157-САВОЛ
@Savollar_kanalОта ўз боласидан кечса, бола отанинг олдига ялиниб борса, лекин ота кечирмаса, у ҳолда нима бўлади?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ота ўз боласидан қай тарзда кечганлиги бу ерда муҳим бир омил ҳисобланади. Агар отанинг норозилиги ношаръий бўлса, шариатда кўрсатилмаган сабабларга кўра фарзандидан норози бўлаётган бўлса, унда иш енгилроқ бўлади. Лекин бола отани шариат кўрсатган таълимотларга хилоф қилган ҳолатда норози қилса, унда иш оғир бўлади. Шу билан бирга, нима бўлганда ҳам воқеа бўлганидан кейин, отанинг ҳақ ёки ноҳақ равишад норозилиги юзага чиққанидан кейин фарзанд ялиниб бориши, отасидан кечирим сўраши жуда улуғ нарса. Ана шундай пайтда, албатта, оталар меҳр-шафқат кўрсатишлари, фарзандларининг ёшлигини, бебошлигини, яна қандайдир бир узрларини қабул қилиб, бош эгиб борган, кечирим сўраб турган фарзандни ноумид қилмасликлари жуда яхши бўлади. Энди, ота ялиниб борган фарзандини кечирмаса нима бўлади деган савол қуйидагича: Бунда отанинг норозилиги шариат доирасида бўлса, унда фарзанднинг ҳоли Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола қилинади. Аммо ота ношаръий ишлар юзасидан фарзандидан норози бўлаётган бўлса, ундай норозиликнинг ўрни йўқ бўлади. Мисол учун, ҳозирги кунда кўпгина кишиларнинг ана шундай норозилиги бор. Фарзандлар шаръий иш қилганликлари учун норози бўлаётган баъзи бир ота-оналар бор. Албатта, буларнинг норозилиги ноўрин ҳисобланади. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, баъзи бир ёш келин-куёвлар ўз арз-ҳолларини айтишларича, куёвнинг отаси ўғли билан келинини чўчқанинг гўштидан колбаса қиладиган цехда ишлашга мажбур қиляпти. Улар узр айтса, «Мен сенлардан норозиман, отангман» деган гапларни қиляпти. Шунга ўхшаш ҳаром, ношаръий, қонунда ман қилинган ишларни, ҳам шариат, ҳам қонун «йўқ», деб турган нарсани «Қиласан, қилмасанг мен норози бўламан, отангман», дейдиган бўлса, албатта, бундай норозиликнинг ўрни йўқ. Умуман, ота-оналар ва фарзандлар орасида келишмовчиликлар чиқишидан Аллоҳ таолонинг Ўзи сақласин. Роббул оламиннинг Ўзи йўқ қилган бўлсин. Лекин ота ҳам, болалар ҳам ҳар бир ишнинг ўлчови албатта шариат асосида бўлиши, ана шунга мувофиқ тарзда иш тутишлари лозимлигини унутмасликлари керак. Валлоҳу аълам.
© Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ