147-САВОЛ

147-САВОЛ

@Savollar_kanal
«Зикр аҳлидан сўранг» 1-қисм

Аборт қилишни гуноҳ санаймиз. Спиралъ қўйишни ҳам ҳаром деб эшитдим. Шариат нуқтаи назаридан жавоб берсангиз.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Саволингизда келган маъно айнан ушбу масаладаги шариат ҳукмининг хулосасидир.

Ҳомилани олдириб ташлаш бировнинг жонига суиқасд қилишдир. Агар олиб ташланмаса, у ҳам тўлақонли инсон бўлар эди. Шунинг учун ҳомилани олдириб ташлашга шариатда рухсат йўқ.

Аёлларнинг ҳомилани ман қилувчи воситаларни ишлатишлари ҳам ўзларидаги бола кўриш қобилиятини йўққа чиқаришдир. Одатда, «Бола кўпайса, боқа олмай қийналаман, болани тарбиялаш оғир, у билан машғул бўлиб, ўйин-кулгидан қоламан» каби баҳоналар ила фарзанд кўришдан қочилади. Бу ҳам гуноҳ ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

وَلاَ تَقْتُلُواْ أَوْلاَدَكُم مِّنْ إمْلاَقٍ نَّحْنُ نَرْزُقُكُمْ وَإِيَّاهُمْ

«Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз» ­(Анъом сураси, 151-оят), деб марҳамат қилган.

У Зот бошқа бир оятда яна:

وَلاَ تَقْتُلُواْ أَوْلادَكُمْ خَشْيَةَ إِمْلاقٍ نَّحْنُ نَرْزُقُهُمْ وَإِيَّاكُم إنَّ قَتْلَهُمْ كَانَ خِطْءًا كَبِيرًا ۝

«Болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг. Биз уларни ҳам, сизларни ҳам ризқлантирамиз. Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир» (Исро сураси, 31-оят), деб марҳамат қилган.

Жоҳилият даврида арабларда фақирлик ва очликдан қўрқиб фарзандни тириклай кўмиб юбориш одати бор эди. Ҳозирги замон жоҳилиятида ҳам очлик ёки кўп сарф-харажатдан қочиб фарзандни туғмаслик, битта ёки иккитадан оширмаслик одати кенг тарқалган. Бу аввало эътиқод бузуқлигига бориб тақалади. Аллоҳ таолога иймони йўқ ёки бузуқ ақийдадаги, Аллоҳ таоло ҳаммага ризқ беришга қодирлигини инкор этадиган одамгина фақирликдан қўрқиб ўз болаларини ўлдириши, яъни туғилишни тўхтатиши мумкин.

«Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир».

Катта гуноҳдир. Аллоҳнинг розиқ эканлигига иймон келтирмасликдир.

Бугунги куннинг мусулмон уламолари онанинг ҳаёти хавф остида қолганда ва ҳомилага жон кирмасдан олдин уни олдириш мумкинлигини таъкидлайдилар. Шунингдек, онанинг ҳаёти хавф остида қолганда ҳомилани ман қилувчи воситаларни ишлатишга рухсат бор, дейдилар. Валлоҳу аълам.

© Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

«Зикр аҳлидан сўранг» каналига уланиш

Report Page