Фармон лойиҳасида мактаб бошқарувчисига алоҳида эътибор берилган

Фармон лойиҳасида мактаб бошқарувчисига алоҳида эътибор берилган


Ҳар бир давлатнинг маълум бир тараққиёт босиқичида мутлақо янги даврни бошлаш учун аввало янги ғоя ташланади, хабарларингиз бор Муҳтарам Президентимиз “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан шу йил 30 сентябр куни бўлиб ўтган тантанали йиғилишда “III Ренессанс” ёки “Янги уйғониш даври”ни бошлаш кераклигини қайд этдилар ва бунинг асоси ёки ватанимиз тараққиётининг ўсиш нуқтаси фақат ва фақат таълим-тарбия деб белгилаб бердилар.

Шу маънода бугун муҳокамага Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Фармони лойиҳаси қўйилган.       

Фармон жуда кенг қамровли бўлиб таълимнинг тўртта буғинини, мактабгача таълим, умумтаълим, профессионал таълим ва Олий таълимни такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, 35 банддан иборат.

Фармон лойиҳасида халқ таълими яъни умумтаълим мактабларида таълим-тарбияни ташкил қилиш мутлақо янги методологияни, дарсликларни янги авлодини яратишга қаратилган муҳим ҳуқуқий асосослар очиб берилган.

Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган: “Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади” ва “Ўзбекистон шароитида энг ҳурматли инсон муаллимдир” деган ғояларини амалга ошириш йуллари аниқ, равшан қўйилган.

Фармон лойиҳаси марказида ўқитувчи турибди, ўқитувчи жамиятни янгилашда етакчи куч эканлигини таъминлаш зарурати қайд этилади.

Бу қуйидагилар билан фармонда ўз аксини топган:

-     2021 йил 1 мартга қадар миллий ўқув дастури яратилади;

-     2021 йил 1 майга кадар «Узлуксиз касбий таълим махсус электрон платформаси ишга тушурилади»;

-      Педагог ходимларга малака тоифаларни бериш, талабгорларни аттестациядан ўтказиш соддалаштирилади бунда навбатдаги аттестациядан ўтказиш учун йиғим ундирилмайди;

-         Ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларда ғолиб бўлган ўқитувчиларга тўғридан тўғри Олий тоифа берилади;

-    Синф раҳбарларнинг ойлиги 2020 йил 1 ноябрдан 1,5 бараварга оширилади;

-         2024-2025 ўқув йилига қадар фаолияти давомида юқори натижаларга эришган педагогларни ойлик маоши меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 баробаригача ошириб борилади ва 1000 долларга етказилади.

- 2021 йил 1 январга қадар “Педагог ходимларнинг мақоми тўғрисидаги” қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Фармон лойиҳасида мактаб бошқарувчисига алоҳида эътибор берилган. Директорлар фаолиятига баҳо беришда асосий кўрсаткич, мактаб битирувчиларини ўқишга ёки ишга жойлаштириш қаттиқ белгиланган, бу табиий, чунки 11 йиллик таълимнинг якуний натижаси ҳар томонлама баркамол, ўз дунё қарашига эга битирувчидир.

Шу йўналишда натижага эришган мактаб раҳбарлари катта  миқдорда моддий рағбатлантирилади.        

Хусусан, битирувчилари 95 ва ундан юқори фоизи олий таълим ва профессионал таълимга кирган ёки ишга жойлашган мактаб директори, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам микдорининг 12 баробари, ўқув ишлари бўйича ўринбосари 6 барабарига, 90 ва 94 фоиз олий таълим ва профессионал таълимга кирган ёки ишга жойлашган мактаб директори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 9 баробари, ўқув ишлари бўйича ўринбосари 4,5 баробарида, 85 ва 89 фоиз олий таълим ва профессионал таълимга кирган ёки ишга жойлашган мактаб директори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам микдорининг 6 баробари, ўқув ишлари бўйича ўринбосари 3 баробари миқдорида рағбатлантирилади.        

Директорларни тайинлаш тартибида ҳам мутлақо янги ўзгариш қилинмоқда. 2021 йил 1 январдан бошлаб директорларни тайинлаш уларга интизомий жазо бериш ва лавозимидан озод қилишда Халқ таълими бошқармалари бошлиқлари халқ депутатлари туман (шахар) кенгашлари билан келишиш тартиби жорий қилинади.  

Бунинг учун сессияга учта номзод тавсия қилинади, номзодлар уч йиллик дастурларини депутатларга тақдимот қиладилар, сессияда энг яхши дастур эгасини лавозимга тайинлаш учун халқ таълими бошқармасига тавсия берилади.

Йил якунида барча директорлар ўз фаолиятлари юзасидан сессияда ҳисобот бериб борадилар.

Халқ таълимининг туман (шахар) вилоят раҳбарлари бир вақтни  ўзида тегишлича ҳокимларнинг таълим ва тарбия масаласи бўйича маслаҳатчилари этиб белгиланди.                                                                                           .

Фармонда таълимда соғлом рақобат муҳитини яратиш учун нодавлат яъни хусусий мактаб очишга имтиёз берилмоқда. Бунинг учун Вилоят марказларида кам қувватли мактаблар давлат хусусий шерикчилик асосида

ташқи бошқарувга берилади.

Бухородаги Халқаро математика мактаби методологияси ва бошқаруви асосида барча ҳудудларда ихтисослашган мактаблар ташкил этилади.

Фармон лойиҳасида қайд этилишича ўқувчилар 4-синфдан кейин қизиқишларига қараб ташхисланади, 7-синфдан бошлаб қизиққан касбга ўргатиш учун барча шарт-шароитлар яратилади.

2022 – 2023 ўқув йилидан бошлаб, ўқувчининг битирув шаҳодатномасидаги кейинги олти йиллик баҳоларининг ўртача кўрсаткичи олий таълимга киришда инобатга олинади.

Фармон лойиҳасида профессионал таълимда дуал таълим яъни ҳам ишлаш ҳам ўқиш тартиби жорий қилинган касбий малака хориж стандартларига (World skills) ўтилади.

Олий таълим, умуман илм-фан ривожи иқтисодиётнинг драйвери деб қаралмоқда.

Олий таълимнинг сифатини яхшилаш учун дарсликлар, олий таълим методологияси қайта хатловдан ўтказилади, халқаро рейтингда кучли 500 таликда бўлган олий таълим муассасалари дастурлари тадбиқ қилинади.

2030 йилгача Республикамиздаги 2 та олийгоҳни ТОП 500 таликка киритиш, 8 та олийгоҳни ТОП 1000 таликка киритиш бўйича йўл харита ишлаб чиқилади.

Рейтингда юқори ўринни эгаллаган институтларга молиявий мустақиллик берилади, илмий унвонларни мустақил бериш имконияти яратилади.

Фармон лойиҳаси жуда муҳим хужжат бўлганлиги учун халқимиз ва давлатимиз келажаги ҳал бўлаётганлигини инобатга олиб, кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилиниши ва ўз таклифларини билдириши муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси бошлиғи З.Низомиддинов бошчилигида 2020 йил 23 октябрда ўтган видеоселекторда вилоятимиз ҳокими Ғофуржон Мирзаев сўзга чиқиб, Фармонда педагог кадрлар тайёрлаш тизимига алоҳида эътибор қаратиш ҳамда ота-оналарни фарзанд тарбиясида ўрнини алоҳида бандлар билан бойитиш ҳақида ўз таклифларини бериб ўтдилар.

 Шу муносабат билан, сизлардан ҳам таклифлар беришингизни сўраб қоламан.

Оқолтин тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Report Page