Ижтимоий тармоқда сув, газ ва йўл масалалари баён этилган маҳалла “Янгиобод” эмас

Ижтимоий тармоқда сув, газ ва йўл масалалари баён этилган маҳалла “Янгиобод” эмас

@Boyovutliklar
Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

Lotin alifbosida oʻqish

Бугун ижтимоий тармоқларда “Сирдарё вилояти Боёвут тумани Янгиобод маҳалласида 12 йилдан бери cув ва газ муаммо. Йўл таъмирталаб. 2 йил олдин сув чиқарамиз деб асфальтни бузишди, аммо сувдан ҳам, асфальтдан ҳам дарак йўқ” сўзлари билан изоҳ қолдирилган видео эълон қилинди.

Аввало шуни айтишимиз керакки, бу аслида “Янгиобод” маҳалласи эмас. Бу видеолавҳа “Учтургон” маҳалласининг халқ тилида “Янгиобод” деб аталадиган қишлоқ аҳоли пунтида тасвирга олинган.

Яна шуни тан олиб айтишимиз керак, туман аҳолисининг 67,8 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган. Ушбу сув билан таъминланган аҳолининг 54,8 фоизи сувни ташиб ичади. Туманда ичимлик суви таъминотида муаммолар кўп бўлганлиги сабабли 2011 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-1610-сонли қарорига мувофиқ Жаҳон тараққиёт банкининг маблағларлари ҳисобидан “Зомин” линиясини қуриш ишлари бошланган. Ҳозирги кунга келиб, режадаги 31 та аҳоли пунктидан 23 тасида 58,3 км магистрал сув тармоқлари тўлиқ ётқизилган, 274,2 км ичимлик суви тарқатиш тармоқларидан 269,2 км қисми қуриб битказилган.

Жумладан, “Учтургон” маҳалласининг “Янгиобод” номли қишлоқ аҳоли пунтида ҳамда ичимлик суви тармоғи қурилган ва ҳар бир хонадон учун уланиш нуқтаси чиқарилган. Мазкур лойиҳа якунланганга қадар қишлоқ аҳолиси шу ҳудуднинг ўзидаги мавжуд сув иншоотидан ташиб фойдаланади.

Шунингдек, бу қишлоқ олдинига газлашган маҳалла ҳисобланар эди. Аммо газ босими паст ва етарли даражада етиб келмаганлиги ҳисобига демонтаж қилинган. Шундан сўнг қишлоқ аҳолисини суюлтирилган газ билан таъминлаш йўлга қўйилган. Ҳозирда қишлоқдаги 80 та хонадон суюлтирилган газ билан таъминланаётган бўлса, газ баллонлари охирги маротаба 19-20 март кунлари алмаштирилган.

Видеолавҳа тасвирга олинган кўча “Баландчақир” кўчаси бўлиб, очиқ коллекторнинг муҳофаза зонасида бўлганлиги сабабли кўп йиллардан буён кўча сифатида ҳисобга олинмаган. Шу сабабли таъмирланмаган. Лекин йиллар ўтиб, бу кўчада аҳоли хонадонлари борлиги сабабли расман кўча сифатида ҳисобга олиниб, номлаган. Таъмирлаш масаласи 2021 йилнинг ички хўжалик йўлларининг манзилли дастурига киритилган.

Ўрни келганда фуқароларимизга шуни маълум қиламизки, тумандаги кўп йиллардан буён ўз ечимин кутаётган муаммолар тўлиқ ўрганилиб, уларнинг ҳар бири бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Муаммоларни баратараф этиш эса вақт ва маблағ талаб қилади. Шу боис мавжуд муаммолар тизимлаштирилган ҳолда босқичма-босқич бартараф этилади. Шунингдек, ҳар қандай муаммо юзасидан сектор раҳбарларига мурожаат қилишингиз мумкин. Негаки келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар сизнинг мурожаатингиз асосида ишлаб чиқилади.

Боёвут туманидаги сектор раҳбарларининг штаби

Боёвут тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Report Page