1

1

02.06.2021
МУТОЛАА ВАҚТИ.Нусрат Раҳмат ижодидан.
"Зилзила"
Кечагидай ёдимда: эрталаб нонуштадан кейин дастурхонни йиғиштираётганимизда, ер силкиниб қолди: аввал секин, кейин қаттиқроқ… Онам одатдагидек, ваҳима билан ташқари чиқишимизни буюрдилар ва дуо ўқидилар. 
Биз улгуролмадик. Пақирдаги сув чайқалиб, тўкилди, токчадаги чинни идишлар шарақлаб кетди. Сўнг бари жимиди.
Ярим қулочлик мўримиз қулаб кетганини ҳисобга олмаганда, зарар кўрмагандик. Мен беихтиёр эпицентрни ўйлай бошладим.Қаерда экан у?Аҳвол нечук экан у ерларда?Одамлар нобуд бўлишмадими?!Оммавий ахборотнинг энг ҳозиржавоб воситалари деб аталмиш телевидение ва радио куни билан бу хусусда лом-лим демади. Сухандонлар аллақандай бригада хашак тайёрлаш режасини ошириб адо этганини, қайсиям хорижий мамлакатда автобус тракторга урилганини, ҳайвонот боғида йўлбарс болалаганини гапиришар, аммо минглаб кишилар интиқ бўлган ахборотни орқага суришар, бунинг учун каттанинг розилигини кутишарди.Одамлар эса чет эл радиостанциялари тўлқинлари орасидан керакли ахборотни тутиш илинжида бўладилар.Эпицентр Бухорода эканлигини сартарошдан эшитдим. У қадимий шаҳарда ер ёрилиб, кўп кишиларни қаърига тортганини, ота-онасиз қолган болаларни эрта-индин олиб келишларини ҳаяжон ва ачиниш билан гапирди. Гарчанд, бу гапларни чет эл радиосидан эшитганини айтиб, қасам ичса ҳамки, унчалик ишонқирамадим. Зотан сартарош халқининг гапига лаққа тушиб кетавериш меровликдан бошқа нарса эмас. Аммо бу эзма ва сертакаллуф яҳудий айтган гапларининг лоақал ярми чин бўлса ҳамки, катта фалокат рўй бергани аниқ эди.Эртасига “Время” эпицентр Бухоро яқинидаги Газли посёлкасида эканлигини, у ерда силкиниш қуввати 8,5 баллга етганини эълон қилди. Аммо бу қисқа ахборот билан қаноатланиб бўлмасди. Одатда бундай маълумотларнинг сўнгида “қурбонлар йўқ”, деган жумлани ҳам қўшиб қўйишарди. Сухандон бу гапларни четлаб ўтгани, шубҳаларимни чандон оширди.Ниҳоят, редакциядан топшириқни ҳам кутмай, йўлга отландим. Автобус оз эди. Автобекат ходими лоқайдгина қилиб, машиналар Бухородан болаларни олиб келгани жўнатилганини гапирди – дилим нохуш бўлиб кетди. Наҳотки… Дуч келган биринчи машинага илашиб, эпицентр томон йўл олдим.Мўрилар, мўрилар… Улар томнинг усти билан битта бўлиб ётарди. Ғалати: нега илк зарба бу шўрликларга тегдийкин? Дарвоқе бунда ҳеч қанақа жумбоқ йўқ! Мўрилар суянчиққа эга эмас. Шунинг учун улар илк силкинишдаёқ, мувозанатни йўқотиб қўйишади. Ўз-ўзидан савол туғилади: эпицентрдан уч юз километр беридаги мўрилар шу куйга тушган бўлса, марказдаги эллик метрли минораларнинг ҳоли не кечдийкин? Ахир уларнинг ҳам таянч нуқтаси йўқ-ку!Қизилтепадан ўтгандан кейин уфқларга интиқлик билан боқиб, ўша ашраф Вобкент минорасига илҳақ бўлабошладим.Вобкент минораси! Сиз бу обиданинг ёнига бориб, соатлаб томоша қилмагунингизча, унинг улуғвор ва нафис салобатини ҳис қилишингиз қийин. Минора XII асрда Бурҳониддин Абдулазиз деган бадавлат киши томонидан қурдирилган. Дунёнинг бошқа бирор қадамжойида унинг қиёсини учратолмайсиз. Мезанаси (юқори қисми) ҳавода муаллақ тургандай. Бунинг сабаби шуки, обиданинг бели нисбатан хипча, мезана эса катта дид билан ишланган, аниқ симметрияли назоратгоҳ.Вобкент минораси асрлар давомида Ипак йўлидаги карвонлар учун маёқ вазифасини ўтаб келган. Адашган кема маёқни излагандай, Вобкент минорасига интиқ бўлганлигимнинг сабаби энди сизга равшан бўлгандир.Ниҳоят, у одатдагидек бор салобати, виқорли қомати билан кўз ўнгимда намоён бўлди. Мен энтикиб кетдим: унинг атрофида айланиб, алламаҳалгача ҳудудсиз меҳр билан тикилиб қолдим.Бир ривоятда ҳикоя қилинишича, ана шу минорани қураётган уста иш яримлаб қолганда, ногаҳонда ғойиб бўлибди. Шоҳнинг буйруғи билан ҳамма жойни ағдар тўнтар қилишибди, аммо дарагини топишолмабди. Орадан нақ бир йил ўтгач, устанинг ўзи келиб шаҳаншоҳнинг оёғига йиқилибди.– Бир қошиқ қонимдан кечинг, олампаноҳ, – илтижо қилибди у, – минора бардошли бўлсин деб шундай йўл тутдим. Чунки бир йил орасида ғиштлар бир-бирига тағин ҳам жипслашади, ўтиришади.

Report Page