12.03.2022

12.03.2022

Ибратли ҳикоя

САБОҚ...

Дастухондаги аталани кўрган Нозимнинг ранг-рўйи ўзгарди.

— Янами? Мен атала емайман!

— Болажоним, — ялинчоқ оҳангда сўзлади она, — онанг ўлсин, болам. Бундан ортиғига ҳозир кучим етмайди.

— Доим битта гапни қайтараверасиз! Ойи, айтинг қачон қурбимиз етади ўзи?

— Бир кун биз ҳам бойиб қолармиз.

— Қачон? Туянинг думи ерга теккандами?

— Шайтонга ҳай бер, болам! Кел, яхшиси, овқат еймиз.

— Мен атала емайман!

— Хўп, нима қил дейсан, болам? Фаррошнинг ойлиги билан рўзғор тебратиш осон эмас. Отанг тирик бўлганда, балки, яхшироқ яшармидик?

— Топиб олган гапингиз шу! Баридан тўйиб кетдим!

Она орқасига ўгирилиб, йиғлай бошлади.  Бола аччиқ билан ўрнидан турди ва ташқарига отилди. У кўчада узоқ санғиди ва цирк олдидаги ўриндиққа чўкди. Унинг кайфияти йўқ эди. Гўё елкасида оғир юк бордай букчайиб бораётганди.

— Пойабзалингиз йиртилган экан, тикиб берайми? — сўради биров.

Шундагина Нозим ўриндиқ қаршисида ўтирган этикдўз болани кўрди.

— Пулим йўқ! — деди у дағал оҳангда.

— Пулини топганда берарсиз, барибир, қиладиган ишим йўқ, — деди болакай.

Нозим этикдўзнинг таклифига кўнди ва эски пойабзални унга тутқазди.

— Дунёнинг ташвиши бўйнингизга тушганга ўхшайди? Нега бунча ғамгинсиз?

Нозим биринчи марта унинг камбағаллигидан кулмайдиган ва уни камситмайдиган дўст топганидан суюнди. У дардларини айтиб, кўнгил чигилини ёзди.

— Мен ҳам сиз каби етимман, — деди этикдўз бола унинг гапларини эшитиб. — На онам бор, на отам. Бу шафқатсиз дунёда синглимдан бўлак яқиним йўқ. Эрталаб мактабга бораман. Дарсдан сўнг бу ерга келаман. Топганим рўзғорга учма-уч бўлади. Лекин шунисига ҳам шукр!

Нозим этикдўз боланинг гапларини эшитиб, ўз ҳолидан нолиганига уялди.

— Мана, пойабзалингиз, янгидай бўлди. Энди мен борай, синглим кўзлари тўрт бўлиб кутиб ўтиргандир? Бўтқа пиширишим керак. У ҳали кичкина, овқат қилишни билмайди…

Этикдўзнинг ортидан қараб қолган Нозим йиғлаб юборди. Боланинг бир оёғи йўқ эди…

Report Page