Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айланади

Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айланади


Давлатимиз раҳбарининг юртимизда ва жаҳонда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга билдирган муносабати, фикри ва қарашлари жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди. Қайд этиш керакки, жамоатчилик, Ўзбекистон Президентининг интервьюсини катта қизиқиш билан ўқимоқда.

Ушбу интервьюда мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида босиб ўтган йўли, бугунги глобаллашув жараёни ён-атрофимиздаги ва дунёдаги воқеликка теран муносабат оддий ва халқчил тарзда, шу билан бирга кенг қамровда очиб берилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири билан суҳбатда “Янги Ўзбекистон” деган тушунчага тўхталиб шундай дейди: “Бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган “Янги Ўзбекистон” ғояси замирида ана шундай улуғ аждодларимиз, умуман олганда, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассам, десак, адашмаган бўламиз”.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ислоҳотлар жараёнида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган муҳим конституциявий тамойилни жорий этишга устувор аҳамиятига ҳамда мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида олдимизда турган энг устувор вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди.

Жумладан, биринчи устувор вазифа, ижтимоий сиёсат мамлакатимизда давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири бўлиб келган, ҳозир ҳам шундай ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолиши ва юртимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги ва ўзига хос тизими яратилганлиги, яъни кейинги пайтда “темир дафтар”“аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш усуллари айнан шу мақсадда жорий этилганлигини. Шу асосда муаммога оид мавҳум кўрсаткичлар эмас, балки ёрдам ва кўмакка муҳтож ҳар бир оила ва фуқаронинг, хотин-қизлар, ёшларнинг муаммолари ўз жойида аниқ ўрганилиб, улар вақтида ва самарали ҳал этилаётганлигини таъкидладилар.

Иккинчи устувор вазифа эса, иқтисодий тараққиёт соҳасида ўсиш нуқталарини аниқлаш ва уларга алоҳида аҳамият қаратиш, шу тариқа Янги Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш лозимлиги ва учинчи устувор вазифа, ҳозирги глобал пандемия даврида аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш, жумладан, тадбиркорларни ўз муаммолари гирдобига ташлаб қўймасликни асосий мақсад эканлиги айтиб ўтилди.

Бу соҳадаги мавжуд камчилик ва нуқсонларни ҳал этишда мамлакатимиз ҳаётини янада эркинлаштириш, очиқлик ва ошкоралик муҳитини, жамоатчилик назоратини кенгайтириш муҳим эканлиги таъкидланди.

Тўртинчи устувор вазифа, бу пандемия қишлоқ хўжалигида туб ўзгаришлар амалга оширилаётган даврга тўғри келганлиги. Бу давр озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аграр секторни замон талаблари асосида ривожлантириш бутун инсоният, жумладан, биз учун ҳам энг долзарб вазифага айланиб бораётгани ва ушбу соҳани иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бирига айлантириш – бош мақсад эканлиги таъкидланди. Шу мақсадда 2020-2030 йилларга мўлжаллаб ишлаб чиқилган Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясида тармоқни ривожлантириш борасидаги асосий вазифалар аниқ-равшан белгилаб қўйилди.

Бешинчи устувор вазифа эса, пандемия даврида халқимизнинг соғлиги ва ҳаётини асраш биз учун энг муҳим вазифа эканлиги ва шу мақсадда 2021 йил учун давлат бюджетида 3 триллион сўм захира шакллантирилиб, ушбу маблағ ҳисобидан тиббиёт соҳасида кўпгина чора-тадбирлар, жумладан, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари амалга оширилгани айтиб ўтилди.

Барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш, республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина хизматини йўлга қўйиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам таъкидланди.

Мамлакатимизда инсон аъзоларини трансплантация қилиш бўйича қонуний асосларни ишлаб чиқиш бошлангани, аммо бу борада норматив-ҳуқуқий базанинг мавжуд эмаслиги туфайли илгари, донорлик қилувчи шахс беморнинг яқин қариндоши бўлмаса, трансплантация учун рухсат берилмаслиги ва кўпчилик фуқароларимиз бундай тиббий операцияни чет элда ўтказар, хорижга боришга қурби етмаганлар эса чорасиз аҳволда қолиши борасида ҳам юртбошимиз ўз фикирларини билдирди.

Бизни энг қийнайдиган масалалардан бири – соғлиқни сақлаш соҳасидаги коррупция ҳолатлари эканлиги ва ўтган йилнинг ўзида тизимда 30 миллиард сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди ва айбдорлар қонуний жазога тортилгани ҳамда бу соҳада таъсирчан назорат тизимини ўрнатишга, аввало, жамоатчилик назоратини кучайтиришга жиддий аҳамият берилаётганига ҳам таъкидланди.

Олтинчи устувор вазифа, бу янги Ўзбекистонни барпо этиш – яқин ва олис тарихимиз, бетакрор ва ноёб маданий бойликларимизни янада чуқур ўрганиб, уларга таяниб, мустақил миллий тараққиёт йўлимизни янги босқичда давом эттириш эканлигидир.

Шунингдек, юртбошимиз Ўзбекистонни барпо этишда ташқи сиёсатга, дунёдаги олис ва яқин давлатлар билан дўстона ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилаётгани, яъни Ўзбекистон бугун ўзининг узоқни кўзлаган сиёсати билан минтақамиз ва жаҳондаги сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айлангани, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Парламентлараро Иттифоқ, Европа Иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлигимиз янги босқичга кўтарилаётганлиги ҳақида ҳам ўз фикирларини баён этди.

Шунингдек, Президентимиз мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, билим ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун зарур шароитлар яратилаётганлиги ҳамда мамлакатимизда кейинги йилларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида эришилаётган ютуқлар ҳақида сўз борганда, хотин-қизларнинг ўқиши, билим олиши, меҳнат қилиши, уларнинг соғлигини сақлаш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенглик бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга биринчи навбатда эътибор берилаётганлиги ва унинг сабабларига ҳам тўхталиб ўтди.

Юртбошимиз ўз жавобларини якунлар экан, “Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айланади”, деб таъкидлайдилар.

Хулоса қиладиган бўлсак, Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда” мавзусидаги жавоблари барчамизни, Янги Ўзбекистонни ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айланишига ўз хиссамизни қўшишга ундайди.

Рустам Ахмедов,
Оқолтин туман Маҳалла ва оилани
қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари

Report Page