...

...

FERMER

Пойтахтимизда “Ўзбекбалиқсаноати” уюшмаси мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжумани ташкил этилди.

Балиқчилик соҳаси сердаромад соҳа бўлиб, жорий йил давомида балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, балиқ етиштириш ҳажмини ошириш, янги инновацион технологияларни жорий этиш, хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда республикада балиқ турлари хилма-хиллигини оширишга йўналтирилган бир қатор ишлар амалга оширилди.

Қайд этилишича, балиқчиликни ривожлантириш мақсадида жорий йилда 348 та (1,38 триллион сўм) балиқчилик лойиҳалари амалга оширилиши белгилаб олинди. Бугунги кунга қадар мазкур лойиҳаларнинг 332 таси ишга туширилиши натижасида 2 минг 100 нафар ишчи ўринлари яратилди.

Йил якунига қадар қўшимча 16 та лойиҳа амалга оширилади ва қўшимча 207 нафар янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, жорий йилнинг шу давригача Наманган, Тошкент, Навоий ва Фарғона вилоятлардаги балиқчилик хўжаликларига 9,1 миллион доллар қийматдаги ҳорижий инвестициялар жалб қилинди.

Мазкур кўрсаткич йил якунига қадар 9,4 миллион доллар қийматга етказилади. Ушбу лойиҳалар доирасида личинка ишлаб чиқариш қуввати 470 миллион дона бўлган 10 та инкубация цехлари ишга туширилди ва инкубация цехлари сони 96 тага (қуввати 4,4 миллиард дона) етказилиб, жорий йилда 4,1 миллиард дона балиқ личинкалари ишлаб чиқарилди.

Мутахассислар томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, балиқ чавоқларини етиштиришга ихтисослашган 873 гектар майдонда репродуктор ҳавзалар барпо этилиб, уларнинг майдони 6,7 минг гектарга етказилди. Юқори сифатли омухта ем ишлаб чиқарувчи 3 та корхона ҳамда балиқни қайта ишловчи қуввати 4000 тоннани ташкил этадиган 8 та корхона ишга туширилди ва омухта ем ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 68 тага, балиқни қайта ишловчи корхоналар сони ҳам 68 тага етказилди.

Жорий йилда 110 гектар майдонда интенсив сув ҳавзалари барпо этилди ҳамда жами интенсив сув ҳавзалари майдони 800 гектарга ва қуввати 34,7 минг тоннагача оширилди. Табиий сув ҳавзаларига 460 та қафас мосламалари ўрнатилиб, уларнинг сони 3 минг 195 тага етказилди. 3 минг 220 гектар оддий сунъий сув ҳавзалари интенсивлаштирилиши натижасида бир гектар майдонда балиқ етиштириш ҳосилдорлиги 2-3 тоннадан 10-12 тоннагача оширилди. Интенсив усулда балиқ етиштирган хўжаликларга етиштирилган балиқ ҳажмига мос равишда субсидиялар ажратилди.

Шунингдек, совуқ сув балиқларини етиштиришга ихтисослашган корхоналарнинг қуввати оширилиб, жорий йилда 7 та хўжаликлар ишга туширилди ва ушбу йўналишдаги хўжаликлар сони 20 тага етказилди. Ушбу йўналишда ҳозирги кунда Наманган, Тошкент, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

2021 йилда Бухоро, Жиззах, Навоий, Тошкент ва Фарғона вилоятларида 1 тадан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Самарқанд вилоятида 2 тадан жами 9 та (балиқ етиштириш қуввати 3100 тн, қайта ишлаш қуввати 1550 тн) балиқчилик кластерлари ташкил этилди ва уларнинг сони 35 тага етказилди. Мазкур кластерлар томонидан жорий йилда 29 минг тонна товар балиқ ва 14 минг тонна балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

– Аҳолини озиқ овқатга кундан кун ўсиб бораётган талабини қондириш учун қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари қатори балиқчилик тармоғини ривожлантириш ҳам ҳозирги кунда асосий масалалардан бири хисобланади, – дейди “Ўзбекбалиқсаноати” уюшмаси раиси Омон Мусаев. – Юқоридаги ишларни ташкил этилиши ҳисобига йил якунига қадар 400 минг тонна балиқ етиштирилиши режалаштирилган. Соҳада амалга оширилган ислоҳотлар самараси ўлароқ, балиқ етиштирувчиларга солиқ ва молия имтиёзлари берилди. Таъкидлашим лозимки, бугунги кунда балиқчилик соҳаси беш йил олдинги каби қолоқ соҳа эмас. Эндиликда йилига 80 тоннадан ортиқ балиқ етиштирган кластерлар уч йил муддатга барча солиқлардан озод этилади. Балиқ етиштирувчи хонадон эгалари учун ер ва мулк солиқлари 50 фоизга камайтирилиб, улар ўзини ўзи банд қилган аҳоли тоифасига ўтказилади. Келгуси йилда йирик балиқчилик лойиҳаларига 20 миллион евро йўналтирилиши кутилмоқда. Шунингдек, келгуси йилда балиқчилик хўжаликларига 530 миллиард сўм, шундан айланма маблағлар учун 200 миллиард сўм кредит ресурслари ажратилади.

Республикада балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг замонавий ва инновацион услубларини жорий этган ҳолда ҳосилдорлиги паст бўлган 21 минг гектар сунъий ҳавзаларда ҳосилдорликни 3 баробарга оширилиб, қўшимча 190 минг тонна балиқ етиштирилади. 2 минг 200 та хўжаликда 50 мингта аэратор (кислород билан бойитиш ускунаси) ўрнатиш вазифаси белгилаб қўйилган.

Бунинг учун, Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани тажрибаси асосида келгуси йилда 10 мингта хонадонда интенсив балиқ етиштириш йўлга қўйилади. Хонадонларда кооперация асосида йилига 80 тоннадан ортиқ балиқ етиштирган кластерлар уч йил муддатга барча солиқлардан озод этилади. Уйида балиқ етиштирувчилар учун “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида кредит миқдори 2 баробарга оширилади ва келгуси йилда 400 миллиард сўм йўналтирилади.


Муҳайё Тошқораева,

ЎзА

FERMER канали

Report Page