152-153-САВОЛ

152-153-САВОЛ

@Savollar_kanal
«Зикр аҳлидан сўранг» 1-қисм

Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбандий тариқати ҳақида ҳазрат Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг фикрларини билмоқчи эдим. Шунингдек, зикр, руҳий мақомлар, латоифлар хусусида ҳам тушунтириш берсангиз.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳининг номларини тилга олган тариқат уламолари, мутасаввифлар ва бошқа соҳанинг мутахассислари нақшбандийлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига ва саҳобаларининг амалларига жуда яқин тариқат эканлигини тан олишган. Бу фикрлар бир неча китобларда ифодасини топган илмий гап ҳисобланади. Ана шу илмий фикрлар яхшилаб ўрганилса, аслида Нақшбандия тариқати ўзининг асл моҳиятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига энг яқин тариқатдир. Лекин шу тариқатнинг баъзи бир одамлари унинг бу ҳолатидан чиқиб, баъзи бидъат, хурофот аралашишига сабаб бўлганлар. Худди ана шу хурофотларнинг ва баъзи бир нотўғри йўлларнинг аралашишига сабаб бўлган тоифалар охирги пайтларда кўпайганлиги кишиларда тасаввуф ҳақида, жумладан, Нақшбандия тариқати ҳақида ҳам нотўғри фикрлар пайдо бўлишига ва ҳозиргидек саволлар тез-тез такрорланишига сабаб бўлиб қолди.

Шунинг учун билиб қўйишимиз керакки, тариқат йўли изланадиган бўлса, тасаввуф ҳақидаги илмий йўналишга Қуръони Карим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, саҳобаларнинг амаллари ва таниқли руҳий тарбия устозларининг кўрсатмалари асосида қайтадан назар солишимиз ва уни бидъат-хурофотлардан тозалаб олишимиз лозим бўлади.

Зикр аслида Аллоҳни зикр қилишдир. Бу ҳар бир мусулмоннинг вазифаси бўлиб, Аллоҳнинг зикрисиз иш битиши мумкин эмас. Шунга ўхшаш, руҳий тарбия ҳам ҳар бир мусулмон ўзи учун вазифа сифатида қабул қиладиган ишлардан биридир. Чунки руҳий тарбия бўлмаса, ибодатнинг ҳам ҳаловати бўлмайди. Аслида тасаввуф уламолари тарқатган «шайх», «пир» маъноси ҳам шу «руҳий тарбия устози» деган маънони билдиради. «Мурид» эса шу устозга эргашган «шогирд» маъносини беради. Бошқа илмларни устозлардан ўрганилгани каби, руҳий тарбияга оид нарсани ҳам ана шу ишни яхши билган, Қуръон ва суннат асосида иш олиб борадиган каттароқ устозлардан ўрганиш йўлга қўйилган. Бу нарса ҳозирги кунда долзарб масала бўлганлигидан ҳамда тасаввуф ҳақида саволлар қайта-қайта такрорланганини эътиборга олиб, ожизона ҳаракат қилиб, қурбимиз етганича Қуръон ва суннат асосида, буюк мужтаҳид уламоларимиз, тариқат аҳли ва руҳий тарбия устозлари китобларидан фойдаланган ҳолда «Тасаввуф ҳақида тасаввур» номли бир китоб ёзган эдик. Алҳамдулиллаҳ, ундан фойдаланганлар ўз ташаккурларини изҳор этишмоқда. Сизга ҳам ўша китобни ўқиб чиқишни маслаҳат бераман. Чунки сиз сўраган саволларга ўша китобда батафсил жавоб берилган. Валлоҳу аълам.

Мусулмон инсон Аллоҳга таваккул қилиши кераклиги ҳақида биламиз. Лекин кўпинча атрофимиздагилар буни тушунишмайди. Аллоҳ таолога таваккул қилишни атрофдагиларга тушунтириш ёки тушунтирмаслик ҳақида шайх жанобларининг фикрларини билмоқчи эдик.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳга таваккул қилиш «Аллоҳга суяниш» демакдир. Ҳар бир ишда, ҳар бир ҳаракатда фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига суянган ҳолда, ҳар бир иш Аллоҳ таолонинг ёрдами билан бўлишини эътиқод қилган ҳолда яшаш ҳар бир мусулмонга матлуб нарсадир. Бошқа кишиларнинг бу маънони тушуниш ёки тушунмаслигидан сизнинг ­эътиқодингизга ҳеч қандай зиён бўлмаса керак. «Бу гапни фалончи тушунади, шунинг учун Аллоҳга таваккул қиламан, пистончи тушунмайди, бу пайтда таваккул қилмай, унинг тушунчасига муносиб бир иш қиламан», деган гап мўмин-мусулмон одамда бўлмаслиги лозим. Балки Аллоҳга таваккул қилиб яшаш лозим ва лобудлигини яхши англаган ҳолда, одамларнинг таъна-маломатларига парво қилмаслик керак. Одамларнинг раъйига, фикрига уларнинг тушунишига, англашига қараб шариатнинг талабини ўзгартириб борилмайди. Бошқалар тушунмаса, тушунтиришга ҳаракат қилиш керак, иншааллоҳ, улар ҳам тушуниб, бу ҳақиқатдан манфаат топсалар, ниҳоятда яхши бўлади. Валлоҳу аълам.

© Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

«Зикр аҳлидан сўранг» каналига уланиш

Report Page