Қрим-Конго геморрагик иситмаси:  Ушбу касалликнинг ўта хавфли касаллик саналиши, озгина эътиборсизлик билан қаралиши эса хатто инсонлар ўлимига олиб келиши боиси нимада? Бу қандай касаллик ва қаердан келиб чиқади?

Қрим-Конго геморрагик иситмаси:  Ушбу касалликнинг ўта хавфли касаллик саналиши, озгина эътиборсизлик билан қаралиши эса хатто инсонлар ўлимига олиб келиши боиси нимада? Бу қандай касаллик ва қаердан келиб чиқади?


Ўрта Осиёда қадимдан маълум бўлиб, беморнинг иштаҳаси йўқолиши, дармони қуриб, кўнгли айниб қусиши, ичи суюқ ўтиб, юзи ва шиллиқ пардаларнинг қизариши кузатилиб, озроқ вақт (бир неча соат ёки кун) ўтгандан сўнг тана ҳарорати тушиб, одам ҳудди соғайгандек туюлиши, лекин сал ўтмасдан бурундан қон кетиб, терида нуқтасимон қон қўйлишлар, касал одам ажратмаларида-қусиқ моддалари, сийдиги, ва бошқаларда қон аралашиши кўзатилиши, беморнинг аҳволи оғирлашиб, бемор ҳалок бўлиши билан кечувчи касалликни ўзбеклар “қора ҳалак”, тожиклар “хун гирифта” ёки “хуни муни” деб аташган.

   Абу Али Ибн Синонинг издошларидан бўлмиш Журжоний ҳали 1110 йилда ўзининг “Хоразм хазинаси” асарининг олтинчи китобининг “майда касалликлар ҳақида” номли бўлимида шунга ухшаш касалликни таърифлаб, уни канага ўхшаш майда ҳашарот юқтириши ҳақида айтиб ўтган. Касалликнинг айни пайтдаги номи- “Қрим-Конго геморрагик иситмаси”- олимлар томонидан касаллик қайд этилган ҳудудлар ва касалликнинг узига хос белгиларидан келиб чиққан, чунки касаллик илк бор 1944 йилда Қримда кўчманчилар ва ҳарбийлар ўртасида, 1945 йилда эса Конго давлатида расман қайд этилган, касаллик тананинг деярли барча қисмида қон қўйилишлар ҳамда юқори ҳарорат билан кечиши эса унинг геморрагик (лотинча-қон қўйилиши) иситма деб аталишига сабаб бўлган.

Касалликнинг асосан баҳор-ёз мавсумида қайд этилиши касаллик қўзғатувчиси манбааси бўлган каналар фаоллиги билан боғлиқ, чунки каналар кунлик ҳарорат ўртача 10 даража ва ундан юқори бўлганда фаоллашиб озуқа манбаси-иссиқ қонли ҳайвонлар ёки одамларга ҳамла қилади.

Касалликнинг одамларга юқиши кана чаққанда, каналарни қўлл билан олиб ташлаш, қайчи билан кесиш жараёнида қон сачраши, шунингдек касал одамлар билан контактда бўлиш жараёнида рўй беради.

Касалликнинг яширин даври 1 кундан 14 кунгача, ўртача 4-6 кунни ташкил этади. Касаллик тана ҳароратининг кескин кўтарилиши (39-40 даражагача), бош оғриги, мушакларда, бўғинларда, қорин ва бел соҳасида оғриқлар пайдо бўлиши билан бошланади. Беморнинг иштаҳаси йўқолади, дармони қурийди, кунгли айниб қусади, ичи суюқ утади, юзи ва шиллиқ пардаларнинг қизариши кўзатилади.

Озроқ вақт (бир неча соат ёки кун) ўтгандан сўнг тана ҳарорати тушади ва одам ҳудди соғайгандек туюлади, лекин сал ўтмасдан касалликнинг иккинчи-геморрагик даври бошланади. Бунда бурундан қон кетиши, терида нуқтасимон қон қўйлишлар, укол қилинган жойларда қон қўйилишлар, кўзатилади. Қон қўйилиши ички аъзоларда (ошқозон-ичак, бачадон) рўй бериши мумкин. Касал одам ажратмаларида (қон, қусиқ моддалари, сийдиги, ва бошқалар) кўплаб касаллик вируслари бўлиб, атрофдагиларга катта ҳавф тўғдиради. Агар ўз вақтида касалхонага мурожаат этилмаса кўп қон йўқотиш натижасида беморнинг аҳволи оғирлашиб, юрак-қон томир етишмовчилиги ва бошқа органлар фаолияти чуқур бузилиши натижасида бемор ҳалок бўлиши мумкин.

Касалликни даволаш фақат махсус стационарларда ўтказилади, ўйда даволаш мумкин эмас, бу бемор ҳаётига ва атрофдагиларга катта ҳавф туғдиради. Касаллик барвақт аниқланса ва тегишли даво чоралари ўз вақтида ўтказилса беморлар тўлиқ соғайиб кетади.

Касалликни юқтирмаслик учун қўйидаги қоидаларга қатьий амал қилиш лозим:

        ҳайвонларни боқиш, чорва озуқаси жамғариш, дала ишларини бажариш ёки шунчаки табиат қўйнида дам олиш учун чиққанда канадан ҳимояланиш чораларини кўриш: кийим имкон даражасида очиқ рангли булса кийимда юрган кана тез кўзга ташланади. Ҳар соатда ўзингизнинг, ҳамроҳингизнинг устини кўздан кечириб кана бор-йўқлигини аниқлаб туриш;

   каналарни яқинлаштирмайдиган репеллентлардан фойдаланиш;

   чорва ва уй ҳайвонларида канани пайқасангиз уни қўл билан олиб ташлашга ёки қайчи билан кесишга ҳаракат қилманг, дарҳол ветеринария мутахассисига мурожаат қилиб, унинг маслаҳат ва кўрсатмаларини бажаринг;

   эсда тутинг, кана одам танасига ўтиб олгандан кейин дарҳол чақмайди, аввал ўзига қўлай жой қидиради (қўлтиқ ости, чатан ва бошқа иссиқ ва пана жой), бу вақтда уни пайқаб қолсангиз пинцет ёрдамида, резина қулқоп билан олиб ташланг, агар кана танага ёпишган бўлса уни зинҳор юлиб олманг, кананинг нафас олиш аъзоси танасининг орқа қисмида жойлашган бўлиб, унинг устига камфора ёғи, агар у йўқ бўлса оддий ўсимлик ёғини томизсангиз нафас ола олмай қолган кана ўзи сўрғичини танадан чиқаради, кейин уни осонгина пинцет ёки резина қўлқоп билан олиб ташлаш мумкин, тиббиёт маскани яқин бўлса имкони борича дарҳол тиббиёт ходимларига мурожаат қилинг, у ерда канани олиб ташлаб, ўзингизни малакали мутахассилар тиббиёт кузатувига олади.

   Чорва молларининг жунини қирқиш олдидан уларга махсус воситалар ёрдамида каналарга қарши ишлов бериш;

қирқимга жалб қилинган ишчилар тўлиқ махсус кийим (этик, комбинезон, қўлқоп) билан таъминланиб, гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш;

ветеринария кўригидан ўтказилмаган, касал ҳайвонларни сўймаслик;

   молхона, қўра-қўтонларда мунтаззам равишда каналарга қарши дезинсекция тадбирларини ўтказиб бориш, аҳлат ва гунг йиғилиб қолишига, сичқонлар ва бошқа кемирувчилар кўпайишига йўл қўймаслик.

  Крим-Конго геморрагик иситмасига қарши эмлама, махсус даволаш усули мавжуд эмас, касалликнинг олдини олиш мақсадида ветеринария, соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиология назорати органлари томонидан ҳар йили чорва молларинига ишлов бериш, қўра-қўтонларда дезинсекция ўтказиш, чўпон ўйларига ишлов бериш, ҳар хил ветеринария ва тиббиёт препаратларини харид қилиш тадбирлари ўтказилиб борилмоқда. Қиймати бир неча юз миллион сўмни ташкил этувчи ушбу профилактик тадбирлар фуқароларимиз томонидан юқорида қайд этилган оддий қоидаларга риоя қилинмаса кутилган самарани бермайди ва касаллик чиқиши хавфи сақланиб қолади

Хулоса қилиб айтганда юқоридаги қоидаларга қатъий амал қилсак, ушбу мақолада қайд этилган Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллигининг олдини олиш чора-тадбирларини бошқаларга ҳам тушинтириб борсак ўзимизнинг ва атрофдагиларнинг соғлигини ҳимоя қилган бўламиз.

Оқолтин туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими  

Report Page