41

41

Mohira Eshpo‘latova

Қирқ биринчи кун

(Ҳикоя)

Кун ёйилиб кетганига қарамасдан Нозима эрта туриш одатига хилоф тарзда шифохонанинг ўзи учун ажратилган, деразаси кунчиқишга қараган хонасида бир ўзи ёлғиз, ташқи дунё билан биттагина боғлаб турган восита — дераза томонга қараб ёнбошлаганча кўзларини юмиб ётарди. Унинг хонаси кенг, ёруғ ва барча қулайликлари бор эди. Деворлари-ю бутун жиҳозлари, пардаларидан тортиб чойшабларигача бўлган ҳамма нарсаси мовий рангда эди. Бир қарашда у ухлаётгандек тасаввур уйғотар, узун қора сочлари паришон, тартибсиз сочилганча бутун ёстиғини қоплаганди. Қўш қанотларининг бири кенг ётоқдан пастга тушиб, полга тегай- тегай деб турар, иккинчиси эса худди устига чопон ташлаб қўйилганга ўхшаб унинг тиззасигача ёпиб турарди. Нозимага ажратилган хона катта бир бинонинг еттинчи қаватида бўлиб айвондан бутун атрофни томоша қилиш мумкин эди. Аммо Нозима бу ишни ҳар куни бир неча марталаб бажаргани учун қизиғи ҳам қолмаганди. Хонасидаги бутун жиҳозлар уни зериктирган, фақат бўйи баробар келадиган катта кўзгугина унинг ёлғиз овунчоғи эди. У ҳар куни ўзини кўзгуга солиб қараб ўтирар, баъзан бу иш соатлаб давом этарди. У муолажалар қандай ижобий таъсир кўрсатаётганини билиш учун шундай қиларди. Отасининг елиб-югуриши натижасида шифохонага келтирилганининг дастлабки ҳафтасида у тузалиб кетиш умиди билан ўзида йўқ хурсанд яшади ва шу кунларда бу кўзгу хонасида пайдо бўлди. Орадан яна анча кунлар ўтиб, ўзида ҳеч қандай ижобий ўзгаришларни кўрмагач, умидлари шубҳа, гумон, иккиланишларга айланди. Кейин зерикди, сўнг ҳаммасига кўникди. Айни дамда унинг руҳида кўникишдан кейинги бефарқлик ҳукмрон эди. Жимгина ётган Нозиманинг қулоғига дастлаб яқинлашиб келаётган таниш қадам товушлари, кейин хонасининг доим қулф турадиган эшигининг шиқирлаб очилган эшитилди. У беихтиёр кўзларини очди.

— Хайрли тонг, қизим, мени жажжи фариштам, яхши дам олдингми ?- деди Нозимага қараб турувчи ҳамшира Мунира опа.

Меҳр билан айтилган бу сўзлар Нозиманинг энсасини қотирди. У аввалига бу аёлни яхши кўриб қолган бўлса, кейинчалик унинг сўзи ва амали бошқа-бошқа эканлигини пайқаб қолди. Умуман, кейинги пайтларда Нозима ўзида аввал унчалик эътибор бермагани — ички сезгилари билан одамларнинг нима ҳақда ўйлаётганини билиб олиш қобилияти пайдо бўлганини сезди. У одамларнинг сўзларини тинглаб, кўзларига диққат билан тикилиб хаёлидан нималар кечаётганини, айни пайтда нималарни ўйлаётганини билиб олаётганди. Мунира опанинг Нозима билан тенгдош қизи бўлиб, уни соғинган кўнглини юпатиш учунгина Нозимани қизим-қизим дер, уни эркалагандек эркаларди. Чунки, Мунира опа ҳам бошқа шифокорлар каби бу ердан ҳеч қаерга чиқмаётганди. Айни мана шу жойига Нозима тушунолмай ҳайрон бўларди. Мунира опа шартномадаги иш куни тугаши билан бу ердан учиб кетишга шай турар, кейин қаердадир Нозимани кўрса ё кимдандир эшитса билиб билмаганга олиб кетиши ҳам ҳеч гап эмасди.

-Ўзингни қандай ҳис қиляпсан? – деди Мунира опа хушмуомилалик билан катта бир дафтарининг янги вароғини очиб.

-Ўзингиз- чи ? – Нозима ўрнига жойлашиб ўтириб оларкан, совуққонлик билан жавоб қайтарди.

-Илтимос, Нозима, бу таҳлиллар учун зарур, берадиган барча саволларимга тўғри ва аниқ жавоб бер.

-Ҳар куни бир хил саволлар, — деди у ҳафсаласи пир бўлиб.

-Аммо, жавоблари ҳар куни ўзгариши мумкин.

-…

-Саволни яна қайтарайми?

-Йўқ, шартмас. Биласизми, Мунира опа, ўзимни, – бироз ўйланиб қолди Нозима. Сўнг ўзи талаб қилиб хонасига ўрнаттирган катта кўзгуга қараб гапини давом эттирди – ўзимни худди оппоқ, ҳашамдор, этаклари жуда узун тўй куйлагида ботқоққа қулаган келиндек ҳис қиляпман. Аввалига куйлагинг учун ичинг ачийди, лой ўз домига тортавергач эса жонинг кўзингга ширин туйилиб уни унутасан. Севикли либосинг эса сени ботқоққа қўшилиб ер қаърига тортаверади, тортаверади…

-Бўлди, тушунарли. Иштаҳанг қандай? – гапини бўлди ҳамшира.

-Билмадим. Ҳеч нарса егим келмайди. Аммо, нима берсангиз шуни қолдирмай еяпман.

-Ҳожатга чиқяпсанми, яъни ич қотиши ё…

-Ҳаммаси жойида.

-Танангда яна бирор ўзгаришни сезяпсанми?

-Сезяпман. «Елканларим» кундан кун ўсиб боряпти.

-Нозима! – бироз овози кўтарилди ҳамширанинг. У Нозиманинг бундай гапларини ёқтирмас, инжиқликларини кўтаришга ҳаракат қилар, аммо баъзида ҳаддидан ошса, уни койиб ҳам турарди. Бу сафар индамади. Тўлдираётган дафтарига қараб давом этди.

-Бу бизга маълум. Яна бошқа бир ўзгаришни, масалан қизариш, шишлар, тошмалар…

-Яна бирон нима ўсиб чиқмаяптими деб сўрамоқчи бўлсангиз, ҳаммасига умумий жавобим – йўқ !

Мунира опа ортиқ Нозима билан одамга ўхшаб гаплашиб бўлмаслигини тушунди ва сўради:

-Сенга яна нима ёқмаяпти, қизим.

“Яна қизим дейсиз-а? Шу сўзингиз онамни соғинган юрагимга ханжардек ботишини билсангиз эди», хаёлидан ўтказди Нозима.

-Мана шу дафтарингиз, саволларингиз ғашимга тега бошлади, опа.

-Яхши. Унда дафтарни олиб қўяман. Сен эса нималар бўлаётганини тўғрисини айтасан, келишдикми? – муросага келишга уринди ҳамшира.

Менга нима бўлаётганини сизлар мендан кўра яхшироқ биласизлар. Ахир 24 соат назорат остидаман. Мени асабийлаштираётгани сизлар бераётган дориларингиз мени тузатмаяпти, аксинча баттар ўсиб боряпти булар, — Нозима кийимининг чап елкасини жаҳл билан тушириб ташлади. Унинг оппоқ нозик елкасига сочлари тўкилди. У орқасини ўгириб Мунира опага елкаларидек оқ, нозиккина қанотларини кўрсатди. Қанотлар кўкрак қафаси умиртқасининг тахминан бешинчисидан ўсиб чиққан бўлиб, уларни кесиб ташлаш Нозиманинг ҳаёти учун хавфли эди. Аммо у қанотларини ўзининг бир тана аъзосидек қабул қилолмаётганди. Гарчи улар иссиқ совуқни сезар, бегона қўл у ёқда турсин, ўзи беихтиёр тегиб кетса ҳам, дарров бутун аъзойи бадани бошқача жунжикиб кетарди. Ҳис қиларди, сезарди, аммо бошқа тана аъзолари каби қабул қилолмасди. Қанотларига худди бировнинг эрта-индин олиб кетадиган омонатидек, бу меники эмас дегандек қарарди. Шундай тонг отиб кун ботаётган, қанотлар ўса бошлаган, отасининг таъбири билан айтганда «касалликка чалинган»ининг ўн учинчи кунида уни шу ерга жойлаштиришди. Умуман, Нозимага қаерда эканлигини фарқи қолмаганди. Чунки ҳеч қаерга чиқмай, тўрт девор ичида яшаётган кунларида, бу деворлар уйиникими ё касалхонаникими- фарқи йўқ эди…

-Бу ерга келганимга бугун 28 кун тўлди. Шу ҳолга тушиб қолганимга эса 40 кун. Бу нима дегани биласизми, опа? Мен кун санаяпман. Мана шу палакат билан яшаётган, – қанотларига ишора қилди у – оиламдан узоқда, зерикарли кунларимни алам билан санаяпман. Тузалишга умид қилиб кун санаяпман!!! – асабийлашиб кетди Нозима ўзи хоҳламаган бир тарзда.

Мунира опа бироз наридаги стулни олиб Нозиманинг ётоғига яқинроқ сурди. Жойлашиб ўтириб олиб сўради:

-Ким сени касал деди? – сўради унинг аҳволига бепарво қараб.

-Кўрмаяпсизми ? Бу шундоқ кўз ўнгингизда турибди.

-Менга қара, қизим, исталган битта мен буткул соғломман дейдиган одамни олиб келиб тирноғидан сочини учигача текширсанг- энг камида иккита касалликни топасан. Энг камида! Сендан эса бир ойдан бери ҳар куни текшириб битта ҳам касаллик тополишмаяпти. Профессор ҳам бошқа шифокорлар ҳам ҳайрон. Сен мутлақо соғломсан.

-Ростми гапларингиз? – ҳайратланиб, аллақандай умидланиб сўради Нозима.

-Албатта.

-Бу нимадан далолат унда? – деди Нозима орқасига ишора қилиб.

-Қанотчаларингни айтяпсанми? – кулиб қўйди Мунира опа, эҳ сени қара-ю дегандек.

-Қизалоғим, одамларга ўхшамаслик, ҳаммадан бошқача бўлиш касалсан дегани эмас. Бошқалардан фарқ қилиш, йўлини топсанг устунлик ҳам бўлиши мумкин.

-Нимани назарда тутяпсиз?

-Бу чиройинг, келишган қоматинг ва энг асосийси инсоният тарихида ҳали кўз кўриб қулоқ эшитмаган мана бу ҳақиқий қанотларинг билан (гарчи улар ҳеч бир иш бажамасада) бутун дунёни забт этишинг мумкин. Пулнинг ўзи дарё- дарё бўлиб сенинг ёнингга оқиб кела бошлайди. Сен эса унда қанотларингни ростдан ҳам елкан қилиб сузиб юришинг мумкин ва яна…

-Менга бу нарсалар керак бўлмаса-чи? – деб ҳамширанинг тўлиб- тошиб айтаётган гапларини бўлди Нозима.

-Ҳозир дунё эътибор марказида бўлишни истайдиганларга тўлиб тошган. Улар бунинг учун шунчалик аҳмоқона телбаликлар қилишяптики, кўриб беихтиёр, астағфириллоҳ дейсан.

-Муҳими Оллоҳнинг назаридан қолмаслик, бандасиники ўткинчи.

-Албатта, қизим шундай.

-Опа, мен нима гуноҳ қилдимки, Худойим мени бундай жазолади? Охирги пайтлар ота-онамни кўп ранжитдим шунгамикин-а? Кўп ёлғон гапирардим, бошқаларга қўшилиб ғийбат ҳам қилардим, дилозор эдим, кўча- кўйларда тиланиб юрувчи бева- бечораларга раҳмим келмасди, аксинча жирканардим, на инсониятга, на ҳайвонотга сира фойдам тегмаган. Балки, шунга мен жазолангандирман? – жавдираган кўзларини Мунира опага тикиб, аллақандай ўкинч билан гапирди Нозима.

-Қўй қизим, ундай дема. Ҳаммамиз ҳам шундаймиз. Санасам, айтсам ҳозир қилаётган ҳар бир ишимиз гуноҳ, юрган йўлимиз гуноҳ. Сен бундай беъмани нарсаларни ўйлаб бошингни қотирма. Бўлаётган ҳар битта иш беҳикмат эмас. Мана сен ҳеч кимга фойдам тегмаган дейсан, ахир, сен сабаб нечта профессор-шифокорлар илмий иш бошлаб оламшумул янгилик қилиш арафасида туришибди. Улар сен сабаб бутун дунёга машхур бўлишади, ахир. Сен – Одам эволюциясида янги босқични бошлаб бераётган бўлишинг мумкин. Буни нима эканлигини тасаввур қиляпсанми?

-Шошманг, шошманг! Қанақа илмий иш, қанақа оламшумул янгилик? Ахир улар дадамга мени бу аҳволим ҳақида ҳеч кимга айтмасликка ваъда беришган эди- ку, — ҳайрон-у лол бўлиб қолди у.

Мунира опа суҳбат қизиб кетганидан айтиши мумкин бўлмаган гаплар оғзидан чиқиб кетгани учун лабини тишлаб қолди.

-Демак, мен соғлом бўлсам, улар мени… шунча кундан бери фанга ҳали номаълум бўлган бу тезўсар қанотчалардан даволаяпмиз деб алдаб, илмий иши учун тажриба қуёнчасидек қамаб ўтиришган экан- да? – кўзларидан ўт чақнаб Мунира опага тикилди Нозима.

-Йўқ, йўқ қизим, ундай эмас. Сен нотўғри тушундинг.

“Йўқ, энди ҳаммасини тушундим, ҳаммангизни энди тушундим. Мени бу ерда бутун дунёдан узиб, ота-онам билан ҳам учраштирмай маҳбусдек тутиб туришнинг боиси – мени биринчи бўлиб кашф қилиш экан. Аниқроғи эса на одам, на қуш бўлган аросатдаги мавжудотни оламга “Одам эволуциясининг янги босқичини бошлаб беряпти” деб жар солиб ўзига обрў, менга эса машхурлик деб атаётганлари – шармандалик келтиришмоқчи! Сиз айтган “машхурлик” менга керакмаслигини кошки тушуна олсангизлар эди. Мен эл қатори яшашни истайман. Биров билиб, билмай, биров таниб, танимай. Тушунасизми шуни, оддий одамдек яшашни истайман!» Мунира опа жон куйдириб нималарнидир тушунтиришга уринар, Нозиманинг қулоқлари ортиқ ҳеч нарсани эшитмаётганди. Тўғрироғи, ортиқ ёлғонларни тинглашни истамасди. Мунира опа Нозиманинг индамай қолганини ўзича тушуниб, ҳар кунги дориларини берди. Нозима ҳеч бир қаршиликсиз уларни ичди. Бундан ҳамширанинг кўнгли жойига тушиб, хавотирларини ўринсиз деб топиб хонадан чиқиб кетди. Нозима анчагача бундан кейин нима қилишни ўйлаб боши қотиб ўтирди. Деразанинг мовий пардалари енгил шамолда ўйнар, нимаси биландир у Нозимани ўзига тортарди. У дераза ёнига яқинлашди. Пардаларнинг шамолдаги “рақсига” кўзларини юмиб юзини тутиб берди. Ташқаридан у жуда хотиржам кўринса-да, қимтилган лабидан, юмуқ кўзларининг пир-пир учишидан, чуқур-чуқур нафас олишидан унинг ичида бўрон қутираётганини сезиш мумкин эди. Бироз шу ҳолича тургач у деразани ёпиб қўйиб ўз “қафас”ига яна бир бор кўз югуртирди. Ҳамма нарса медага тегмайдиган мовий рангда! “Жин урсин бу рангни – биринчи марта ўзининг севимли рангига нисбатан нафрат билан қаради у – шу пайтгача ёлғонни севиб, ардоқлаб келган эканман-ку. Сувни мовий рангда ифодалайсан. Қўлингга олиб қарасанг унда бу рангдан асар ҳам йўқ бўлади. Осмонни мовий дейсан, У шунчаки, рангсиз. Олис йўқликлар кўзингга шундай кўринади. Мовий тоғлар ҳам йўқ аслида, ҳаммаси ёлғон, сохта, алдамчи! Мен шу хонада, шу пайтгача ёлғон ичида яшаб келган эканман.

Нозима аламли ўйлар исканжасида деразани қайта очди. Аввалда хонаси учун зеб деб билгани, айни пайтда кўзига балодек кўринаётган, “мусаффо осмон имиджига” ҳеч қачон ёпишмаган кўзгуни бор кучи билан кўтарди-да, деразадан пастга ташлаб юборди. Еттинчи қаватга унинг қарсиллаб ерга тушгани эшитилди. Бироздан сўнг унинг хонаси нима бўлаётганини тушунолмай қўрқиб кетган “меҳрибонлари” билан тўлди.

Нозима минган, деразалари қорайтирилган машина ўз уйининг олдига келиб тўхтаганда вақт тушликка яқин эди. У қафасдан қутилаётган қушдек машинадан тушишга шошилаётган бир пайтда минг бир вазифа олган Мунира опа, уни тўхтатди ва Нозимани даволаётган, айни пайтда эса унинг устида илмий иш олиб бораётган профессорнинг гапларини яна бир бор эслатмоқчи бўлди.

-Мунира опа, ҳаммаси эсимда. Ақлли қиз бўлиб уйдан чиқмасликка ваъда бераман, — деди у қатъий ишонч билан.

Бир неча соат олдин содир бўлган ўша кўзгунинг синиш воқеасидан сўнг унинг руҳий аҳволини яхши эмас деб топган шифокорлар бир кечага уйига боришига рухсат беришди. Бундан асосий кўзланган мақсад эса Нозиманинг кўнглида туғилган шубҳаларни йўққа чиқариш ва содир бўлиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш эди. Нозима кўчада одам йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, ёпинчиғини устига ташлаб уйига кириб келди. Уларнинг дарвозаси доимгидек қулфланмаган, дадаси ишда, уйда эса онасидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Бу кутилмаган ташрифдан Шарофат опа жуда хурсанд бўлди, худди узоқ кутган азиз меҳмони келгандек ўтқазгани жой тополмай қолди. Қизи учун тикиб қўйган янги куйлагини олиб кўз-кўзлади. Нозима аввалгидек кийим-кечакка ўч эмас эди, у онасининг истаги учунгина кўйлакни эгнига кийиб чиқди. Шарофат опа тикувчи бўлиб кўпчиликка турли хилдаги кийимлар тиккан, қизи учун ҳам шу жумладан. Аммо, биринчи марта ҳозир Нозиманинг эгнидагидек этак ва енглари узун, орқа елкаси йўқ куйлак тикиши эди. Бу кўйлак Нозиманинг ҳозирги ҳолатига мос ва унга жуда ҳам ярашганди. У шу туришида

эртаклардаги фаришталарни эслатарди. Нозима кўнгли алланечук бўлиб, ўзини онасининг бағрига отди. Бир сўзсиз, кўз ёшлари билан миннатдорчилик билдирди…


Баъзан қилаётган ишингни охири кўнгилсизлик билан тугашини олдиндан сезиб турсанг-да, ўша ишни катта таваккал билан қиласан. Азбаройи қизиқувчанлигингдан эмас, нотинч ўйлар ичидаги аросатдан қутилиш учун шундай қиласан. Нозима ҳам бироз кеч тушишини кутиб сўнг қалб амри билан уйдан чиқди. Анчадан бери келмаган жойи – боққа кириб келди. Ўзига яхши таниш ва қадрли бўлган кекса оқ тераклар остидаги ўтирғичда нотинч ўйларининг сабабчиси- Асқар уни бесабрлик билан кутиб ўтирарди. Нозима уни узоқдан кўриб таниди, юраги қаттиқ-қаттиқ ура бошлади. У ёғига боришни ҳам, бормасликни ҳам билмай тўхтади. “Мени кўриб қай аҳволга тушади. Қандай қабул қилади. Қани унга қўнғироқ қилганимдаги жасоратим, у бирдан қаерга йўқолди?!» деб хаёлидан ўтказди у. Нозима ортга қайтмоқчи ҳам бўлди, аммо кечикканди. Асқар уни узоқдан, ёпинғичи- ю, ёқа қалпоқ кийганига қарамасдан таниб қолди. Ва илдам юриб унга яқинлашиб кела бошлади. Нозима шошиб қолди. Юраги баттар безовта ура бошлади. Миясида эса фақат биргина савол чарх уриб айланарди: Мени кўриб қай аҳволга тушади. Ўз тахминидан ўзи қўрқиб кетарди шуни ўйласа.

-Нозима! – ўша соғиниб кетгани, ёқимли, эҳтиросли овоз эшитилди унинг қулоғига.

-Асқар, – жилмайишга уриниб кўрди Нозима ҳам.

-Қаерларга кетдинг, Нозима. Шунчалик ҳам бемеҳр бўладими одам, – деди Асқар унга яқинлашаркан.

-Тўхтанг, — қатъий гапирди Нозима. – Менга… яқин келманг.

-Нима бўлди ўзи, тинчликми? Менга ҳам тушунтириб берасанми? – ҳайрон бўлганча турган жойида қолди Асқар.

-Ҳа, тушунтираман. Мен… касал бўлиб қолдим!

-Буни эшитдим. Сени чет элга кетиб даволаняпти дейишди. Уйингга неча марта бориб бир сўз айтолмай ортимга қайтдим. Телефон қилавериб чарчадим. Сендан қанчалар хавотир олганимни биласанми?

-Ҳар қанча гина қилишга ҳаққингиз бор, — кўзларини ерга қадаб гапирди у.

-Наҳот, бир оғиз телефон қилиш, “Яхшиман” деб қўйишнинг иложи бўлмаган бўлса? – куюниб гапирарди Асқар.

-Мендан хавотир олдингизми? – деди Нозима кўзларини ердан узиб Асқарга меҳр билан тикиларкан.

-Хавотир олиш ҳам гапми? Ақлдан озишимга сал қолди.

-Асқар, эсингиздами, бир пайтлар менга “Сен қўлларимдан тутсанг бас, мен уларни ҳар қандай вазиятда ҳам қўйиб юбормайман», дегандингиз.

-Дегандим, Нозима, дегандим. Сен билан бирга ўсиб, бирга катта бўлдик. Ҳаётимизнинг қолган қисмини ҳам бирга ўтказишга ваъдалашганмиз. Ҳар не бўлса ҳам мен сендан воз кечмайман, Нозижон. У қандай касаллик бўлса ҳам бирга енгамиз, ишон,- Асқар бу гапларни чин дилдан, бир-бир қадам босиб яқинлашиб келиб айтди. Ва секингина Нозиманинг титроқ қўлларини кафтига олди. Унинг гаплари самимий эканлигини сезиб турган Нозима қўлларини тортиб олмади, аксинча, унинг қўлларини маҳкаб тутди ва … ёпинғичини ечиб юборди. Атрофга кеч тушган, боғнинг хира, кўкиш чироқлари Нозиманинг ортидан нур сочиб турарди. Шунинг учун Асқар дастлаб ҳеч нимани пайқамади. Аммо кейин ерга тушган қора ёпинғич устига нимадир тушиб турганини, ва у секин-секин ҳаракатланаётганини кўрди. Нозима Асқарнинг юз ифодасига кўз узмай қараб турди ва боядан бери яширишга уринаётган қанотларини қоқди. Асқар ҳайратда эди. У кўриб турган кўзларига ишонмаётганди.

-Асқар, бу мен сизга айтолмаган “касаллигим”, – деди у чуқур қайғу билан.

Асқар беихтиёр қўлларини куч билан тортиб олди. У бу иши билан шундай бўлиши мумкинлигини кутган, аммо айни пайтда кутмаган Нозимани силтаб юборганди.

-Бууу бббўлиши мумкинмас. Ҳазиллашяпсан-а мен билан Нозима? – деди овози қалтираб Асқар. Унинг ҳаракатлари Нозиманинг кўнглини чилпарчин қилди. Жавоб кутиб турган Асқарга “Йўқ” дегандек бош чайқади ва қанотларини борича ёзди. Асқар тирик мурдани кўргандек орқага тисарилди. Орқасига ишончсиз, пайдар- пай қадам босиб Нозимадан узоқлашди.

-Бўлиши мумкин эмас, — дерди у ҳайрат-у қўрқувини ифодалашга бошқа сўз тополмасдан.

Шундай туйғулар бўлади, сўзлар ифодалашга ожиз. Ёки инсон туйғулари залворидан уни тилига чиқаришга иродаси етмай қолади. Булар – севги, нафрат ва ёки соғинч бўлиши мумкиндир, эҳтимол. Асқар ҳам айни дамда ҳис қилаётганларини тилига чиқаролмаётган бўлса- да, у ҳаммаси ҳақида ўйларди. Шунинг ўзи Нозима учун етарли бўлди. Нозима аввалдан кўп изоҳларни дилига тугиб келган, аммо Асқарнинг кўзларида кўрган совуқ ифода ва хаёлидан ўтказганларидан сўнг тилини тишлади. Сўнгра у иззат-нафси каби ер бўлган ёпинчиғини тезда олиб, ўзига қўрқув, ачиниш ва ҳатто жирканиш билан қараётган йигитдан узоқлашиб қоронғуликда кўздан йўқолди. Асқар гўё сеҳрлангандек турган жойида қотиб тураверди. Фақат, Нозима узоқлашиб кетганидан сўнггина ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмайдиган, ожиз товушда “Нозимааа” деб чақирди. Оқшом чўккан кўчаларни чироқлар ёритиб турар, Нозима тез-тез қадам босиб қаергадир кетиб борарди-ю, қаергалигини ўз ҳам билмасди. “Эҳҳ, нимага ҳам келдим, нимага тинчгина шифохонамда қолавермадим. Энди кўнглинг таскин топдими? Асқарнинг юрагини ёриб, ўз- ўзингни шарманда қилиб нимага эришдинг, Нозима? Нимага, нимага?! – Нозиманинг ичи ўт бўлиб ёнар, дарди- дунёси қоп- қора эди унинг. Асқар шу бугунги кунгача ҳаётининг ажралмас бир бўлаги эди. Усиз келажагини, ҳаётини тасаввур қилолмасди. Энди уни бир умрга йўқотди. Ҳа, энди у йўқ эди Нозима учун. Эртага у излаб келса ҳам, ҳеч нимага қарамай ҳаммаси аввалгидек қолишини айтса ҳам Нозима уни қабул қилолмасди. Чунки у буни ўзи истаб эмас, Нозимага ачинганидан қиларди. Нозима учун эса бундан ортиқ хўрлик йўқ эди. Бу таниш кўчалар уни ўз уйига олиб келганида дарвоза қаршисида бироз тўхтади. Кўз ёшларини тийиб туролмагани учун уйга киришга шошилмади. Аммо ичкаридан отасининг қаттиқ-қаттиқ овози эшитилгач, хавотир олиб уйга кирди.

-Калта ўйлайсан- да доим. Мен нега ўша шифохонага уни жойлаштириб келдим-а? Саволимга жавоб бер- чи? – отаси одатда секин, вазмин гапирарди. Айни пайтда эса жуда жаҳли чиқиб кетган, бундай пайтларда онаси ким ҳақлигидан қатъий назар жим турарди. Нозима секин келиб айвон деразаларидан ичкарига қаради. У отасини жуда соғинган, айни пайтда бориб қучоқлаб кўришгиси келди, аммо, ундай қилолмади.

-Ўша ерда қолиб даволанса тезроқ тузалади дедим. Одамлар кўзидан, ортиқча гап- сўзлардан нарироқ бўлсин дедим. Сен нимани ўйлайсан ўзи? Хўп, соғиниб келибди, нега кўчага чиқарвординг. Кимдир кўриб, таниб қолса нима бўлади. Кимсан палончиевични қизи шунақа бўлиб қолибди деб гап тарқасинми энди?

Нозиманинг нафаси бўғзига тиқилди. Боши айланиб, оёқларидан мадор кетиб деворга суянди.

-Нега унақа ёмон ният қиласиз? Ахир, қачондан бери бир хонадан ташқари чиқмайди. Бироз тоза ҳавода айланиб келса, буни нимаси ёмон? – синиқ овози эшитилди онасининг.

-Ёмон! – қатъий жавоб қайтарди отаси – жуда ҳам ёмон. Нозима энди аввалгидек эмас. У энди аввалгидек одамлар орасида бемалол юролмайди, бемалол яшолмайди, ҳатто биз билан ҳам. Сен онасисан, буни кўнглига тегмайдиган қилиб тушунтиришинг керак эди.

Нозима ортиқ отасининг гапларини эшитишга кучи етмади. Қандай билдирмасдан кириб келган бўлса шундай чиқиб кетди. У ортиқча тушунтиришларсиз ҳаммасини тушунган эди. У яна таниш кўчаларидан юриб кетаверди…

Нозима кўп қаватли уйлардан бирининг томида, пастга қарасанг кўз тинадиган даражадаги баландликдан ерга тикилганча хомуш турарди. У авваллари баландликдан жуда қўрқарди. Энди эса бу қўрқувдан ҳам кучлиларини бошидан кечиргач, у арзимасдек бўлиб қолгани учунми ё еттинчи қаватдан ерга тикилавериб- тикилавериб кўникиб кетгани учунми, ҳар холда қўрқувдан асар ҳам қолмаганди. Нозима анчадан бери бир жойдан кўз узмай қараб турар, бу жой тахминан агар ўзини шу ердан ташласа бориб тушиши керак бўлган асфалт йўлакча эди. У кўп ўйлаб шундай қарорга келган, аммо бундан заррача қўрқмаётганди. Унинг ҳозирги ҳолати дунёдан юз бурган одамнинг ички хотиржамликни топгандаги ҳолатига ўхшарди. Вақт ярим тундан оғиб, Ой тиккага келиб қотиб қолганди. Шу пайт тунги шамол Нозиманинг юзига келиб урила бошлади. У чарчаган кўзларини юмиб ўзини шамолга топширди. Атроф дунёни унутиб, икки қўлини кенг ёзди. Шу туришда узоқ туриб қолди. Шунда, шамол, тоза ҳаво, осмон-у ундаги жимир- жимир юлдузларни ҳис қила бошлади. Ўзини уларнинг бир парчасидек, улар билан бир бутундек ҳис этди. Шунда, бутун танаси енгиллашганини, аллақандай бир ёқимли туйғу илиқ қондек вужуди бўйлаб айланаётганини сезди. Қанотлари эса янада ўсиб, ўз- ўзидан пастга тушди. Унинг нозик учи ерга тегай- тегай деб турар, кўринишидан доирага қопланган терини эслатувчи, аммо ундан оқ ва шаффоф, том маънодаги афсоналардаги фаришталарни эслатувчи қанотлари биланар-билинмас силкинар, чамаси… учишга шайланарди. Нозима эса буни сезмас, бир маромда нафас оларди. Ўзини одамлар орасига бегона, аслида эса табиатнинг бир парчасидек ҳис этди. Илк бор ўз- ўзини борича қабул этди ва қанот қоқди. Унинг шу туришини кузатишга мушарраф бўлган одам гўзалликдан, табиат мўжизасидан кўз узолмай қоларди. Нозима худди қанот қоқишни олдиндан билгандек кўринарди. У бир меъёрда шошмасдан ниҳоятда бир нафислик билан қанот қоқар, у бағоятда гўзал эди, ўзи эса буни тасаввур ҳам этолмасди. Аввалда Нозиманинг оёқлари ердан оҳиста кўтарилди кейин кимдир тутиб қолишини астойдил истаб ўзини пастга ташлади. Аммо у пастга қулаш ўрнига ҳавода муаллақ қолди.

Ердаги қирқ биринчи кун якунига етай деганда, у вақт ўлчови аҳамиятсиз бўлган самолар сари парвоз қиларди.


Моҳира Эшпўлатова




Report Page