144-САВОЛ

144-САВОЛ

@Savollar_kanal
«Зикр аҳлидан сўранг» 1-қисм

Ислом динининг тушни таъбир қилишга муносабати қандай?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Туш инсон ҳаётининг ажралмас қисми ҳисобланади. Туш ҳақида ҳар хил гап-сўзлар ва тушунчалар бор. Ислом нуқтаи назаридан тушга қарайдиган бўлсак, албатта, бу нарса Қуръони Каримда ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам муолажа қилинган.

Қуръондаги Юсуф сураси туш кўришдан бошланиб, ана шунга бағишланган сурадир. Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари кўп туш кўрганлар ва туш тўғрисида кўпгина ҳадисларни айтганлар. Жумладан, тушнинг таъбири тўғрисида ҳам бир қанча ҳадислар бор.

Ҳадис китобларига қарайдиган бўлсак, бу тўғрида алоҳида боб ҳам бор. Биз ёзиб охирига етказган 39-жуздан иборат «Ҳадис ва Ҳаёт» номли китоблар силсиласининг бир жузи ҳам «Туш ва масаллар» деган номни олган.

Мана шу китобда туш ҳақидаги Исломий таълимотларни жамлаб ва тартибга солиб, ватан-дошларимизга тушунтиришга ҳаракат қилганмиз.

Туш тўғрисида қисқача маълумот берадиган бўлсак, туш уч хил бўлади. Биринчиси: алғов-далғов ва бузуқ тушлар бўлиб, шайтон томонидан амалга оширилади.

Иккинчиси: шарт-шароитлари вужудга келган пайтда башорат сифатида қабул қилинадиган тушлар.

Учинчиси: инсоннинг уйғоқлик пайтида, айниқса, уйқудан олдинги суҳбатлари ёки ўйлаган фикрлари, хаёлига ўрнашиб қолган турли ҳодисаларнинг давомини тушида кўриш ҳодисалари ҳам бўлади.

Ёмон туш кўрган одам уйғониб кетганидан кейин чап тарафига уч марта туфлайди-да, Аллоҳ таолодан паноҳ сўраб, тушини ҳеч кимга айтмай юради. Чунки ҳадисда келишича, тушни айтилса, биринчи таъбир қандай бўлса, ўша ёққа қараб бурилади. Яхши тушни ҳам айтиладиган бўлса, илмли одамларга ёки ўзининг яхши кўрадиган одамларига айтиш керак. Чунки илмли киши ва яхши кўрган одами доимо тушни яхшиликка таъбир қилишга ўтади ва иншааллоҳ, унинг оқибати яхши бўлади, деган умидда бўлади.

Шу билан бирга, туш кўрганда ҳеч нарсага қарамай таъбир қилиш жоиз эмас, балки туш таъбирининг ўз шартлари бор. Жумладан, тушнинг ҳақиқийси, яъни башорат бўладигани киши таҳорат билан ётган бўлиб, ўйламаган нарсаси тушига кириб, кун билан тун ораси яқинлашган, яъни тонг пайтида кўрган тушлари таъбирга лойиқ ҳисобланади.

Умуман олганда, туш кўриш мавсуми ва яна бошқа кўп нарсалар таъбир қилишда эътиборга олиниши керак бўлган омиллардандир. Бу тўғрида алоҳида китоблар ҳам бор. Менда ҳам бу мавзуда катта иккита жилдли китоб бор. Лекин туш ҳамма нарсага боғлиқ, тушга қараб иш қилиш керак, деб тушуниб қолмаслик лозим. Туш жуда бўлганда бир аломат, ишора маъносида бўлади, холос. Валлоҳу аълам.

© Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

«Зикр аҳлидан сўранг» каналига уланиш

Report Page