173-САВОЛ

173-САВОЛ

@Savollar_kanal
«Зикр аҳлидан сўранг» 1-қисм

Мен ўзимни мусулмон деб ҳисоблайман. Иймон заифлигиданми, балки шайтон фитнасими, турли сабаблар билан намоз ўқийдиган пайт бўлганида ибодатни адо эта олмай қоламан. Иймонимни мустаҳкамлаш учун қандай маслаҳат берасиз?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Албатта, мусулмон банда Аллоҳ таоло тарафидан ўзига юклатилган барча фарзу вожиб ибодатларни адо этмоғи шартдир. Шу жумладан, энг асосий ибодатлардан ҳамда дин устуни бўлмиш намозни ўз вақтида ўқимоқ ҳар бир вояга етган, ақлли ва комил мусулмонга фарздир. Бунга шайтонни сабаб қилиш баҳонадан бошқа нарса эмас. Банда намозни ўқимаслик каби гуноҳга йўл қўяр экан, бунга шайтонни сабаб қилишига ҳеч қандай йўл йўқ. Балки ўзини гуноҳкор ҳисоблаб, тавба қилиб, уни иккинчи марта такрорламасликка ҳаракат қилиши керак.

Иймонни мустаҳкамлаш учун Аллоҳ таолони ҳар лаҳза зикр қилиб туриши лозим. Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз илми билан, банданинг қилаётган амалларидан хабардор эканлигини ҳар бир мусулмон сезиб туриши керак. Шундагина банда намозни тарк қилиш қанчалар гуноҳлигини тушуниб етади. Иймонни мустаҳкамлаш учун эса, яна бир бор айтамиз, зикр, Қуръон тиловати ва мусулмонлар билан суҳбатда бўлиш, жамоатга қўшилиш ва шунга ўхшаш иймонни мустаҳкамлайдиган, сайқаллайдиган ҳолатларда бўлишга ҳаракат қилиш лозим.

Шу билан бирга, банда ҳар доим ўзининг ҳисоб-китобини қилиб туриши керак.

وَيُرْوَى عَنْ عُمَرَ بْنِ الخَطَّابِ، قَالَ: حَاسِبُوا أَنْفُسَكُمْ قَبْلَ أَنْ تُحَاسَبُوا...

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:

«Ҳисоб-китобга тортилмасингиздан ўзингизни ҳисоб-китоб қилиб туринг...» деб айтганлар.

Демак, ҳар куни банда: «Бугун нима иш қилдим? Қанча савоб, қанча гуноҳ қилдим», деган маънода ўзининг ҳисоб-китобини қилиши керак. Ва келгуси кунини бугунги кундан афзалроқ қилиб ўтказишга ва ҳар куни олдинги кунидан баракали, хайрлироқ бўлишига ҳаракат қилиши лозим.

Аллоҳ таоло ҳамма ибодатларни, жумладан, намозларни ҳам ўз вақтида адо этишни барчаларимизга насиб қилган бўлсин. Валлоҳу аълам.

© Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

«Зикр аҳлидан сўранг» каналига уланиш

Report Page