1.2.

1.2.

Раъно Умидбахш

БУ ТУН ВИЖДОНЛАР УЙҒОНСИН...

Жаннатга мактуб.

(бадиҳа).

1.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокотуҳу...

Онажоним... Жаннатим, меҳрибоним, ғамхўрим, ҳокисорим онажоним.

Тунлари ёдингиз билан яшаб, хаёлингиздан ором олиб, ҳар бир сўзингизни хотирада яшатиб ва илҳом олиб яшаяпман онажон.

Менинг кунларим иккига бўлинган, биласиз. Биринчи бўлагини оила ташвишлари, рўзғор юмушлари, давлат ишлари ташкил этади.

Иккинчи бўлаги... Бу мен учун қадрдон бўлган лаҳзалар, ижод лаҳзалари, мутолаа лаҳзалари, иймон лаҳзалари, ўз-ўзимни сарҳисоб қилиш, виждон лаҳзалари...

Кунларимнинг икки қисмидаям сиздан мадад оламан, сиздан ибрат оламан, сизнинг хаёлингиздан қувват оламан. Назаримда сиз ҳар доим ёнимда юргандайсиз. Хатоларимни кузатиб, бош тебратиб, лаб тишлаётгандайсиз, "Хато қилишга ҳақинг йўқ" дея огоҳлантираётгандайсиз. Ютуқларимдан қувониб, юзингизда шодлик порлаётгандай туюлади менга.

Энди ўн икки йилдан буён менинг хаёлларимда яшайсиз, онажон....


Мана, бугун яна сизни ёдга олдим, онажон. Бу муқаддас кунда, моҳи Рамазон арафасида сизни эсладим...

Қанийди, оппоқ пахтадай сочларингизни силашга, ажин босган юзларингиздан ўпишга,

тиззангизга бош қўйиб эркаланишга бир лаҳза имкон тополсам...

Онажон, сиз мени яшашга ўргатдингиз. Оиламиз чироғи сиз эдингиз. Қалбимизнинг маёғи сиз эдингиз. Бирон сабаб билан, сиз уйда бўлмаган пайт, ўн фарзандингизнинг ҳам, ҳатто дадамнинг ҳам биринчи саволлари сиз ҳақингизда бўларди.

"Онам қани?"

"Онанг қани".

Бугун сочларим оқариб, ёшим элликдан ўтган бўлса-да, онажон, мен сизни соғиняпман.

Бу соғинч сизсиз кунларимда мени ёлғиз қолдирмади, мени асраб-авайлади, ижод қилишга ундади. Кўпроқ ёзишга, кўпроқ яшашга, кўпроқ ўрганишга ундади...

Энди-энди хаёлимда саволлар айланади

Сизнинг розилигингизга эришдимми? Берган сутингизни оқлай олдимми? Сизга лойиқ фарзанд бўлолдимми?

Бўлолмадинг дейишингиздан қўрқаман. Аммо ҳар доим сиз ўргатганингиздек, одамларга яхшилик қилишга уриндим.


Инсоннинг ёши улғая борган сари анчагина кўп нарсаларни кўраркан,кўпроқ хатолар қиларкан. Ана шу хатолар инсоннинг ўзини тарбияларкан. Виждонли инсон ўз хатосини англаб, бундан кейин такрорламасликка интиларкан...

Йиллар ўтавергани сайин, пулга сотилган ҳақиқатларни кўравериб, ҳақиқат борлигига ҳам ишонмай қоларкансиз. Инсонларнинг энди ҳақиқатданам қудратлироқ, кучлироқ бир эътиқодга эҳтиёжи бўларкан.

Ҳақиқат Ҳақ сўзидан олинган эмасми онажон? Ҳақ деганда сиз бизга Аллоҳни тушунилади дея ўргатгансиз... Демак, Ҳақиқат Ҳақда, Аллоҳда экан-да...


Болалигим Шўролар даврида ўтганди ойижон. Мактабда Хайрулла муаллим деган бир каззоб ўқитувчи бўларди. Хотиниям рус эди. Еттинчи-саккизинчи синфларда, мавзуни айтиб берсанг ҳам, битта оғир савол берарди.

-Қани айтчи, Худо борми, йўқми?

-Худо бор,- деган ўқувчи қанчалик аъло баҳоларга ўқимасин, икки оларди...

Мен ҳамма фандан яхши ўқирдим. Географиядан зўр ўқирдим. Азборойи икки олмаслик учун, Африка саванналари ҳам қолмай, Бермуд учбурчакларигача деярли ёд олгандим. Аммо барибир яхши баҳо олмасдим...

-Ҳа, Жўрани қизи, энди менга айт-чи, Худо борми, йўқми?

-Бор. У ҳар бир инсоннинг юрагида яшайди...

-Ҳммм, энди айт-чи.... Худо бор бўлса,ким уни кўрибди, манзили қандай экан, нима еб-нима ичаркан?

-Худо еттинчи осмонда яшаркан. Унинг юзини фақат фаришталар кўра олишаркан... Ҳеч нарса емаскан, ичмаскан...

-Еттинчи осмон дедингмии. Осмон битта бўлади... дунёлар миллионта...

Хайрулла малим кулди...

-Ҳеч нарса емаса-ичмаса, ҳеч ким кўрмаган бўлса... Демак у йўқ нарса экан-да....

-Кофир бўлманг, малим...

Ўқитувчининг тепа сочи тикка бўлди.

-Ўтир, сенга иккияммас, бир!

Мен йиғлаб, синфдан чиқиб кетдим. Алам қиларди-да, синфком бўлсам, энг аълочи, жамоатчи бўлсам, дарсни яхши билсам... Яна менга икки қўяди бу ўрис.


Дадам овдан эндигина келган эканлар, бурнимни тортиб кириб борганимни кўргач, келиб ҳолимни сўрадилар.

-Ҳа қизим, нима бўлди?

-Хайрилла ўрис икки қўйди, Худони масхара қилди.

Дадам воқеани мендан батафсил сўраб билгач, балиқларини совуткичга ташлаб, кийиниб мактабга йўл олдилар.

Ўша кун дадам ўқишдан кейин у билан очиқча гаплашган экан. Буни, эртаси кўзи кўкнамунага кирган муаллимнинг аҳволидан билиб олдим. Шундан кейин, Хайрулла муаллим ҳеч кимдан Худо ҳақида суриштирмай қўйганди.... Менга қўйган бирини эса, тўртга айлантирибди.

Агар, ўша уйга келган пайтим сизга учрашган бўлсам, воқеани сизга айтиб берган бўлсам, нима қилардингиз.

-Қўй болам, Аллоҳ ҳаммасини кўриб турибди. Аллоҳга топшир,-дердингиз.


Ўшанда, дадамдан хурсанд бўлгандим. Ҳақиқатни мушт билан бўлса-да, ўрната олибдилар.

Сен дадангга ўхшайсан дердингиз. Бундан фахрланардим. Ҳалиям дадамдай ўктам, бир сўзли, моҳир, виждонли бўлишга интиламан. Баъзан эплолмай қоламан...


Йиллар ўтди. Мен ўқишда пайтим, таътилга келганимда менга Хайрулла муаллимнинг оқибатини айтиб бергандингиз.

Икки фарзанди Россияга кўчиб кетибди. Хотини ўлгач, Хайрулла муаллим ақлдан озибди. Ўлиб қолганини ҳеч ким билмаганмиш. Уйида ўлиги сасиб кетган экан, ювмай, кафанламай, кийимлари билан кўмишибди...

Аллоҳни танимаганнинг аҳволи шу эмасми, онажон?!


Бугун муқаддас кун... Бу тун муқаддас тун...

Чунки бу тунда, ўзини мусулмон деб атаган пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. нинг умматлари рўза тутишади.

"Эй мўминлар, гуноҳдан сақланишингиз учун аввалгиларга фарз қилингандек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Фарз қилинган рўза, саноқли кунлардир. Кимки, касаллиги туфайли ёки сафардалиги боис тутолмаса, қазосини бошқа кунларда тутсин.

Рўзадан қийналадиган кишилар тутолмаса, ҳар куни бир мискин тўйгудек овқат фидя(эҳсон) берсин. Рўза тутиш сизлар учун оғзи очиқ юриш ва фидя беришдан яхшироқдир"(Бақара сурасининг 184-

ояти).

Рўза тунларида, тунлар бир тутам туюлади. Ибодат қилиб, мутолаа қилиб, оғиз беклаб, иймонингизни бутлаб ўтказсангиз бунга нима етсин.

Рўза нима учун даркор деб сўрардим болалигимда...

-Ҳар бир инсон, хоҳ у бой бўлсин, хоҳ у подшоҳ, вужудида очликни, ташналикни ҳис қилиши учун, қаноатни ўрганиши учун зарур рўза дердингиз, онажон.


Биз ўша қаноатни биламизми? Имкондан ортиқ эҳтиёжларни қондириш учун инсон туну кун югуради. Бой бўлгиси келади, икки қаватли иморатлар қуриб, машинада юргиси келади. Давраларда ўзининг бойлигини пеш қилгандай даста-даста пуллар сочади. Аммо қўшниси, бемор, кимсасиз бечорадан хабар олгиси келмайди. Ўтганларнинг руҳини ёдламайди. Уларнинг қўллаб-қувватлашини сезмайди.

-Омадим келди, мен омадлиман-дейди.

Яқинда бир синфдош дугонамни учратиб қолдим. Янги ўзбеклардан. Ўзини савдогар, олиб сотар, тижоратчи, алдамчи, юлғич демай, бизнесменман дейдиганлардан.

Шу дугонам, "Прадо" машинасини ёнгинамда юрғизиб, тинимсиз сигнал берарди... Тўхтадим.

-Ҳа, Ранош, қарагинг ҳам келмайди,-дейди.

-Мен, бегона машиналарнинг сигналига қарамайман.

-Шунча яшаб, ҳалиям пиёда юрибсанми? Топганинг ҳалиям машинага етмадими?- қаҳқаҳ уриб кулади.

-Пиёда, йўлкаларда юришни ёқтираман, манави гулларни машинадан кўриб, ҳидлаб бўладими...

Аммо дилим оғриди.

-Ёзувчи халқи бой бўлади-ку...

Улар ижодкорни ёзувчи-иғвогар дея ўйлашади, қанчалик калтабинлик...

Ҳаётнинг мазмуни бойликдами, онажон?

Оила оғзибирлиги, фарзандларни мўмин инсонлар қилиб тарбиялаш, бир-бировга меҳрибонлик, ғамхўрлик, меҳр-оқибат турган адолат палласи бойлик турган палладан баландда бўлиши яхшими, ёмонми?


"Бунақа гапларни елкангдан ошириб, орқангга отиб юбор. Орқангдагиларга тегсин. Буларни ўйлаб сиқилма" дердингиз. Аммо сиқилдим, хафа бўлдим, онажон.

Онажон, ҳақгўй бўламан деб, камчиликларни очиқ айтиб, кўп душман қозондим, иғвогарлар, туҳматчиларга нишон бўлдим. Эгилдим, букилдим, синдиришолмади. Кўп қийналдим. Энди- энди ўйлаб қарасам, сиз айтгандек, Аллоҳга солиб қўйишим керак экан.

Аммо, мен айтмасам, бошқа биров айтмаса, камчиликлар, хатолар, ёмонликлар маддалаб, иллатлар миллатимизни пароканда қилмайдими? Кимдир айтиши керак-ку, буларни...


Бу муқаддас тунда, яхши ниятлар билан...

Аллоҳдан умидвор бани инсон уйғонсин!

Кўксимизда мудраётган виждон уйғонсин.

Гоҳ унутиб қўйганимиз иймон уйғонсин!

2.

БУ ТУН ВИЖДОНЛАР УЙҒОНСИН...

Жаннатга мактуб.

2

Онажоним, бу мактубни барча оналари боқий дунёга рихлат қилган фарзандлар тилидан жаннатга йўллаяпман. Биламан, сиз жаннатлардасиз. Ўн фарзандни дунёга келтириб, ўстириб-улғайтирган, рўзғорида порлоқ чироқ бўлган, турмуш ўртоғига содиқ жуфт бўлган, ҳаётнинг оғир йўлларида фарзандларига суянчиқ бўлган оналар жаннатга киришини аниқку. Ҳадисларнинг бирида "Жаннат оналар оёғи остидадир" дейилган.

Сиздай ажойиб онам борлигидан фахрланаман. Қўни-қўшнилар, танишлар, қариндошлар сиз ҳақингизда гапиришса, хурсанд бўламан, бахтиёр, бахтли бўламан.

Дарвоқе, бахт. Онажон, бахт нима? Тириклигимиз бахт эмасми? Баҳори баҳордек, ёзи ёз каби, қиши қиш мисол ўтадиган, ҳар фасли ўз ўрнида ҳукмини юритадиган ажойиб юртда яшаётганимиз бахт эмасми? Тўққиз ойлаб қиш бўладиган, ёзи баҳордай илиққина ўтадиган юртларни кўрдим, мусофир элларда уйимни соғиниб, юртимнинг қадрига етдим...

Мусулмон бўлиб туғилганимиз, дунёнинг қайси бурчагида бўлмайлик, "Алҳамдулиллоҳ, мусулмонман" дея олишимиз бахт эмасми?

Бошқа бир юртларда, бошқа бир дин амалларига итоат қилиб яшаганимда мен рамазоннинг шафоатидан баҳраманд бўла олармидим?

Ҳайвонларга, бутларга, оловга, ҳар хил туморларга сиғинадиганлар ҳам ўз динини ёмон демайди, аммо...

Уларда биздаги ғурур, биздаги ишонч, биздаги эътиқод бормикин?

Яқинда бир нарса ўқиб қолдим.

Болалар туғилганида, онги топ-тоза дафтардай беғубор бўлади дейилган экан унда. Оналарнинг тарбияси асосида уларнинг онги шаклланиб боради. Мусулмон тарбиясини олса, мусулмон бўлиб улғаяди, яҳудий хонадонида улғайса, ўша диннинг аъмолларига риоя қилади, ҳинд аёли тарбиясини олса, бутпараст бўлади дейилган экан.


Эсимда, болаликдан бизга ўргатардингиз:

-Раббинг ким? Аллоҳ.

-Пайғамбаринг-Муҳаммадин расуллуллоҳ.

-Ҳаромлик-гуноҳ.

-Яхшилик-савоб.

Қиз боланинг обрўси-ҳаёси.

Бошингга қилич келсаям рост гапир....

Қўлингдан келганча, эҳтиёжи борларга ёрдам бер.

-Ёлғончилик- алдамчилик... Яъни ёлғончи одамнинг, халқ орасида обрўйи, қадри бўлмайди, одамлар унга ишонмайдилар, деб Алишер Навоийнинг "Ёлғончи чўпон" ҳикоятини айтиб берардингиз....

Бу нарсалар, болалигимиздан бизнинг онг-онгимизга сингиб кетган.


Бу тун ухламадим,онажон. Шундай ажойиб, дунё уйғоқ тунда ухлаб бўладими?

Бугун дунё мусулмонлари рўзаи рамазонни кутиб олишди. Бугун туни билан Аллоҳни севган бандалар рўза тутиб, ибодат қилиб, яхши ниятлар қилиб, тунда бедор бўлишади. Дунёларга тинчлик, юртларга фаровонлик, тўкин-сочинлик, ҳар бир инсонга омад-бахт тилайдилар.

Рамазон ойи йилларнинг ичида энг муқаддас, ибодатлар Аллоҳга етиб борадиган ойдир. Бу ойда Қуръон нозил этила бошлаган. Бу-инсониятга ўзлигини танитиш, қалбларга илоҳий нур олиб кириш, кўнгилларни нурафшон қилиш, буюк эътиқоднинг бошланиши эди. Қуръон оятлари нозил бўла бошлаган лаҳзаларданоқ, инсониятнинг ҳаёт йўриғи чизиб берилган сониялардир. "Биз инсонга йўл кўрсатиб қўйганмиз. Ҳоҳлагани шукр қилувчи, ҳоҳламагани куфр қилувчи бўлсин" дейилади Инсон сурасининг 3- оятида.


Рамазон ойининг энг асосини рўза тутиш ва хайр-саховат, эхсон бериш ташкил этади.

Рўза ҳаммага тушунарли. Аммо хайр-эхсон беришда кўпгина хатолар кўзга ташланиб қоляпти, онажон. Хайр-эҳсонлар "оғиз очар","ифтор" шаклида бўладими, худойи садақа шаклида бўладими, совға-салом шаклида бўладими, ёки пул ёрдами шаклида бўладими энг аввало, етим-есирларга, имкони чекланганларга, қари-қартангларга тарқатилиши керак. Аммо бизда тескариси, энг бой, имкони кучли, усти бут, дасти дароз, мансабдор шахслар таклиф этилади бу ерларга... Имкони чекланганлар бу ерга киришга имконсиз бўлиб қолаверади.


Рўза ҳам ибодат. Рўза тутиб тақво олиш, эҳсон бериб, савоб олиш мумкин.

"Рўза дўзах оловидан асровчи воситадир.

Рўза тутган киши ҳақорат сўзларни тилга олмасин, бақириб-чақирмасин, бировни масхара қилмасин. Агар кимдир у билан уришмоқчи бўлса, икки марта "Мен рўзадорман" десин. Бу рўзанинг ҳурмати учун ҳам сен билан тортишмайман деган маънони билдиради."дейилади ҳадислардан бирида.

Яна ривоят қиладиларки, Жаннатда Райён исмли бир эшик бўлиб, ундан рўзани канда қилмай тутганларгина ўта олади...

Яна бир ривоятда, рамазон пайтида жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари бекитилиши, шайтоннинг кишанланиши ҳақида ҳикоя қилинади.

Йиллар давомида бу нарсаларни кўриб, бошимдан ўтказиб, ўқиб-ўрганиб бир хулосага келдимки, Ислом динимиз эзгуликка, яхшиликка чорловчи дин экан.


Яна, рўза мавзусига қайтаман.

Синфимизда бир қиз бор эди. Сиз ҳам танирдингиз уни, онажон. Назира эди исми. Бувиси билан яшарди... Ота-онаси автоҳалокат туфайли вафот бўлишган экан. Бувиси неварасини ўз ёни билан шаҳарга олиб қайтган. Рўза кунларида, рўза тутар экан, кунларнинг бирида мактабда ҳушдан кетиб қолди...

Ўқитувчи "Тез ёрдам" чақирган, директорни олиб келган, мвктабда ғала-ғовур бўлган...

Синф раҳбаримиз Назиранинг уйига бориб, момосига гапирган, "Ёш болага рўза туттирманг. Мактабда очликдан йиқилиб қолди" деб.

Бу тўполондан кейин Назира ўқишга келмай қўйди. Бувиси ўқитувчига касаллигини айтибди.

Синфдош қизлар билан дугонамизни кўришга бордик. Дугонамиз соппа-соғ эди.

-Нега мактабга бормаяпсан?

-Рўза тутиб, савобини ота-онамнинг руҳларига бағишлайман. Ота-онамнинг охиратлари обод бўлсин. Рўзадан сўнг мактабга борарман.

Дугонам, қўлида "Қуръон" китоби, тиловат қилиб ўтирарди. Бола бўлсам ҳам, роса дугонамга ҳавасим келган. Биз араб алифбосига тишимиз ўтмасди. У эса, бемалол Қуръон ўқиётганди.

Ўша пайтда бу гапнинг маъносига тушунмаган эканмиз... Энди ўйлаб қарасам, вафот этган ота-онасини ўйлаб рўза тутишининг ўзи таҳсинга сазовор экан. Шундай оқила, намозхон қизлари, фарзандлари бор инсонларнинг охиратлари обод бўлсин.


Рамазоннинг яна бир яхши томони шундаки, инсон ўз ҳаёти, турмуши, охирати ҳақида кўпроқ ўйлайди, ҳаётини сарҳисоб қилади, ўз гуноҳларини, хатоларини англайди.Кимнинг дилини оғритганини, қай жойда бефарқлик қилганини, қайвақт имкони бўла туриб, ёрдам сўрагандан юз ўгирганини, баҳоналар билан ёрдам бермаганини ўйлайди

Тавбалар қилади.

Истиғфор қилсангиз ғам-ташвишдан, муаммолардан фориғ бўларкансиз, қалбингиз чароғонлашиб, руҳингиз тетик бўларкан. Мен бу оятни ёдлаб олганимга анча бўлди онажон.

"Астағфириллоҳ ал азийм, ва аттубу илайҳ"


Гуноҳимиз кўп, онажон.

Инсон борки, хато қилади, онажон. Умрининг кўп қисми ўша хатоларни тузатишга, истиғфорга кетса керак.

Масалан, бировнинг кўнглини оғритамиз. Аммо узр сўрашга бўйнимиз ёр бермайди.

Яна... биров хато қилса, бизга нисбатан, узр сўраса кечиришни билмаймиз. Буям гуноҳ эмасми, онажон?


Опа-ука, жон-жигарлар билан бирон сабаб бўлмаса, учрашиши, биров-бировдан хабар олиши йўқолиб кетяпти. Туғилган кунларда, байрамларда, маъракаларда учрашадиган бўлсак, бизнинг бегонадан нима фарқимиз қолади, онажон?


Сал нарсани баҳона қилиб, жигарлар бир-биридан аразлаши, ҳатто бир-биридан кечиши мусулмонликка тўғри келадими, онажон?


Ота-она вафотидан сўнг, кўпроқ ака-укалар орасида, энди-энди опа-сингиллар ўртасида ҳам мерос устида жанжаллар бўлаяпти. Бу очкўзлик эмасми, онажон. Ота-она уйини сотиб, меросни бўлиб олиш, қайси ислом қоидасига тўғри келади, онажон?

Фарзандларнинг бири бу уйнинг чироғини ёқиб, ўтганларнинг руҳини ёдлаб туриши қайдаю, сотилиб, парча-парча бўлган, ҳар кимнинг чўнтагини тўлдириб, бир замондан сўнг йўқолиб кетадиган пул бўлгани қаёқда, онажон?. Ахир, ота ватанни сотиб бўладими?


Одамлар, фойдаси тегмайдиган инсонлар билан саломлашишниям йиғиштириб қўйишяпти.

Мансаби ўзидан баландроқ инсонларга патаки пайтава бўлишади. Дўстлик ҳам манфаат устига қуриладими, онажон?


Яқинда бир тўйда бўлдим. Катта тўй. Ҳашаматли ресторанда ўтказилди. Казо-казо меҳмонлар иккинчи қаватда, оддий меҳмонлар биринчи қаватга ўтказилди. Қачонгача одамлар орасидаги бунақа табақаланиш давом этади, онажон?


Мусулмон-мусулмоннинг гўштини ейишини айтайми, ғайридинларнинг мусулмонларни ўққа тутишини айтайми, террорчиларнинг бутун бир халқни қириб ташлашга уринишини айтайми... Ҳалиям Аллоҳ кечиримли. Бунақаларни ҳ,алиям ер ютмаяпти, онажон.


Хуллас... ҳар биримизнинг, ҳар биттамизнинг гуноҳимиз оз эмас. Ҳар қанча тавба қилсак, оз.

Таробеҳ намозидан сўнг, саҳарликка тураркан, инсонлар жумла-жаҳонга яхши ниятлар, яхшиликлар тилайди. Қалби покланади, виждони уйғонади. Савоб, яхши амаллар қилгиси келади. Бу-жуда ажойиб туйғу. Уни тилбилан ифодалаш жуда мушкул. Уни қалб билан хис қилиш керак, холос.

Мен, ҳар бир инсоннинг, ҳар бир мусулмоннинг шу туйғулардан баҳраманд бўлишини истайман. Ахир, эзгулик дунёни қутқариши аниқку.

Ҳар бир инсонга ана шундай саодат хамроҳ бўлсин. Рамазонни кутганларнинг барчасига икки дунё саодати ёр бўлсин, онажон.

Онажон, охиратингиз обод, руҳингиз тинч бўлсин, ҳар кунги дуоларимда, ҳар лаҳза хаёлларимда борсиз, онажон.

Раъно Умидбахш

Report Page