...

...

FERMER

Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманидаги “Khantex Group”кластери фаолияти билан кенг жамоатчиликни таништириш мақсадида депутатлар, журналист ва блогерлар иштирокида пресс-тур бўлиб ўтди.

Жорий йилда 18 миллион АҚШ доллари миқдорида тайёр маҳсулот экспорт қилишга эришган, Қўрғонтепа ва қўшни туманларда яшовчи 5500 нафар ёшни иш билан таъминлаётган “Khantex Group” кластери вилоятдаги йирик корхоналардан биридир.

Куннинг биринчи ярмида 2018 йили ташкил этилган “Khantex Group” пахта-тўқимачилик корхонасида бўлдик.


“Khantex Group” МЧЖда пахта хомашёсини етиштиришдан тортиб, тўлиқ қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади. Лойиҳа доирасида 52 млн евро миқдорида инвестиция маблағлари киритилган.

Корхонада йилига 10,4 минг тонна пахта толаси тўлиқ қайта ишланиб, 9,4 минг тонна ип-калава, 2,1 минг тонна трикотаж мато, 5 млн погонометр арқоқли газламалар, 1 млн погонометр махралик мато, 1,2 минг тонна бўялган трикотаж мато, 1,1 минг тонна арқоқли ва махралик мато, 4,5 млн дона тайёр тикув трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Корхонада 2000 дан зиёд маҳаллий ёшлар иш билан таъминланган. Корхона тўлиқ ишга тушгач, йилига 40 млн АҚШ долларидан зиёд маҳсулотлар экспортга йўналтирилади.

“Khantex Group” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластери таркибидаги фабрика 14 гектар майдонда жойлашган. Ишлаб чиқариш дастгоҳлари Швейцариянинг “Rieter” (йигирув), Белгиянинг “Picanol” (тўқув), Германиянинг “Erbatech” (бўёқ-пардозлаш) ва “Textima” (тикув в.б.) компанияларидан сотиб олинган бўлиб, ҳозирда тўлиқ қувват билан ишламоқда.

Лойиҳа негизида Марказий Осиёда ягона бўёқхона ташкил этилган ва ишлаб чиқаришда хом мато ва газламалар тўхтовсиз равишда бўялади. Бу эса турдош корхоналарга нисбатан сувни 50 фоизга, газни 25 фоизга, электр энергиясини 10 фоизгача тежаш имконини беради.

Маълум қилинишича, “Khantex Group” кластери томонидан 2020 йилда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 349,3 млрд сўмни ташкил этди, шундан 5,6 млн долларли маҳсулотлар экспорти амалга оширилди. Жамият 2021 йилда Туркия, Италия, Беларусь ва МДҲ давлатлари, жами 12 давлатга 18,5 млн долларга тенг калава ип ва тайёр трикотаж маҳсулотларини экспорт қилди. 2022 йилда 25-30 миллион долларли маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилмоқда.

Пахта ва ғалла етиштириш, ғалладан бўшаган майдонларда қўшимча такрорий экинлар етиштириш, механизация, томчилатиб суғориш ишларида 3300 нафар, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш текстил комплексида 2000 нафарга яқин, пахтани қайта ишлаш заводида 200 нафар, умумий кластер тизимида 5500 нафар ёшлар иш билан таъминланган. Ишчи ёшларга ўртача 1,5 миллион сўмдан 5 миллион сўмгача ойлик маош тўланади.



Ҳозирда пахтадан олинган чигит ва кунгабоқарни қайта ишлаш учун кластер доирасида “KhantexOil” ёғ-мой экстракция корхонаси ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда ҳамда Германиянинг “FloraPower” ва “Petkus” компаниялари дастгоҳлари ўрнатилмоқда. Маълум қилинишича, ушбу корхона 2022 йилнинг 1-чорагида тўлиқ ишга тушади. Натижада 400 та янги доимий иш ўрни яратилади. Ишлаб чиқариш қуввати кунига 200 тонна пахта техник чигити (150 тонна ёки 120 тонна соя).

Пахта ҳосилининг даражаси мавжуд технологик қувват билан белгиланади. Корхона бунга алоҳида эътибор қаратади. Ерга ишлов беришдан то пахтани териб олишгача бўлган жараён техник воситалар ёрдамида амалга оширилишига эътибор берилмоқда. Шу мақсадда пахта-тўқимачилик кластери негизида “KhantexAgroServis” МЧЖ ташкил этилган.



Айни пайтда технопаркда АҚШ ва Европа давлатларининг “John Deere”, “Monosem”, “New Holland”, Case-IH, Sfoggia, Nardi ва бошқа етакчи компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган 396 та замонавий трактор ва ерга ишлов бериш ҳамда томчилаб суғориш мосламалари сотиб олиниб, тумандаги фермер хўжаликларига хизмат кўрсатиб келмоқда.

Шунингдек, кластер негизида “Ecoseed” МЧЖ томонидан пахта, буғдой ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари уруғлари тайёрланади. Шу кунгача 3500 тонна дориланган тайёр уруғ маҳсулотлари етиштирилган.

Рости, "Khantex Group" МЧЖ томонидан хорижлик мутахассислар учун қуриб берилган замонавий, ихчам, сифатли хизмат уйлари биз учун янгилик бўлди. Уйларнинг қиёфаси, ундаги қулайликлар ҳавасимизни келтирди. Мазкур уйлар туркиялик қурувчилар томонидан тез фурсатларда, беш-олти кунда йиғиб тайёр қилиб берилган экан. “Чорвадор” МФЙда 1,4 гектар ер майдонини ўз ичига олган мазкур масканда 26 та замонавий хизмат уйи қурилган.



Пресс-тур иштирокчилари тадбиркор Аброр Азизов томонидан ташкил этилган “Қўштепа” маҳалла фуқаролар йиғинидаги замонавий спорт комплексини ҳам кўздан кечиришди.

Тадбир якунида туман ҳокими Элёрбек Набижонов пресс-тур иштирокчилари билан Қўрғонтепа туманида олиб борилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашди.



kun.uz

AGROBLOGER канали

Report Page