150-151-САВОЛ

150-151-САВОЛ

@Savollar_kanal
«Зикр аҳлидан сўранг» 1-қисм

Ассалому алайкум. Сизларга бўлган чуқур эҳтиромим ва самимий эзгу тилакларимни қабул қилгайсиз.

Мен хоразмликман. Шу боис, ҳудудий анъана ва урф-одатлардан келиб чиққан ҳолда, ижозатингиз билан қуйидаги бир неча савол билан мурожаат қилмоқчи эдим:

1. Бизда шундай одат борки, келинлар қайнотаси, қайнонаси ва ҳоказоларга қўлини тиззасигача қилиб эгилган ҳолда (ушбу ҳолат зоҳиран кишининг намоздаги рукуъ қилган ҳолатига жуда ўхшайди) салом беради. Бу Ислом нуқтаи назаридан қандай? Мен ушбу ҳолатни хат орқали тасаввурингизда гавдалантира олмаган бўлсам, хоразмлик биронта кишидан тўлиқ тушунча ҳосил қилган ҳолда жавоб беришингизни интизорлик билан кутаман.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қўлини тиззасигача қилиб эгилиш намозда бўлади. Аммо одам, ҳайвон ва жамодотга уларни улуғлаб бу каби эгилиш ҳаром, залолат ва жаҳолат ҳисобланади. Қавмнинг катталарини кўрганда бу каби эгилиш ҳаром эканлигига фуқаҳолар иттифоқ қилишган. Агар мазкур эгилиш одамларни улуғлаш учун эмас, бошқа қавмларга тақлид тарзида бўлса, макруҳдир. Аммо келинлар, умуман, ёшлар катталарга одоб билан динимизда кўрсатилган таълимотлар бўйича салом бериб, эҳтиромларини қилишлари керак. Оддий ҳолатдаги, яъни бошни бир оз эгиб, ҳаё-ибо билан қилинган келинсалом инсонга сажда қилиш эмас, гўзал одатдир. Валлоҳу аълам.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари!

Сизга саволим шуки, Аллоҳнинг бандасига бўлган севги Аллоҳ инъомими ёки шайтон ҳийласими?

Иккинчи саволим: Аллоҳ йўлида севиш қандай бўлади? Жавобингизни кутаман. Жавобингиз учун олдиндан катта раҳмат.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳнинг бандасига бўлган севги шариатга хилоф бўлмаган ҳолда бўлса, Аллоҳ таолонинг инъомидир. Аллоҳнинг бандасига бўлган севги шариатга хилоф ҳолда бўлса, шайтон ҳийласи ва гуноҳнинг уясидир.

«Аллоҳ учун севиш», «Аллоҳ йўлида севиш» каби ибораларнинг шаръий маъноси бир кимсани унинг иймонлилиги ва Аллоҳ таолога бўлган тақвоси учун севишни англатади.

Умуман, инсоннинг Аллоҳ таолога боғлиқ севгисини шартли равишда уч хил кўринишда таърифлаш мумкин:

1. Аллоҳни севиш. Яъни Аллоҳ таолонинг барча амрларини севиб бажариш, қайтарган нарсаларидан қатъий қайтиш, ҳар доим тақвони лозим тутиш ҳамда Унинг элчиси ва ҳабиби бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломга шубҳасиз ишониб, динда у зотга эргашиш, у зотни ўзига йўлбошчи, дўст, валий деб билиш, инсониятнинг энг афзали сифатида севиш ва қадрлаш.

2. Аллоҳ учун севиш. Яъни Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мақтаган сифатларга эга инсонларни, Аллоҳ таоло учун суюкли бўлган солиҳ бандаларини севиш, улардан бўлишга интилиш.

3. Аллоҳнинг махлуқларини севиш. Яъни бутун борлиқни, ундаги жамики мавжудотларни улар ҳам ўзи каби махлуқ бўлганлари учун севиш, иймон, ақл ва қалб кўзи билан борлиққа теранроқ назар солиш, мушоҳада қилиш, ҳар бир махлуқда Аллоҳ таолонинг қудратини, яратувчанлигини кўра олиш, махлуқларни ўрганиш орқали Холиқни янада яхшироқ таниш ва кучлироқ севиш. Валлоҳу аълам.

© Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

«Зикр аҳлидан сўранг» каналига уланиш

Report Page