни икки намознинг ўртасида ижобат қилиндилар.

Шундан кейин мен қачон бирор оғир иш бошимга тушса, ўша вақтни пойлаб, чоршанба куни, икки намознинг ўртасида дуо қиладиган бўлдим. Албатта ижобатини кўрдим».

Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ривоятда келган дуолари Аҳзоб урушида бўлган. Фатҳ масжиди ғарб тарафдаги Силаъ тоғининг тепаликларидан бирида бўлган. Уни Аҳзоб масжиди ҳам дейилади.

Ўшанда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам тинимсиз дуо қилдилар. Ушбу ривоятда келганидек, чоршанба куни у зотнинг дуолари қабул бўлди.

Аллоҳ таоло душманларга қишнинг совуқ кечасида ўта совуқ шамол юборди. Шамол душманнинг чодирларини, қозонларини учириб кета бошлади. Улар енгилиб, ортга қочишга турдилар.

Чоршанба куни икки намознинг ўртасидаги дуолар ҳам қабул бўлар экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари қабул бўлганини кўрган саҳобалар дуо қабул бўлишининг ушбу шартларини ўрганиб олиб, ҳаётларида унга амал қилган эканлар.

Ҳозиргача ҳам илмли ва аҳли фазл кишилар ўзларининг муҳим ишларини чоршанба куни бошлайдилар ва аҳамиятли дуоларини ҳам ўша куни қилиш пайидан бўладилар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

  «Одоблар ҳазинаси», 3-жуз.

BintuSodiq канали




Report Page