142-143-САВОЛ

142-143-САВОЛ

@Savollar_kanal
«Зикр аҳлидан сўранг» 1-қисм

Бирга ишлайдиган ҳамкасбим учрашувларга муттасил равишда огоҳлантирмай бир, бир ярим соат кечикиб келади. Шу пайтда менинг жаҳлим чиқади. Лекин унга ҳеч нарса демайман. Куттирган одам менга зулм қилган ҳисобланадими? Узр, балки бу майда саволдир.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Албатта, зулм қилган ҳисобланади. Мухлисимиз саволнинг охирида: «Узр, балки майда саволдир», дебдилар. Йўқ, бу майда савол эмас. Бу катта савол. Чунки катта ишлар майда ишлардан бошланади. Агар ўзи ваъда қилган учрашувга бир, бир ярим соат кечикиб келадиган бўлса, бу нарса катта саволга арзигулик тасарруфдир. Чунки бундай тартибсизлик, ваъдага вафо қилмаслик, ўзи билан ҳамкорлик қилаётган кишиларнинг ҳам қадрини билмаслик, вақтининг эҳтиромини қилмаслик ва яна бошқа ҳолатлар жуда катта иллатлардан ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам динимизда ваъдага вафо қилиш доимий равишда таъкидлаб келинган. Ваъдага вафо қилмаслик эса энг ёмон ахлоқ сифатида қораланган.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنَ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ النَّبِيَّ ﷺ قَالَ: «الْعِدَةُ دَيْنٌ». رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ваъда қарздир», дедилар.

Табароний ривоят қилган.

Қарзни узишга қандай ҳаракат қилинса, берилган ваъдани адо этишга ҳам худди шундай ҳаракат этиш лозим бўлади.

Берилган ваъдани адо қилмаслик эса мунофиқларнинг сифатидир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: «... وَإِذَا وَعَدَ أَخْلَفَ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«...Қачон ваъда берса, хилоф қилади», дедилар.

Икки шайх ривоят қилишган.

Шунинг учун каттами, кичикми, эркакми, аёлми – бундай нарсаларга алоҳида эътибор билан қараши берилган ваъдани ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилиши керак. Белгиланган учрашувларга кечикиб келиш ўзини беҳурмат қилиш бўлади. Қолаверса, бу ўзгаларни ҳам ҳурмат қилмаслик, уларнинг вақтини зое кетказишдир. Ва натижада ҳурмати йўқолиши, бировларнинг олдида ваъдабоз инсон сифатида қадрсиз бир ҳолга тушиб қолиши мумкин. Аллоҳ таоло бундай ҳолдан Ўзи асрасин ҳамда барчамизни ваъдага вафо этадиганлардан қилсин. Валлоҳу аълам.

Ўзимдан катта одамга салом берсам, алик олмайди ёки менсимайгина қўл узатади. Саволим шуки, ўша одамга салом бермаслигим мумкинми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Мусулмон одам ҳолатдан келиб чиқиб, ўзи таниган-у, танимаган кишига салом бериши суннат ва одоб ҳисобланади. Саҳобаи киромлар ривоят қилиб айтадилар:

«Биз доимий равишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йўлиқсак, аввал салом беришга ҳаракат қилар эдик. Лекин у зот биздан аввал салом бериб улгурар эдилар».

Ҳаммамиз яхши билишимиз лозимки, салом бериш суннат бўлса, алик олиш вожиб бўлади. Сиз бир кишига салом бердингизми, Ислом одобини адо қилдингизми, мусулмонлик ҳаққини бўйнингиздан туширдингизми, сиз шунга савоб оласиз. Саломингизга алик олган киши одоб юзасидан, суннат юзасидан, шариат юзасидан ўзига тушган масъулиятни адо этган бўлади. Энди, алик олмаса, беодоблик қилиб, вожиб нарсани тарк этган бўлади. Сиз эса ундан ўксимаслигингиз ва салом бермай қўйсам бўлармикин, деган хаёлга бормаслигингиз керак. Балки салом беришда бардавом бўлинг, бунга савоб ёзилади. Алик олмаган одамнинг эса гуноҳи ўзига. Шунинг учун бу одобга амал қилиб боришни тавсия қиламиз. Валлоҳу аълам.

© Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

«Зикр аҳлидан сўранг» каналига уланиш

Report Page