ᅠᅠ

ᅠᅠ

1 RAQAMLI MEDIA БЕПУЛ ТАЪЛИМ ТАҲРИРИЯТИ

УОЛТ  ДИСНЕЙ: МУВАФФАҚИЯТ ТАРИХИ!
  Эртаклар турлича бошланиши мумкин, аммо, албатта яхшилик билан тугайди. Эртак яратиш бўйича машҳур бўлган бизнинг бугунги қаҳрамонимиз Америкалик мультипликатор, кинорежиссёр, сценарист, продюсер ва тадбиркор Уолт Диснейнинг ёшлиги бахтли бўлган деб айта олмаймиз, аммо, у омадли ҳаёт йўлини босиб ўтди.
Кинематография оламида биринчи бўлиб мусиқий ва тўлиқ метражли мультфильмлар ижодкори Уолт Дисней ўз фаолиятида улкан ютуқларга эришди. У умри давомида 111 фильмларга режиссёрлик ва 576 кинофильмларга продюсерлик қилди. У 29 маротаба «Оскар» ва 4 маротаба «Эмми» мукофотларининг, Йельс ва Гарвард университетларининг фахрий унвонларининг, АҚШнинг энг олий мукофоти – Озодлик медалининг соҳибидир. Унинг номига, бири телевиденияни ривожланишига, иккинчиси кино санъатини ривожланишига қўшган ҳиссаси учун Голливуд Аллеясида иккита юлдуз ўрнатилган. Аммо, мукофотларнинг энг қадрлиси томошабинларнинг унга нисбатан ҳурматидир. Биз сизга кинематография соҳасида ўчмас из қолдирган Уолт Дисней ҳақида ҳикоя қилишга қарор қилдик. 
Ёшлиги.
Уолт (Уолтер) Элайас Дисней 1901 йил 5 декабрь куни Чикагода камбағал оилада туғилди. Уолтнинг отаси оилани боқиш учун нима иш билан шуғулланмасин ҳеч қачон омади келмаган. Балки шунинг учун ҳам у фарзандларига нисбатан қаттиққўл бўлгандир. Уолт ҳам акаси каби отасидан кўп калтак еган. Отанинг фикри бўйича фақат жисмоний жазо болани тарбиясига ижобий таъсир этиши мумкин. Уолтнинг онаси меҳрибон эди, у отасидан дакки эшитган ўғлига кўп эртаклар айтиб берар, балким ҳар доим яхшилик билан якунланувчи мана шу эртаклар унинг келажагига ижобий таъсир қилган бўлиши мумкин.
Уолт 5 ёшда тўлганида уларнинг оиласи Миссури шаҳрига кўчиб ўтишди. Уолт иқтидорли бола бўлиб кўп нарсага қизиқар, айниқса расм чизиш унга жуда ёқар эди. Аммо, расм чизгани учун ҳам отаси томонидан жисмонан жазоланар эди. Уолт расм чизишни давом эттирмаслиги ҳам мумкин эди, лекин бахтли тасодиф туфайли у расм чизишни давом эттириб катта муваффақиятларга эришди.
Диснейлар оиласининг аксарият қўшнилари ёқимтой Уолтни яхши кўришар эди. Шундай қўшнилардан бири, доктор Шервуд Уолтнинг расм чизишга қизиқиши ва қобилиятини кўриб, миниб юрган отининг расмини чизиб бериши учун ёш рассомга 25 цент беради. Бу воқеа Уолтни рассом бўлишига туртки бўлди ва тез орада у ўзи чизган расмларини сотиб пул ишлай бошлади.
Фаолиятини бошланиши.
1917 йил Диснейлар оиласи яна Чикагога қайтиб келишди. Биринчи жаҳон уруши даврида Уолт ҳарбий хизматга чақирилиб Францияда Қизил хоч жамиятида автомобиль ҳайдовчиси бўлиб хизмат қилган. Урушдан кейин Уолт Канзас-Сити шаҳрига келиб маҳаллий газетада карикатурчи бўлиб ишга киради. Аммо, бир ойдан кейин «расм чизишга қобилияти йўқлиги» сабабли Уолт ишдан бўшатилди. Балки ўша даврда газета раҳбарлари Уолт келажакда расм чизиб машҳур инсон бўлишини тасаввур қилганларида, бундай хатога йўл қўймаган бўлармидилар.
1920 йил Уолт киностудияга рассом бўлиб ишга киргандан сўнг ўз қобилиятини намоён этишни бошлади. У анимация соҳасида тажрибалар ўтказиб, дўсти билан ҳамкорликда «Laugh-O-Gram» студиясини ташкил этади. Аммо, ишлар ижобий натижа бермади ва тез кунда студия банкротга учради.
Уолт студия банкротга учраганидан тушкунликка тушмади. У акаси Рой билан биргаликда Лос-Анджелесга кўчиб ўтишди ва «The Walt Disney Company» студиясини ташкил этишди. Дастлабки вақтлари студияда ака-ука Диснейлар ва Уолтнинг дўсти Аб Айверкс фаолият олиб боришган. Қизиғи шундаки студия гаражда жойлашган эди. Аҳамият берганмисиз, бизнес оламида катта муваффақиятга эришган инсонлар дастлабки фаолиятини гаражда бошлашган. Балки Америкаликлар «бизнес гаражда бошланмаса, муваффақиятга эришиб бўлмайди»,- деган тушунчага амал қилишар. Нима бўлганда ҳам Уолтнинг ишлари аста секин юриша бошлади.
Уолт Диснейнинг фаолияти бўйича қисқача маълумот.
1.    1924 йилнинг март ойида «Алиса мўъжизалар мамлакатида» номли биринчи тижорат мультфильми яратилди.
2.    1927 йил яратилган Освальд исмли омадли қуёнча ҳақидаги мультфильм ижодкорларга машҳурлик олиб келди.
3.    1928 йили бутун дунёга машҳур Микки Маус образи пайдо бўлди.
4.    1930 йил «Махкумлар» фильмида машҳур кучукча Плутто образи томошабинлар нигоҳига тақдим этилди.
5.    1932 йил Уолт Диснейга «Гуллар ва дарахтлар» қисқа метражли фильми учун «Оскар» ва Микки Маус образи учун кинематография академиясининг махсус мукофотлари топширилди. Яна бир классик қаҳрамон- Гуфи яратилди.
6.    1933 йил экранга чиқарилган «Уч чўчқача» фильми Уолтга олтин медаль ва яна бир «Оскар» мукофотини олиб келди.
7.    1934 йил қисқа метражли «Ақлли товуқ» фильмида томошабинга  ўрдакча Дональд Дак образи намойиш қилинди.
8.    1935 йил Миллатлар Лигаси Уолт Дисней ижодини «яхши ният» тимсоли деб топди ва Фахрий медаль билан тақдирлади.
9.    1937 йил ака -ука Гриммларнинг «Оппоғой ва етти гном» асари асосида яратилган тўла метражли мультфильм 8 миллион доллар фойда келтирди.
10. 1940 йил ёзувчи Карло Коллоди асари асосида яратилган «Пиноккио» фильми катта муваффақият олиб келди. «Қадимий қўғирчоқ тарихи» фильмига олинган саундтрек навбатдаги «Оскар» мукофотига сазовор бўлди.
11. 1941 йилда яратилган тўла метражли «Дамбо» фильми Уолтнинг яна бир муваффақиятли лойиҳаси бўлди.
12. 1948 йил Уолт атроф -муҳит асраш ҳақида бир қанча рангли фильмлар яратди.
13. 1950 йилда яратилган «Золушка» анимацион фильмига «Олтин айиқ» мукофоти топширилди.
14. 1955 йил ёшлигида бир дона ҳам ўйинчоғи бўлмаган Уолт ҳақиқий эртаклар оламини яратди, Калифорния штатининг Анахайма шаҳрида «Disneyland Park» очилди.
15. 1961 йилда Уолт «Рангларнинг буюк дунёси» - кўрсатувини тайёрлаб теледастур соҳасида ҳам  биринчилардан бўлди.
16. 1961 йили Калифорния саънат институтига асос солинди.
17. 1964 йил Уолт Дисней АҚШ президентининг фармонига биноан -Озодлик медали билан тақдирланди.
18. 1968 йил Уолт ўлимидан кейин АҚШнинг олий мукофоти -Конгресс олтин медали билан тақдирланди.
Уолт Диснейнинг режалари кўп эди, аммо, 1966 йил 15 декабрь куни у вафот этди. Кўпчиликнинг фикрича унинг ўлимига кўп тамаки чекиши сабаб бўлган. Шунинг учун ҳам «The Walt Disney Company» студиясининг ходимлари бир овоздан ўз фильмларида тамаки маҳсулотини кўрсатишган воз кечишди.
Уолт Диснейнинг вафотидан кейин унинг акаси Рой укасининг яна бир орзусини рўёбга чиқарди. 1971 йил «Уолт Дисней дунёси» паркини қуриб битказди.
Шахсий ҳаёти.
Уолт Дисней 1925 йил ўзининг студиясида хизмат қилувчи Лиллиан Боундсга (1899-1997) уйланди. 1933 йили уларнинг оиласида қиз туғилди. Унга Дайана Мэри (1933-2013) деб исм қўйишди. 1937 йил Диснейлар оиласи қиз асраб олишди. Унга Шэрон Мэй (1936-1993) деб исм қўйишди.
«The Walt Disney Company» студиясининг раҳбарларидан бири, Сан-Францискодаги Уолт Дисней музейини (2009) ташкилотчиси Дайана Мэрининг хотирлашича унинг отаси оилапарвар бўлган. Бўш вақтларида оила аъзолари билан бирга бўлишга ҳаракат қилган.
Хотима.
Таҳлилчиларнинг фикрича Уолт Диснейнинг муваффақияти кучли ирода, ғайрат ва тиришқоқлигида. У мағлубиятга учраши мумкинлиги аниқ бўлган тақдирда ҳам чекинмаган. Уолт ўз ғоясига жуда ишонган ва мақсадга эришиш учун тинмасдан ҳаракат қилдан. Экспертлар Уолтга баъзи, хусусан; «Оппоғой ва етти гном», «Пиноккио» ва «Фантазия» фильмларни суратга олмасликни маслаҳат беришган, аммо, Уолтни букулмас иродаси туфайли фильмлар яратилди ва катта муваффақият олиб келди. Баъзилар «Disneyland Park» қуришдан воз кечишни маслаҳат беришган, аммо, Уолт ўз ғоясидан воз кечмади ва Дисней империясини яратди.
Уолт Дисней ХХ -асрнинг афсонавий халқ қаҳрамонидир.
«Агарда ишонч ва куч  бўлса, ҳар қандай орзуни  рўёбга чиқариш мумкин» Уолт Дисней
Манба: myrouble.ru

Report Page