148-149-САВОЛ

148-149-САВОЛ

@Savollar_kanal
«Зикр аҳлидан сўранг» 1-қисм

Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх ҳазратлари! Мен уйланганман, аёлим ҳомиладор, яқинда фарзандли бўламиз. Шу борада саволим бор эди. Аёлим она бўлганидан сўнг маълум бир муддат жинсий алоқада бўлолмайман ва алоқага рухсат бўлганида яна ҳомиладор бўлиб қолиш эҳтимоли бор, ваҳоланки, фарзандимиз ҳали анча кичкина ва аёлимга қийин бўлишини ўйлаган ҳолда вақтинчалик ҳомиладор бўлмаслик учун ҳозирда «спираль» деган нарса аёл ичига жойлаб қўйилади, буни қўллаш жоизми? Шу масалани, яъни «вақтинчалик ҳомиладан муҳофазаланиш» масаласини ойдинлаштириш имкони борми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳадисларда бу иш «азл» деб аталади. Бу эркакнинг жинсий алоқанинг сўнгида уруғликни ташқарига тўкишидир. Ҳанафий, моликий ва бир қавлда шофеъий мазҳабларида: «Аёлнинг беморлиги ва эмизикли боланинг соғлигига зарар етиши аниқ бўлганида аёлнинг изни билан азл қилиш жоиз», дейилган. Демак, эр-хотин келишиб, адолатли табибларнинг зарар ҳақидаги гувоҳликларини олиб, фақат вақтинча ҳомилани ман қилувчи воситаларни ишлатса бўлади. Ҳеч кимнинг ёдидан чиқмаслиги лозим бўлган ҳақиқат – Исломда наслни чеклаш мутлақо мумкин эмаслигидир. Валлоҳу аълам.

Мен яхши ниятлар билан хусусий туғуруқхона очган эдим. Лекин баъзида, ўзимиз истамаган ҳолда, ҳали ­дунёга келмаган болаларни оналаридан жудо қилишимизга тўғри келади. Айтинг-чи, тиббиётдаги бу вазифани бажариш мени гуноҳкор қилиб қўядими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳозир қонунан ҳам ҳомилани олиш тақиқланган, шариатда ҳам ҳомилани олишга рухсат йўқ. Хусусан, турмушга чиқмаган қизлар бўлса, зино қилиб, гуноҳкор бўлиб турган бўлса, уларнинг айбини беркитиш маъносида қилинадиган ҳомилани олиш каби ҳолатлар тўғри иш эмас. Шунинг учун шариат кўрсатмаларини ҳам, қонуний талабларини ҳам бузмаслик керак бўлади. Инсонларга яхшилик қилиш ниятида очилган бўлса, туғишига ёрдам берсинлар, ана шу яхшиликдир. Боласини тушиб кетишидан сақлаб қолиш амалиётлари бор, муолажалар, даволашлар бор, хуллас, савоб бўлувчи бошқа яхши ҳолатлар кўп. Туғуруқҳоналарда савоб учун ҳаракат қилиш керак.

Зинодан бола орттирганларнинг ҳомиласини яширинча, шариат ва қонунга хилоф равишда олиб ташлаш борасида қилинаётган ишлар савоб бўлмайди, аксинча, гуноҳ бўлади. Валлоҳу аълам.

© Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

«Зикр аҳлидан сўранг» каналига уланиш

Report Page