Иқтисодий судларга мурожаат қилиш тартиби тўғрисида биласизми?

Иқтисодий судларга мурожаат қилиш тартиби тўғрисида биласизми?


 Ўзбекистон Республикаси Конститциясининг 44-моддасига кўра, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

          Тадбиркорлик субъектлари, якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахслар (корпоратив низолар юзасидан) ўзларининг иқтисодий соҳадаги бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида иқтисодий судларга мурожаат қилиши қилади. Шунингдек иқтисодий судга прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар хам мурожаат қилишга ҳақлидирлар.

          Иқтисодий процессуал кодекснинг 3-моддасига кўра, судга тақдим этиладиган ҳужжатлар даъво аризаси, ариза ёки шикоят (протест) тарзида расмийлаштирилиб тақдим қилинади. Даъво аризаси фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган низолар ва жавобгар томонидан даъвогарнинг даъвосига нисбатан билдирилган қарши даъво талаблари юзасидан иқтисодий судларга киритилади. Шикоят (протест) шаклида апелляция ва кассация инстанцияларида ишни кўриш тўғрисида, назорат тартибида қайта кўриш тўғрисидаги ҳужжатлар иқтисодий судларга киритилади.                                                                             

Ариза тури қуйидагилардан иборат:

   - буйруқ тартибида иш юритишга оид талаблар;

   - банкрот деб топиш тўғрисида;

   - ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори асосида мажбурий ижро варақа бериш тўғрисида;

   - ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида;

   - ҳал қилув қарорни тушунтириш ва ёзувдаги хатони тузатиш тўғрисида;

   - чет давлат судиниг ҳал қилув қарорини тан олиш ва уни ижрога қаратиш тўғрисида;

   - йўқолган суд ишини ёки ижро ишини тиклаш тўғрисида;

   - суд қарорларини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш тўғрисида;

   - ижро варақасинининг дубликатини бериш ва уни ижрога тақдим этиш муддатини тиклаш тўғрисида;

   - суд қароринининг қайтарма ижроси тўғрисида;

   - ижро ишини юритишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисида.

          Даъво аризаси иқтисодий судда иш кўриш учун асос ҳисобланиб, суднинг олдига ҳал қилиш учун бирор масала қўйилган ҳолда даъво ариза тақдим этилади. Даъво аризанинг шакли ва мазмуни унга қўйилган талабларга мос бўлиши керак.  

            ИПК 149-моддасига кўра, даъво аризаси судга ёзма шаклда берилади. У даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Даъво аризасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

   1) ариза берилаётган суднинг номи;

   2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;

   3) агар даъво баҳоланиши лозим бўлса, даъвонинг баҳоси;

   4) даъво талабларига асос бўлган ҳолатлар;

   5) даъво талабларининг асосларини тасдиқловчи далиллар;

   6) ундирилаётган ёки низолашилаётган сумманинг ҳисоб-китоби;

   7) даъвогарнинг қонун ҳужжатларига асослаб келтирган талаблари, даъво бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблар;

   8) жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

   9) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Даъво аризасида даъвогарнинг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Даъвогар ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талабни битта даъво аризасига бирлаштиришга ҳақли.

Даъво аризасида даъвогар ва жавобгарга хизмат кўрсатувчи банкнинг номи, банк ҳисоб рақами (ҳ/р), солиқ тўловчининг идентификацион рақами (СТИР) кўрсатилади. Шуни ёдда тутиш керакки, даъво талабини аниқ кўрсатиш, жавобгарлар икки ва ундан ортиқ бўлса, уларнинг ҳар бирига қўйилган талаблар алоҳида кўрсатилиши ва асослантирилиши шарт.

           ИПКнинг151-моддасига кўра қуйидаги ҳужжатлар даъво аризасига илова қилинади:

   1) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (тўлов топшириқномаси ва квитанция;

   2) даъво аризасининг кўчирма нусхаси ва унга илова қилинган ҳужжатларни жавобгарга ва учинчи шахсларга юборилганлиги тўғрисида ҳужжат (почта квитанцияси, жавобгарга ёки учинчи шахсларга шахсан топширилган бўлса судга тақдим этиладиган нусхада жавобгар ёки учинчи шахснинг қабул қилганлик имзоси ва муҳри ёки штампи бўлиши лозим ;

   3) агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса, жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

   4) даъво талабларига асос бўлган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжат;

   5) даъвогарнинг юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

   6) даъво аризасини вакил томонидан имзоланган бўлса, имзолаш ваколатини берилганини тасдиқловчи ҳужжат.

Д. Норбоев

Оқолтин туманлараро иқтисодий суди ходими

Report Page