158-САВОЛ
@Savollar_kanalБир тажрибали жарроҳ дўстим бор. У менга ҳар доим инсон танасини ўргангани сари Аллоҳ таолонинг мўъжизаларига дуч келаётгани ҳақида сўзлайди. Лекин унинг ўзи ибодатда эмас. Ваҳоланки, у аллақачон иймонга келиши керак эди. Шунинг сабабини тушуна олмайман.
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Олим одам инсофли ҳамда мулоҳазали бўлса, илм ўз соҳибини албатта иймонга ва у тақозо этадиган амалга олиб келади. Тажрибавий илмлар улуғланаётган ва ҳар бир нарсани ўшалар асосида олиб боришга уринилаётган ҳозирги пайтда саволда зикри келган жарроҳ биродаримиз каби кишилар ўзларининг илмий кашфиётларидан сўнг Аллоҳ таолонинг биру борлигига, қудрати-ю илмининг чексизлигига ва бошқа камолот сифатларига ишонишлари турган гап.
Ҳатто дунёдаги катта илмий мукофотларни олган уламолардан жуда кўпчиликлари Аллоҳ таолога иймон келтирганликлари ва диннинг ҳақиқат эканлигини тушуниб етганларини ўзлари таъкидлаб, гувоҳлик берганлар. Мазкур жарроҳ биродаримиз ҳам ўзларининг фаолияти сабабли инсон танасини ўрганиб, булар ўз-ўзидан бўлиб қолган нарса эмаслиги, балки Қудратли ва Алийм-чексиз илмли Аллоҳ таолонинг санъати эканлиги, оламнинг яратилиши бир мўъжиза эканлигини тушуниб етганларидан сўнг мана шу нарсаларнинг яратувчиси бўлган Аллоҳ таолога иймон келтиришлари ва иймон тақозоси туфайли ибодатга киришлари керак эди.
Савол соҳиби «Нима учун шундай бўлмади?» деган саволни берибдилар. Бундай бўлмаслигининг бир неча сабаблари бор. Шулардан бири мана шу маълумотларга эга бўлган одамнинг инсофсизлиги бўлади. Илмнинг ўзи ҳар томонлама таъкидлаб турибди. Лекин инсоф қилиб Ислом йўлига юрмаяпти. Иккинчиси эса шу кишиларнинг онгига ёшлигидан ўрнашиб қолган нотўғри бир тасаввур, хусусан, коммунистик тушунча изсиз кетмагани ва одамлар шу тушунчалардан ҳалигача қутула олишмагани ҳамда ҳидоят йўлига тушиб кетишлари ниҳоятда қийин бўлаётганидир.
Яна айтиш керакки, ҳидоят Аллоҳ таолонинг ихтиёридадир. Агар бандалар ихлос қилиб, бу нарсаларни Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўрасалар, ҳидоятга солиши мумкин. Аллоҳ таоло бу саволда зикрлари келган жарроҳ биродаримизни ҳам, бошқа илм соҳибларини ҳам ва ҳаммамизни Ўзи ҳидоятга бошлаб, ибодатда собитқадам бўлишимизни насиб қилсин. Валлоҳу аълам.
© Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ