ҲУДУДЛАРДА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ МАВЗУСИНИ ХОЛИС ЁРИТИШГА ҚАРАТИЛГАН ТРЕНИНГЛАР БЎЛИБ ЎТМОҚДА

ҲУДУДЛАРДА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ МАВЗУСИНИ ХОЛИС ЁРИТИШГА ҚАРАТИЛГАН ТРЕНИНГЛАР БЎЛИБ ЎТМОҚДА


Шу кунларда республикамиз ҳудудларида “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда “Меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини холис ёритиш ва ахборотни ўз вақтида тақдим этиш механизмлари” мавзусида тренинглари бўлиб ўтмоқда. Унда ҳудудларда фаолият юритаётган давлат ва нодавлат ОАВ ҳамда маҳаллий ҳокимият, вазирлик ва идораларнинг жойлардаги вакиллари иштирок этмоқда.

Тренингларни ўтказишдан мақсад мажбурий ва болалар меҳнати меъёрлари ҳақида батафсил маълумот бериш, ушбу соҳада юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишиш, мутасадди вазирлик ва идоралар матбуот хизматлари ва ОАВ вакиллари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш ҳисобланади.

Бу каби тадбирлар бугунги кунга қадар Урганч, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида ташкил этилиб, унда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ҳамда Жиззах вилоятларининг 60 дан зиёд вакиллари иштирок этди.

Хусусан, 2018 йилнинг 9 август куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган тренингда “Тараққиёт стратегияси” маркази, халқаро ташкилотлар, Самарқанд, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларидаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, касаба уюшмалари ва бандлик бошқармалари ходимлари иштирок этди.

Тренинг Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси бош мутахассиси Лазокат Турикова ҳамда Ўзбекистондаги етакчи нашрларда фаолият олиб бораётган журналистлар Толиб Рахматов (www.kun.uz нашри журналисти), Лола Исламова (www.anhor.uz ахборот таҳлил онлайн нашри бош муҳаррири) томонидан ўтказилиб, унда меҳнат муносабатларига оид материалларни тайёрлаш ва тарқатиш, журналистик суриштирув ўтказиш, амалдаги қонун нормалари бўйича ишлаш тартиби, ахборотни тўғри ва аниқ тақдим этиш каби мавзуларда сўз юритилди.

“Меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини холис ёритиш ва ахборотни ўз вақтида тақдим этиш механизмлари” мавзусидаги тренинглар бошқа вилоятларда ҳам давом этади, хусусан жорий йилнинг 13 август куни Фарғона вилоятида ҳамда 15 август куни Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.


"Тараққиёт стратегияси" маркази
матбуот хизмати

http://strategy.uz/fullstory.php?id=244




Report Page