111

111


ОҚИБАТЛАРИДАН КИМЛАР ЗАРАР КЎРМОҚДА?

Болам, деб яшаш инсонга ҳос бўлган одат. Айниқса, бизни юртда. Қиздир, ўғилдир, ҳар бирининг ўрни бўлак деймиз. Еламиз, югурамиз, куйиб пишиб меҳнат қиламиз – болам учун деб. Уларга жонимизни беришга тайёрмиз. Биз шундай яралганмиз ва бу аждодларимиздан авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтиб келган. Унинг меҳрини қалбидан ҳис этиб, умр ўтганини ҳам билмай қоламиз. Қизиғи, боланинг ўзи каби инжиқликларию келтирадиган ташвишлари ҳам ота ва она учун малолсиз. Назаримизда, ота ва она фарзанд, унинг манфаатлари рўёби учун яратилган гўё. Шундан улар умри бўйи жонсаракдир.

Эрталаб фарзандининг қўлидан тутиб, боғча томон кетаётган, кечки вақт қайтаётган ота, оналарни кузатинг. Улар боласи қўлидан маҳкам тутади – қўйвормайди. Асрайди. Қизғонади. Чунки бола – унинг орзуси, ҳаётий мақсади, келажакдан умиди, қувонч манбаи…

Аммо… Ўтган 2022 йилнинг биринчи чорагида Наманган вилоятида ажримлар сони 576 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 147 тага ёки қарийб 35 фоизга ошганини ижтимоий сайтларнинг бирида кўриб қолдик. (Daryo.uz) Бунинг айбдори ким? Сабаблари нимада? Нега уларнинг сони ортиб бормоқда? Оқибатларидан кимлар зарар кўрмоқда?

Шунингдек, таҳлиллар кўра, жорий йилнинг 3 ойи давомида Наманган шаҳрида 108 та, Чуст туманида 64 та, Чортоқ туманида 61 та оила суднинг ҳал қилув қарорига асосан ажратилиб, бошқа ҳудудларга нисбатан юқори кўрсаткич қайд этилганини кўрсатилди.

Агар бу оилаларда камида бир нафардан фарзанд борлиги эътиборга олинса, бегуноҳ, норасида 576 бола тирик етим бўлмаётирми? Қалби мажруҳ болаларнинг тақдири учун ким жавоб беради? Бу оила тўғрисидаги эзгу қарашларнинг, қадриятларнинг ўзгарганидан, тобора ғарблашаётганидан дарак эмасми? Никоҳдан кўзланган биринчи мақсад ҳою-ҳавас, ҳавойи нафслар эмас, билъакс, насл қолдириш эмасми? Шунча инсон боласи ё отасиз, ё онасиз яшашга маҳкумми?

Бағри бутунлик оиладаги аҳиллик, тотувлик, иноқлик муҳитига боғлиқ. Шундай муҳит яратилган оилагина мустаҳкам бўлади. Шу боис ота-боболаримиз ўғил уйлаб, қиз чиқараётганда бўлғуси оиланинг тинчлиги, мустаҳкамлигини сақлашга астойдил ҳаракат қилишган. Никоҳ бузилиши – талоқдан ҳазар қилишган. У ҳақда эшитганлар дарров ёқасини тишлаб, ичига туфлаб қўйган. Миллий фожеа, оилавий мусибат, дея қабул қилинган. Бу шарқона инкорнинг намойиши бўлган, аслида. Чунки никоҳ билан бирга уруғлар, оилалар, сулолалар ё яқинлашиб, дўстлашган, ёки бўлмаса, қон душманга айланган. Халқимиз ажримни ор билиб, ундан йироқ бўлган. Ҳатто оиласида бирор сабаб билан ажрашган қиз ё ўғил бўлса, бундайлар билан қудалик муносабатларини боғлашдан эҳтиёт бўлинган.

1962 йилда суратга олинган “Сен етим эмассан” филмидаги бегона, турли миллат вакиллари бўлган болаларни бирлаштирган Маҳкамовлар оиласи – барчага намуна. Айниқса, ўз боласидан тонаётган, уларни кўчага ҳайдаб ҳуқуқсиз инсонларга айлантираётган, улғайганида жамиятни нотинч қилиши мумкин бўлган авлоднинг шаклланишига хизмат қилаётган онги қашшоқлашган “оталар”, “оналар” учун.

Маълумки, ажримлардан кейин аксар болалар онасининг тарбиясида қолади. Она эса болалари ғамида куни тун тинмай меҳнат қилади ва табиийки, тарбия учун кам вақт ажратади. Бундан ташқари, тарбия борасида отанинг ўрни алоҳида. Онасининг юмшоқ тарбиясини олган бола табиатан ножиддий, ўта камтарин, жиддий қарорлар қабул қилишда ожиз бўлиб қолиши мумкин.

Яна бир масала. Кейинги пайтларда маълум бўлиб қолаётган шаръий никоҳ асосида умргузаронлик қилган аёл ажрашгач ҳуқуқсиз, боз устига, уй-жойсиз инсонга айланиши ҳам бор гап. Ушбу ҳолат у билан қолган болага ҳам тегишли бўлиб, унинг атроф-оламга, жамиятга, умуман, инсонларга нисбатан норози, ишончсиз вояга етиши учун замин яратади.

 


Халқимизда “етимнинг ҳаққи ибораси бор. У инсонларни огоҳлантирувчи, тартибга, тарбияга чақирувчи мазмунида қўлланади. Ундан қўрқилади. Чунки етимлар Яратганнинг ҳимоясида. “Турмуш ўртоғингиз шаръий никоҳ асосида янги турмуш қурибди. Шу сабаб сизни ажратамиз”, – дея мазлум аёл ҳамда унинг боласига адолатсизлик қилган, ҳаққига хиёнат қилган асло кечирилмайди.

Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Ваҳоланки, ушбу масала Ватан, миллат келажагига таъсир кўрсатувчи ҲАЗРАТИ ИНСОН тақдиридир.

Оила ажримларида учунчи шахснинг аралашуви сўнгги йилларда бот бот қулоғимизга чалинмоқда. Никоҳ икки инсон, яъни қиз ва йигитнинг ўзаро меҳр-муҳаббати асосида қурилиши, ҳам қонунчилигимизда, ҳам динимизда ёзилган-ку...

Бу каби муаммоларимиз бугун жамиятимизнинг бўлаги бўлган оилаларимизни бўлинишига олиб келаётгани ва унга чора қўллашнинг имкони бўлмаётганидан ажримлар ортиб бормоқда. Оиланинг муқаддаслигини ҳис этмаётганлар ҳатто, норасида фарзанднинг ҳам қалбини вайрон қилаётганини англамаяпти. “Бир гап бўлар”, “тор қорнимга сиққан кенг уйимга сиғиб қолар”, “дарахтни силкитсанг қиз ёғилади” қабилидаги ибораларни ўзига ниқоб қилишнинг оқибатида инсоннинг қадр-қиммати топталмоқда. Ҳа, болалар бир кунини кўрар, аммо уларнинг сингган кўнглини ким бут қила олади? Меҳрсиз улғаётган фарзанддан қандай порлоқ келажакни кутиш мумкин...

Хуснида Джурабаева,

Наманган вилояти адлия бошқармаси

Янги Наманган тумани ФҲДЁ бўлими 1 тоифали инспектори

Report Page