Мустақиллигимизнинг 31 ёши муборак бўлсин!

Мустақиллигимизнинг 31 ёши муборак бўлсин!

Дилшод Абдумаликов

 Бугун юртимизда улуғ байрам нафаси уфурмоқда: эркинлигимизни таъминлаган мустақилликка эришилган кун катта тантана сифатида нишонланяпти. Жонажон Ватанимиз истиқлолининг ўттиз бир йиллик тўйи юртдошларимиз томонидан бу йил ҳар доимгидан-да катта иштиёқ ҳамда юқори кайфиятда кутиб олинмоқда.

Шу фурсатдан фойдаланиб, энг азиз ва муқаддас байрамимиз – Республикамиз Мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан барча юртдошларимизни Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмаси жамоаси ҳамда аъзолари номидан самимий қутлаймиз:

Баҳодир Умиршайхов, Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмаси раиси:

- Таъкидлаш жоизки, давлатимиз мустақиллигининг ўтаётган 31 йили халқимиз ҳаётидан кенг кўламли ислоҳотлар, улкан янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилган давр сифатида ўрин олмоқда. Барча соҳаларда бўлгани каби, озиқ-овқат саноати йўналишида ҳам давлатимиз раҳбарияти томонидан илгари сурилаётган янги ташаббуслар, мамлакатимиз тадбиркорларига яратилаётган имкониятлар ишбилармон доира вакилларини янада кучли бел боғлаб, соҳани ривожлантириш учун ҳаракат қилишга ундамоқда.

Аниқ фактлар билан фикрларимизни баён этадиган бўлсак, ўтган давр мобайнида божхона тартибларини либераллаштириш туфайли экспорт ҳажми 15,1 миллиард долларни ташкил қилиб, 2016-йилга нисбатан 25 фоизга ўсди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасининг турли халқаро рейтингларда тан олиниши давлатимиз учун халқаро молия бозорларига чиқиш имкониятини яратди. Сармоядорларнинг миллий иқтисодиётимизга бўлган ишончи ошди, киритиладиган инвестициялар миқдори кўпайди.

Солиқ соҳасида янги тизим жорий этилиб, уларнинг сони сезиларли даражада камайтирилгани тадбиркорлар учун кўплаб енгилликларни яратди.

Ўтган йиллар давомида лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди ҳамда уларни бериш муддатлари қисқартирилди. Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида барча текширувлар учун мораторий эълон қилинди.

Бизнес соҳасида фаолият юритувчиларга берилаётган имтиёзлар туфайли мамлакатимиз иқтисодиётида сезиларли даражада ўсишлар кузатилди. Буларнинг барчаси туб замирида, албатта, мустақиллигимиз туради. Бизга шундай имкониятларнинг яратилишига имкон бераётган эркин ва ҳур мамлакатимизнинг истиқлоли абадий бўлсин! Юртимиз тадбиркорларининг ишлари янада ривожланиб, иқтисодий ўсишларимиз бардавом бўлишига тилакдошмиз! Барчага байрам муборак!

 

Абдусамад Абдуғаниев, “Sladus Produce” МЧЖ Бош директори:

-      Ўтган давр мобайнида юртимизда кичик ва хусусий бизнес субъектлари икки баробардан зиёдроққа кўпайиб, соҳада янги иш ўринлари яратилди. Бу нимадан дарак? Албатта, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун етарли даражада шарт-шароитлар яратилганининг нишонасидир, десак адашмаймиз!

Бу каби имкониятлардан компаниямиз ҳам самарали фойдаланиб, бугунги кунда давлатимиз ҳудудлари ҳамда қўшни давлатларга 20 дан ортиқ турдаги қандолатчилик маҳсулотларини етказиб бермоқдамиз. Ҳозирги кунда давлатимиз бўйлаб 15 мингдан ортиқ дўконларимиз мавжуд бўлса, кейинги йилларда тармоқни янада кенгайтириш ва маҳсулотларимиз тури ҳамда сифатини ошириш, хорижга ҳам ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни экспорт қилиш учун ҳаракат қилмоқдамиз.

Барчамиз яхши англаганимиздек, фаолиятимизда эришилаётган натижаларда мустақиллигимиз, эркинлигимизнинг ўрни катта! Ҳурлигимиз абадий бўлсин, юртдошларимиз хонадонидан файз-у барака ҳеч қачон аримасин!

 

Равшан Дадабоев, "Tanho Holding" МЧЖ Бош директори:

- Мамлакатимиз тадбиркорлари ҳозирда юқори қўшимча қийматга эга озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни кўпайтиришга интилмоқда. Юртимизда озиқ-овқат маҳсулотлари ва уларни қайта ишлаш саноатини ривожлантириш учун катта имкониятлар берилмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари ўртасида самарали ҳамкорлик қилиш учун шарт-шароитлар яратилди, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш саноатини ривожлантириш стратегиялари ишлаб чиқилди. Шунингдек, зарур савдо-логистика марказларини қуришга кўмаклашиш, озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини рағбатлантириш ишлари олиб борилди.

Ҳукуматимиз томонидан илагри сурилган бу каби ташаббуслардан биз тадбиркорлар ҳам унумли фойдаланиб, халқаро кўргазмаларда иштирок этдик, хорижий катта компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатдик. Ҳозирда ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз экспортини ошириш устида ишламоқдамиз.

Эришаётган натижаларимиз, шубҳасиз, мустақиллигимизнинг мевасидир. Байрам арафасида компаниямиз номидан барча юртдошларимизни улуғ байрамимиз билан қутлаб, фаравон ҳаётимизнинг бардавом бўлишини тилаймиз!

 

Азиз юртдошлар, мустақиллигимизнинг 31 ёши яна бир бор ҳаммамизга муборак бўлсин! Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий фаровонлик, ишларингизда омад ҳамда муваффақиятлар тилаймиз!

Гўзал ва бетакрор юртимиз ҳамиша фаровон бўлсин! Яратганнинг ўзи барчамизни паноҳида асрасин! Ишларимиз унумли, даромадимиз барокатли келсин! Хирмонларимиз доимо буғдойга тўлиб турсин!

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

 

Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмаси матбуот хизмати 


Report Page