174-САВОЛ

174-САВОЛ

@Savollar_kanal
«Зикр аҳлидан сўранг» 1-қисм

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ!

Муҳтарам Шайх ҳазратлари! Қуйидаги ҳадисда келган тушунчаларни тушунтириб берсангиз, илтимос. Баъзи луғавий маъноларига тушунмадим. Яъни «муҳкам оят, қоим суннат ва одил фаризат» деганини. Ҳадиснинг матни қуйидагича:

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Илм учтадир. Улардан бошқаси зиёда фазилатдир. Муҳкам оят, қоим суннат ва одил фаризат», дедилар».

Абу Довуд ва Ибн Можалар ривоят қилишган.

Жавобингиз учун аввалдан раҳмат.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Агар «Ҳадис ва Ҳаёт»нинг 12-жузини ўқиганингизда бу ҳадиси шарифнинг ҳам, ундаги сўзларнинг ҳам маъноларини билиб олган бўлар эдингиз.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: «الْعِلْمُ ثَلَاثَةٌ، وَمَا سِوَى ذَلِكَ فَهُوَ فَضْلٌ: آيَةٌ مُحْكَمَةٌ، أَوْ سُنَّةٌ قَائِمَةٌ، أَوْ فَرِيضَةٌ عَادِلَةٌ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Илм уч хилдир. Ундан зиёдаси фазлдир: муҳкам оят, қоим суннат ва одил фаризат», дедилар».

Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифда Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаръий-исломий илмларнинг жавҳари – ўзагини баён қилиб бермоқдалар:

«Илм уч хилдир».

Бу ердаги «илм»дан мурод шаръий илм эканини кейинги иборалардан тушуниб оламиз. Уларда оят, суннат ва фарз ҳақида гап кетмоқда, демак, нима дейилмоқчи эканлиги маълум.

1. «Муҳкам оят».

Оят – Қуръони Каримнинг маълум бўлаги. Қуръондаги бошланиши ва тугаши маълум бўлакнинг оят дейилиши ҳаммамизга маълум. Ҳадисда оят «муҳкам» деб васф қилинмоқда. Баъзи уламоларимиз буни очиқ-равшан ва насх бўлмаган оят, деб баён қилганлар. Менимча, бу тўлиқ тушунча бера олмайди.

Қуръони Каримда оятларнинг ҳаммаси очиқ-равшан эканлиги баён қилинган. Бироқ насх қилинган (ҳукми амалдан қолдирилган) оятларни ўрганмаса бўлаверади, деган гап ҳам йўқ. Балки аксинча, Қуръонни яхши тушуниш учун аввало оятларнинг носих-мансухи яхшилаб ўрганилиши лозимлиги қайта-қайта таъкидланган. Демак, ҳадиси шарифдаги «муҳкам оят» иборасидан Қуръони Каримнинг оятларини тўлиқ ўрганиш маъносини тушуниб оламиз.

Шаръий илмнинг биринчи, асосий қисми Қуръони Каримни ўрганиш экан. Бу эса улуғ илм бўлиб, ўзида бир қанча шўъбаларни мужассам қилгандир. Келинг, қисқача бўлса ҳам шу ҳақда тўхталиб ўтайлик.

Аввало Қуръони Каримни тўғри тиловат қилишни ўрганиш керак. Бунинг учун эса устозлардан «Тажвид» илмини ўрганиш лозим. Ҳа, ўзича тажвид илмига бағишланган бирор китобни ўқиб олиш ёки уни тинглаб, тақлид қилишнинг ўзи билан киши бу илмни ўзлаштирган ҳисобланмайди.

Демак, ўша устоздан тажвид қоидаларига биноан ҳар бир калимани, ҳар бир оятни қандай қироат қилишни ўрганиш керак. Устоз ўқиб бергандек қилиб, у кишига қайтариб ўқиб бериш ва шу ҳолда ўқишга устознинг ижозатларини олиш керак. Ана шунда Қуръон тиловат қилишни ўрганган бўлинади. Бу ҳам ҳар бир мусулмон учун фарз нарсадир.

Қуръон илмини тўлиқ билмоқчи бўлган киши араб тилини яхши билмоғи лозим. Чунки Қуръони Карим араб тилининг олий даражадаги балоғат ва фасоҳат намуналарини ўзида мужассам қилган илоҳий мўъжиз китобдир.

Араб тилини ўрганиш эса наҳв-сарф, балоғат ва фасоҳат илмларини ва бошқа зарур илмларни тўлиқ ўрганиш билан бўлади. Буни эса баъзан ҳар қандай араб ҳам уддалай олмайди.

Қуръони Каримни билиш учун «Қуръон илмлари» деб номланган илмлар мажмуасини ўрганиш керак.

Бу мажмуага, жумладан, Қуръони Каримнинг тарихи, оятларнинг маккий ёки маданийлиги, муҳкам-муташобеҳлиги, ом-хослиги, носих-мансухлиги, нозил бўлиш сабаби, қайси оят аввал, қайсиниси кейин нозил бўлгани, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қандай тафсир қилганлари каби бир қанча илмлар киради. Ким ушбу илмларни яхши ўзлаштириб, ояти карималарнинг маъноси, улардан кўзланган мақсадни баён қилиш малакасига эга бўлса, ана шундай чуқур илмлар соҳиби бўлган киши муфассир, яъни тафсирчи бўлади.

Албатта, бу фарзи кифоят бўлиб, буни ҳар бир мусулмон билиши шарт эмас. Бироқ Қуръон илмларини ўрганишга ҳмма имкони борича уриниши лозим. Ҳар бир жамиятда ўша жамият эҳтиёжларига яраша муфассирлар бўлиши шарт. Бўлмаса, ўша жамият аъзоларининг ҳаммаси гуноҳкор бўладилар.

Мазкур илмларни ўзлаштирган одам ушбу ҳадиснинг таъбири бўйича исломий илмларнинг учдан бирини ўзлаштирган бўлади. Икки-учта қисқа сурани чала ёдлаб олган одам «қори ака» бўлиб қолмайди.

Қуръони Карим маънолари таржимасини ўқиган одам ёки араб тилини билиб, арабча тафсир ўқиган одам муфассир бўлиб қолмайди.

2. «Қоим суннат».

Шаръий илмларнинг иккинчи асоси – «қоим суннат», яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.

Суннатнинг моҳияти, унинг таърифи, шариатимиздаги аҳамияти ва бошқа масалалар китобларимизда кўп марталаб келтирилган.

Бу илм ҳам юқорида зикр қилинган Қуръон илмларига ўхшаб ўзига хос бир қанча илмлардан иборат. Ўша илмларни устозлардан ўрганиб, улардан ижозат олган кишилар суннат илми, ҳадис илми мутахассислари ҳисобланадилар.

Ҳадиси шарифлар маъносининг таржимасини ўқиган ёки баъзи бир ҳадисларнинг маъносини арабчадан таржима қила оладиган кишилар муҳаддис дейилавермайди.

Ҳар бир мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан хабардор бўлишга қўлидан келганча уриниши лозим. Лекин ҳар бир жамиятда, ҳар бир диёрда суннат илмида ўша жамият, ўша диёрнинг эҳтиёжини қондирадиган даражада суннат илмини билувчи олимлар бўлиши фарзи кифоядир. Шу нарса бўлмаса, ўша жамият, ўша диёр мусулмонларининг ҳаммаси тарки фарз қилган бўлиб, гуноҳга қоладилар.

3. «Одил фаризат».

Шаръий исломий илмларнинг учинчи асоси «одил фаризат»дир. Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган «одил фаризат»дан мурод нима эканлиги ҳақида уламоларимиз икки хил фикр айтганлар.

– Биринчиси «одил фаризат»дан мурод меросни адолат билан тақсим қилиш илми.

Буни «Фароиз» илми ҳам дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу илмга алоҳида эътибор берганларининг сабаби шуки, у зот: «Бу илм энг биринчи орадан кўтариладиган илмдир», деб айтганлар.

– Иккинчиси «одил фаризат»дан мурод мусулмонларга фарз бўлган нарсаларни билдирадиган илм. Яъни Китоб ва Суннатдан кейинги, шариатимизнинг учинчи ва тўртинчи масдарлари бўлган ижмоъ ва қиёсларни билиш деганидир.

Менимча, бу икки фикрнинг қўшилгани мақсадга мувофиқ.

Ҳадиси шарифда Ислом шариатига оид нарсаларни ўрганиш учун асосий ҳисобланадиган илмлар учталиги баён қилинмоқда. Бу – Қуръон, Суннат ва мерос илмидир. Қолган илмлар ушбулар учун восита ёки улардан келиб чиққан ҳосила илмлар бўлади.

Мерос илмининг Қуръон ва Суннат илмларидан кейинги учинчи илм бўлиши унинг нақадар аҳамиятли эканини кўрсатади.

Мусулмон инсон Қуръон ва Суннатни ўрганиш, уларга амал қилиш билан биргаликда, мерос илмини ҳам ўрганиши, унга амал қилиши зарур нарса эканлигини шундан билиб оламиз. Шунинг учун ҳам бу илмга катта эътибор бериш керак бўлади. Валлоҳу аълам.

© Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

«Зикр аҳлидан сўранг» каналига уланиш

Report Page