Мустақиллик арафасида Мустақиллик майдонига саёҳат

Мустақиллик арафасида Мустақиллик майдонига саёҳат

Азиз Илхамович

Истиқлол бу – аждодларимиз кўп йиллар давомида орзу қилган эркинлик, ҳурликдир. Юртимиз келажаги нечоғлик порлоқ бўлиши ёш авлодга боғлиқ ҳамда замон билан ҳамнафас яшаш бугуннинг талаби. Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллигини нишонлаш арафасида ўтган давр мобайнида босиб ўтилган мураккаб йўлимизга яна бир бор назар ташлаш, мустақил тараққиётимиз давомида амалга оширилган ишлар, эришган натижаларни холисона баҳолаш ва уларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчилик, бутун халқимизнинг онги шуурига етказиш мақсадга мувофиқдир.

Дарҳақиқат, истиқлол туфайли ўзлигимизни англадик, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилиш имкони очилди. Озодлик боис бизни жаҳон танийди, халқимизнинг фидокорона меҳнати, ёшларимизнинг ғайрати, азму шижоати ила ватанимизнинг шон-шуҳрати олам узра янада кенгроқ ёйилмоқда. Ҳуррият берган беқиёс имкониятлар негизида эртанги кунимиз - эркин ва фаровон келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз. Шу ўринда айтиш жоизки, ёш авлодни тўғри йўлга йўналтириш, улар билан ҳамнафас бўлиш, ҳар соҳада комилликка эришишларига ёрдам бериш Ёшлар иттифоқининг ҳам мақсади, ҳам вазифасидир.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида дунёқараши кенг ва чуқур билимга эга бўлган ватанпарвар ёшларни руҳлантириш, уларда шукроналик ҳиссини уйғотиш, бой тарихимизни кўз қорачиғидай асраш, давлат рамзларига хурмат, юртга садоқат ҳиссини кучайтириш, ёш авлод қалби ва онгига истиқлол ғояларини, миллий ғурур ва ифтихор, ватанпарварлик туйғуларини янада чуқурроқ сингдириш мақсадида “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳудудида жойлашган маҳаллаларда истиқомат қилувчи 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган ёшлар билан Мустақиллик майдонига саёҳат уюштирилди. Ёшлар саёҳат давомида Мустақиллик ва эзгулик монументи, Мотамсаро она ҳайкалини томоша қилишди ва улар ҳақида бир қанча маълумотларга эга бўлишди.

Бундай саёҳатлар ёшлар фаоллигини, иқтидор ва салоҳиятини оширишга, маънавиятини юксалтиришга, миллий қадриятларни қадрлашга, тарихга қизиқишлари ортишига хизмат қилади.   


Report Page