141-САВОЛ

141-САВОЛ

@Savollar_kanal
«Зикр аҳлидан сўранг» 1-қисм

Муҳтарам Шайх ҳазратлари! Сизга иккита саволим бор эди. Яқинда ёши улуғроқ бир одам, аниқроғи, ибодатда бўлмаган мусулмон менга иккита китоб берди. Улар Польша ёзувчиларидан бири Зенон Косидовскийнинг китоблари, номи «Сказания евангелистов» ва «Библейские... (адашмасам) истории». Шу одам менга «Қайта-қайта ўқигин», деб тавсия қилди. Китобларни кўз югуртириб, варақлаб чиқдим. Муаллиф ижоди Польша социализм даврини кечираётган пайтга тўғри келгани учунми, Инжил китоби ва улардаги воқеа, ўгитлар бир оз танқидий равишда ва умуман тор доирада ёритилган, бу китоб «тарихий манба»дан ўзга нарса эмас, дея баҳо берилган. Саволим шуки, бу каби китобларни ўқиш мумкинми? Инжил борасида бир ҳадисни эшитгандим, Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Умар розияллоҳу анҳунинг қўлларида Инжилни кўрганларида: «Эй Умар, агар ҳозир Мусо алайҳиссалом тирик бўлганида ҳам мен даъват қилаётган динга эргашишдан бошқа чораси бўлмас эди», деган эканлар. Яъни уни ўқиш мусулмонга жоиз эмас. Лекин мен тасвирлаган китоблар-чи? Ишхонада бир аҳли китоб аёл совға сифатида насроний китоблардан берганди, улар ҳаттоки ўзбек тилига ҳам ўгирилган. «Сулаймоннинг ҳикматлари китоби», «Шоҳ Дониёр» Бу номли китоблар Инжил бўлаклари ҳисобланади, шундайми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аслида, ўзингиз мисол келтирган ҳадисда барча саволларингизга жавоб бор. Ҳазрати Умардек зот учун Инжилни ўқиш тақиқлангач, бошқа гапга ҳожат борми? Агар Инжил ва Тавротнинг асл, ўзгармаган матни мабодо топилиб қолса ҳам, Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда таъкидлаганидек, Қуръон нозил бўлиши билан ундан олдинги барча китоблар амалдан қолган.

Шаръий ҳукмлар учун фақат Қуръони Карим асос ҳисобланади. Бу ҳақда Аллоҳ таолонинг Ўзи шундай деб марҳамат қилган:

وَأَنزَلْنَا إِلَيْكَ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ مُصَدِّقًا لِّمَا بَيْنَ يَدَيْهِ مِنَ الْكِتَابِ وَمُهَيْمِنًا عَلَيْهِ فَاحْكُم بَيْنَهُم بِمَا أَنزَلَ اللّهُ

«Ва Биз сенга Китобни ҳақ ила, ўзидан олдинги китобни тасдиқловчи ва унинг устидан назорат этувчи қилиб нозил қилдик. Бас, улар орасида Аллоҳ нозил этган нарса ила ҳукм юрит» (Моида сураси, 48-оят).

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

وَمَن يَبْتَغِ غَيْرَ الإِسْلاَمِ دِينًا فَلَن يُقْبَلَ مِنْهُ وَهُوَ فِي الآخِرَةِ مِنَ الْخَاسِرِينَ ۝

«Ким Исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўрувчилардан бўлади» (85-оят).

Яъни Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлган ягона Ислом динининг охирги ва мукаммал кўриниши Муҳаммад алайҳиссаломга юборилган ҳақиқий Ислом динидир. Шунинг учун мусулмонлар Инжил ёки Тавротни эмас, фақат Қуръони Каримни ва унга боғлиқ кейинги китобларни ўқишлари керак. Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

فَوَيْلٌ لِّلَّذِينَ يَكْتُبُونَ الْكِتَابَ بِأَيْدِيهِمْ ثُمَّ يَقُولُونَ هَذَا مِنْ عِندِ اللّهِ لِيَشْتَرُواْ بِهِ ثَمَناً قَلِيلاً فَوَيْلٌ لَّهُم مِّمَّا كَتَبَتْ أَيْدِيهِمْ وَوَيْلٌ لَّهُمْ مِّمَّا يَكْسِبُونَ ۝

«Китобни ўз қўли билан ёзиб, сўнгра уни арзон баҳога сотиш учун: «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдиганларга ҳалокат бўлсин! Уларга қўллари билан ёзган нарсаларидан ҳалокат бўлсин! Уларга топган фойдаларидан ҳалокат бўлсин!» дейди (79-оят).

Ояти карима зикр қилган «арзон баҳо» ҳақида Имом Ҳасан Басрий: «Арзон баҳо – дунё ва унинг нарсаларидир», деган эканлар. Дунёга молу бойлик, мансаб ва бошқалар киради.

Бас, шундай экан, бугунги кунда «Таврот», «Инжил» ёки «Муқаддас китоб» номи ила нашр этилаётган бирорта китобни, хусусан, у китобларга ёзилган шарҳларни ўқимаслик лозим. Сиз айтиб ўтган китоблар ҳам шулар жумласидан.

Улар миссионерлар томонидан мусулмонларни диндан чиқариш мақсадида тайёрланган. Улардан сақланиш ва бошқа яқинларни, таниш-билишларни ҳам сақланишга чақириш лозим. Саволда зикр қилган барча мулоҳазаларингиз тўғри. Сизга ташаккур. Валлоҳу аълам.

© Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

«Зикр аҳлидан сўранг» каналига уланиш

Report Page