Президент Геология фанлари бўйича янги замонавий университетга тамал тоши қўйди

Президент Геология фанлари бўйича янги замонавий университетга тамал тоши қўйди

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 январь куни Мирзо Улуғбек туманидаги Олимлар маҳалласига ташриф буюрди.

Мазкур ҳудудда илм-фаннинг турли йўналишлари бир неча илмий-тадқиқот институти фаолият олиб боради.

2020 йил мамлакатимизда Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилинди. Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида шу борадаги мақсадларга тўхталар экан, ҳар йили илм-фаннинг бир нечта устувор йўналишини ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

Жорий йилда математика, кимё-биология, геологияда фундаментал ва амалий тадқиқотлар фаоллаштирилиб, олимларга барча шарт-шароитлар яратилиши белгиланди.

Бир пайтлар Ўзбекистонда геология анча ривожланган эди. Ҳатто бошқалар келиб, юртимиз мутахассисларидан тажриба ўрганиб кетишарди. Бироқ кейинги йилларда бу соҳа эътибордан четда қолиб кетди. Бор салоҳият бой берилди. Олимлар ҳам, илмий мактаблар ҳам камайиб кетди. Замонавий ихтисос эгалари етишиб чиқмади. Олий ўқув юртларида тайёрланаётган кадрлар билими талабга жавоб бермай қолди.

Бундай ҳолатда геология илмининг келажаги хавф остида қолиши ҳеч гап эмас. Маълумки, заминимиз ғоят саховатли, табиий ресурсларга ўта бой. Минераллар ётган жойларни самарали аниқлаб, уларни қазиб олиб, юртимиз бугуни ва эртаси йўлида унумли фойдаланиш борасида геологиянинг аҳамиятини тўла англаб етмаётгандик, десак муболаға бўлмайди.

Қолаверса, геологиясиз, ушбу фанда замон билан ҳамнафас тинимсиз тадқиқотларсиз рақобатбардош саноатни ривожлантириб бўлмайди.

Шу боис Президентимиз бу соҳани алоҳида назоратига олиб, унинг ривожлантириш асосларини янгидан ташкил этиб бермоқда.

Бугунги кунда ер қаърини геологик ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимидаги 4 та муассаса – Геология ва геофизика институти, Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти, Минерал ресурслар институти, Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти томонидан олиб борилади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мазкур институтлар негизида яхлит мажмуа – замонавий Геология фанлари университети ташкил этилиши режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 31 январь куни ушбу янги университет кампусига тамал тоши қўйди.

Мазкур муассаса таълим ва илм-фан кластери шаклида бўлади. 4 та институтнинг моддий-техник базаси ва илмий кадрлар салоҳияти бирлаштирилиб, энг илғор ускуналар билан жиҳозланади. Санкт-Петербург тоғ-кон университети ва бошқа нуфузли даргоҳлар билан ҳамкорликда таълим дастури йўлга қўйилади.

Маълумки, Ўзбекистон замини олтин, уран, мис, калийли тузлар, фосфоритлар ва каолин каби фойдали қазилмаларнинг муҳим турлари захира ва ресурслари бўйича жаҳон етакчиларининг кучли ўнталигига киради. Энг муҳим табиий бойликлар орасида газ, нефт, кўмир каби ёқилғи-энергетика ресурслари мавжудлиги мазкур бойликлар қийматини янада оширади.

Тоғ-кон саноати захиралари бўйича айни пайтга қадар мамлакатимизнинг 20 фоиз майдони ўрганилган. Бу, ўз навбатида, келажакда янги ва йирик конларни очиш истиқболлари мавжудлигидан далолат беради. Янги ташкил этиладиган университет бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари геология соҳасида илмий тадқиқотларни тизимли ташкил этиш ва кадрларни тайёрлаш тизимини қайта кўриб чиқиш бўйича кўрсатмалар берди. Янги ташкил этилаётган университетнинг раҳбарлик лавозимларидан бирига хориждан юқори малакали мутахассис, шунингдек, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раисига маслаҳатчи таклиф қилиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.

Report Page