3...

3...

Furkat Kurbanov

Мен талаба бўлган давр, университетимизни янги очилган йилларига тўғри келган.

Ўша пайтда Республикада энг нуфузли дорилфунун мақомида бўлгани учун, жамиятни аксар “қаймоқлари” сирасига кирадиган зодагон оила вакил ва вакилалари шу ерда ўқишардилар.


Тўғри, олган билими бетон каби шаклланган, билмаган нарсасини ўзи йўқ “билим монстрлари” ёки ёшлигидан ота-оналарини қаттиқ назоратлари остида мактабда зўр ўқиганлар ҳам ўша пайт талаба бўлишгандилар.


Яна, вилоятлардан зўр ўқутувчи-устозлар қўлида илм олиш бахтига сазовор бўлган йигит-қизлар ҳам бўлган...ва камина каби таваккал “калла ташлаб” ўқишга кириб қолганлар ҳам бор эди.


Сезганингиздек, ўша пайт университетга энг кўзга кўринган устозлар, “ас” мақомидаги лекторлар, ўз йўналишлари бўйича нафақат назарий, балким практик билимга ҳам эга бўлган вазирликлардан келиб лекция ўқиб кетадиган мутаҳасисслар жамланишганди.


Талабалар сони кўп бўлмагани учун, деярли ҳамма бир-бирларини танишарди.


Ўша даврларда бизни группага “Конфликтология” фанидан Ташқи ишлар вазирлигини энг мияли бошқармаларидан бирида ишлайдиган, ўрта ёш, ҳали уйланмаган, кўриниши Дензел Вашингтонни ёшлик даврини эслатадиган Боходир ака Сиддиқов деган инсон дарс ўтарди.


Фанни номи қандай қизиқ фан эканлиги маълум бўлсада, ҳар бир фан қизиқ ўтилади дегани эмасди.


Худди, жой инсонни эмас, аксинча инсон ўз жойини гўзал қила олганидек, фанларни ҳам безай оладиган лекторлар бор эди. Боходир ака шундай лектор эди.


Берган саволингиз, овоз тембрингиз, нигоҳларингиз, тана ҳатти-ҳаракатингизга сездирмай нигоҳ ташлаб, ичингизни ўқиб, асл юзингизни кўра оларди.


Араб, немис, инглиз тилини деярли мукаммал билган, Ислом дини ва бошқа динларни чуқур тушунган, практик психология, формал мантиқ, политология фанларини сув қилиб ичиб юборган ноёб мутаҳассис эди.


Унинг дарсларида инсонни нима учун сўкинишини тарихи, эркак ва аёл муносабатларини асл негизи, ҳақиқий эркак ва аёлни асл физилатларию, яҳудий маркетантларни дунёни қандай эгаллаб олганликлари ҳақида асосли қизиқ мавзулар бўларди.


Кўп фанларни ўрта баҳоларда ёпардим, лекин Боҳодир акани фанини 3 га ёпганман...


Сабаби, таёрланмай, ақл билан олиб қочиб, 4 олишимга ишонгандим. Лекин, ундай бўлиб чиқмаган.


5 та саволдан 3 тасига жавоб берганман ва Боходир ака “Фурқат, сендан камида аъло баҳо кутгандим. Сенга 2 та савол бериб баҳонгни қўйиб бераман, ҳатто журналга қалам билан 5 қўйиб қўйгандим. Афсус...


....лекин сенга фанларимни қолдирмай, фанларга жуда яқин алоқаси бўлмасада, бошқа йўналишлардаги мавзуларга бўлган қизиқишингни инобатга олиб (ўша интернет йўқ даврларда кўп ноёб китобларини ўқиб туришга илтимос қилиб олардим) минус 4 қўйишга ҳам розиман” деганди.


“Борини қўйинг Боҳодир ака...ва сиздан узр сўрайман, ишончингизни оқламаганим учун” деган гапни, қалбимда қон ёшлари оқиб айтганман...


Кўп қизиқ воқеа ва нарсаларни эслайман, лекин ўша 3...барибир нимагадир оғриқли ва қадрли менга...


Лекин, Боҳодир акадан ҳаётда керак бўлган, қийин вазиятларда асқотган ва ҳозиргача ёрдам берадиган ўгитларни ўрганганман.


Бу билан нима демоқчиман?!


Ҳар жойда, ҳар ерда, ҳар қандай ишда ўз ишини мутахассислари ишлашса, ҳатто 3 баҳо олсангиз ҳам, камида бир умрлик керакли ва зарур ўгитларни қалбингизга муҳрлаб қўясиз.


Камида, сизни ҳам мутуҳассис сифатида асл мутаҳасисслар томонидан эътироф қилинадиган мақомга эриша оласиз.


Сабаби, 3 баҳога ўқиган, қониқарсиз шогирд бўлган бўлсангиз ҳам, асл мактаб наъмуналарини кўрганингиз, нима аслида нима ва ким аслида кимлиги ажратиб олишингизга туртки бўлади...


Ҳозирда эса...чиройли СЎЗлар билан, катта иш қилинганини кўрсатиш мумкин...


Жадал ҳаракатлар имитацияси ёрдамида заҳматкаш бўлиб кўриниш мумкин...


Юқори поғонадигаларга ёқадиган муомила ва ғамҳўрлик билан, етук мутаҳасиссга айланиш мумкин...


Афсус...


Аслида эса...булар қуруқ гаплар ва чала ишлар...


Бир жойда флюгер каби айланиб туриш ва одимлашдан йироқ ҳаракатлар...


Кўзбўямачилик ва бефарқлик....


Боҳодир ака, катта раҳмат устоз!


Сизни неча йиллардан бери эслайман, излайман...


p.s.

Боҳодир акани Германияга кўчиб кетган деб эшитган эдим...


Балким, насиб қилар яна кўришиш.

Кўзларим билан кўрмаган бўлсам ҳам, Ерни юмалоқ дейишади...


Report Page