Оммавий маданиятнинг салбий таъсирлари, ёт иллатларга қарши иммунитет

Оммавий маданиятнинг салбий таъсирлари, ёт иллатларга қарши иммунитет

☆☆☆F☆☆☆

Бугунги глобаллашув жараёнида ахборот технологиялари, айниқса, интернет ёшлар кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Тезкор маълумот олиш ва ахборот алмашишнинг энг қулай воситаси бўлган глобал тармоқ орқали кириб келаётган ахборот хуружларининг тобора ортиб бораётгани, инсонлар ва жамият ҳаётига ғоявий, мафкуравий таъсир ўтказишнинг ўткир қуролига айланиб улгургани ҳам айни ҳақиқат.

Афсуски ижтимоий тармоқларни назорат қилишнинг имкони йўқ. Интернетга янгиликлардан хабардор бўлиш, дўстлар билан мулоқот қилиш, мусиқа ёки фильм ёзиб олиш учун кираётган ёшлар «Оммавий маданият» ниқоби остидаги маънавий таҳдидлар ҳужуми остида қолаётганларини сезмай қолишяпти. Ёшларни бундай таҳдидлардан ҳимоя қилишнинг ягона йўли эса уларда ижтимоий тармоқлардан самарали фойдаланиш, ахборот, хабар ва маълумотларни таҳлил қилиш кўникмаларини шакллантириш, яъни, маънавий иммунитет ҳосил қилишдир. 

Ҳиндистоннинг озодлигига, равнақига, тараққиётига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган буюк инсон Маҳатма Гандига “Глобаллашув жараёнига Сизнинг муносабатингиз қандай?” деб, савол билан мурожаат қилишганда, у шундай жавоб қайтарган экан: “Мен ташқаридаги бўрондан қўрқиб, деразамни ёпиб қўя олмайман, чунки менга тоза ҳаво керак. Шу билан бирга, тоза ҳаво керак экан деб деразамни катта очиб ҳам қўя олмайман, чунки мени уйимни чанг-тўзон босиб кетишини хоҳламайман”.

“Оммавий маданият” ўзи нима?” деган саволга, бу ҳамма учун бир хил кўринишдаги, бир хил қолипдаги, ўзини, ўзлигини йўқотиш эвазига эришилган бир ҳолатдир дейиш мумкин.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Табиийки, “оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди” деб бежиз таъкидламаганлар.

Ҳозирги даврнинг ёшлари ўзига хос бўлган “ғоялар уруши” шароитида, уларнинг кескин тус олган вақтида яшамоқдалар. Ғарбдан кириб келган, ҳақиқий маданиятга умуман алоқаси бўлмаган, “Оммавий маданият” аталмиш, бу ажнабий ҳолат барчани бир тусга, бир қолипга, бир хил кўринишга, бир хил фикрлашга, бир хил турмуш тарзига одатлантиришга, урф-одатларимиздан, менталитетимиздан юз ўгиртиришга чиранмоқда, ота-боболаримиз “қора” деган нарсаларни “оқ”, “оқ” деган нарсаларини “қора” деб уқтиришга ҳаракат қилмоқда.

“Оммавий маданият”нинг баъзи бир кўринишларига тўхталиб ўтамиз:

Старизм – субъектив эҳтиросларга берилган ҳолда, эстрада артистлари, актёрлар, спортчилар, машҳур инсонлар, телевидение ва радио бошловчиларини илоҳийлаштириш.

Татуировка - Баданга турли хил шаклларни чизиш ва чиздириш Ислом динида катта гуноҳ ҳисобланади. Бу каби кўринишдаги амаллар миллий ўзлигимиз ва урф-одатларимизга ҳам мутлақо тўғри келмаслигини ёши катталар мунтазам такрорлашади. Тарихий китобларда ёзилишича, татуировка ашаддий жиноятчилар учун жазо воситаси ҳисобланган. На ўзлигимизга ва на динимизга тўғри келадиган, иймонимиз, жисмимизга зарар келтиришдан бошқа нарсага ярамайдиган бундай манфур амалдан биз ўзимизни, ва энг асосийси, фарзандларимизни асрашимиз кераклигини даврнинг ўзи тақозо этиб турибди.

Зўравонлик - бу инсонга етказиладиган ҳар қандай жисмоний, маънавий, руҳий, моддий тазйиқлар сирасидан жой олади, киради. Жумладан, ўзига нисбатан тазйиқ ўтказиш ҳам зўравонлик саналади. Бу каби кўринишдаги ҳолатлар ҳозирги кунда кенг авж олиб бормоқда. Унинг намойишлари ҳам турлича бўлиб, булар:

Хеппининг (ваҳшиёна “кўнгил очиш”лар). Бу каби воқеалар бизнинг мамлакатимизда деярли кузатилмайди. Лекин “оммавий маданият”нинг маҳсули бўлган фильм ва ўйинларнинг сарҳадларимиздан яшириниб, сездирмай кириб келиши ва уларни ёш авлод томонидан қабул қилиниши Ватанимизда ҳам хеппининг пайдо бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шунинг учун огоҳ бўлишимиз даркордир.

Нигилизм лотинча “ҳеч нима”, “ҳеч нарса” сўзидан олинган. Нигилизм - жамиятнинг ахлоқий, маънавий норма ва устунлари, умумэътироф этилган тарихий ва маданий қадриятларнинг инкор этилиши, шунингдек, уларга нисбатан мутлақо салбий, ўта танқидий муносабатда бўлиш; муайян ҳодисага бир ёқлама, келишувни рад этган тарзда муносабат билдириш; бузғунчилик ғояларини ўзида ифодалаш ва тарғиб қилиш.

Дунё ҳақидаги ишончли билимларга эришиш мумкинлигини шубҳа остига олувчи таълимотлардан бири скептицизмдир. У билим, тажридан кўра ҳиссий идрокни устун қўйиш ва шу асосда иш тутишдир, яъниўзларининг ҳис-туйғулари асосида иш кўришни энг мақбўл йўл деб билувчилар.


Вандализм - маданий ёдгорликларни, қадриятларни ваҳшийларча вайрон, оёқ ости қилиш, йўқотиш; маданиятсизлик, жаҳолат, нодонликни бир кўринишидир.

“Оммавий маданият”нинг манбалари:

Турли виртуал (компьютер) ўйинлар, айрим чет эл ва хусусий студияларда олинган ўзбек фильмлари, тум-тарақай, маъно-мазмунсиз қўшиқлар, чет эл телеканалларининг айрим кўрсатувлари, интернет ва ундаги турли ижтимоий тармоқлар, Уяли алоқа телефонлари, сариқ матбуот, урбанизация жараёни, исрофгарчиликка йўл қўйилган тантаналар ва тўйлар ҳамда ёлғон ахборот ва маълумотларни тарқатувчи ОАВ.

Бугунги кунда юртимизда истиқомат қилаётган европа миллатига мансуб ёшлар орасида кўпроқ тарқалаётган “эмо”, “гот” каби субмаданият йўналишларини тарғиб этувчи 10 дан ортиқ интернет сайтлари ишламоқда.

Мафкуравий иммунитет

Кези келганда айтиш жоизки, одамнинг маънавиятига таҳдид соладиган хавфлардан ўзини онгли ҳимоя қилиш кўникмалари таълим-тарбия, ота-оналар ўгити, яхшилик ва ёмонликларни кўриши ва билиши жараёнида шакллана боради. Болага илк ёшидан бошлаб нима яхши, нима ёмон, уларга қандай муносабат билдириш керак, деган саволларга асосланган боғча, мактаб тарбияси, ундан кейин ижтимоий тарбия йўлга қўйилсагина ҳар бир миллат соғлом, ишончли, мустаҳкам иммунитетга эга бўлади. Мустаҳкам иммунитет шаклланиши ўз навбатида, одамни тўғри йўлдан адашишининг олдини олади. Бахтсизлик, қолаверса миллатни парокандалик, парчаланишлардан, маҳаллий ёки турли бўлинишлардан асраб туради.

Демак, мафкуравий иммунитет – давлат ва миллатнинг маънавий бирлиги, маънавий соғломлигини ҳимоя қилувчи ғоявий қалқон вазифасини бажаради.

Шундай экан, маънавиятга қаратилган ҳар қандай таҳдид ўз-ўзидан мамлакат хавфсизлигини, унинг миллий манфаатлари, соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий ғовдир.

Демак, инсонлар онги ва қалби учун курашлар авж олаётган бугунги таҳликали давр биздан маънавий-маърифий тарғибот ишларини кучайтириш, халқимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, тинч ва осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган тажовузларга қарши курашишни талаб этади.




Report Page