...

...

AGROBLOGER

Бухоро туманидаги “Чорбакр Барака Муҳаммад Нодир” фермер хўжалигида чорва озуқасини гидропоника усулида етиштириш йўлга қўйилди. Бу иш Бухоро давлат университети доценти М. Орипов раҳбарлигида “Озуқа базасини ривожлантириш орқали чорвачилик маҳсулотлари етиштиришнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш” мавзусидаги лойиҳа доирасида бажарилди.

Даставвал чорвачиликка ихтисослашган мазкур фермер хўжалигининг бўш турган биносида грант маблағлари ҳисобидан махсус ускуна ўрнатилди.Донни намлатиб, гидропоника усулида кўк озуқа етиштириш учун шароит яратилди.

- Гидропоника асосида чорва учун кўк масса ишлаб чиқаришнинг афзалликлари жуда кўп, - дейди иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент М. Орипов. - Гўнгни ерга киритиш, майдонни экишга тайёрлаш, экишни механизмлар воситасида амалга ошириш, суғориш ва ирригация-мелиорация тизимидан фойдаланиш, ўсимликни биологик ва кимёвий ҳимоялаш хизматлари, қатор оралари орқали ишлов бериш каби технологик амалиётларни бажаришга эҳтиёж қолмайди. Кўп миқдордаги меҳнат ва моддий ресурслар тежалади. Илгари чорва озуқаси етиштириш билан банд бўлган майдонларга бошқа қишлоқ хўжалик экинларини экиш имконияти юзага келади. Қолаверса, гидропоника технологиясини қўллаш чорва озуқасининг таннархини арзонлаштиради. Бу усул чорва маҳсулдорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатаяпти. Масалан, мазкур фермер хўжалигида шундай ширали чорва озуқаси билан озиқлантирилганда соғин сигирларнинг маҳсулдорлиги ўртача 30-35 фоизга ошди.

Содда қилиб айтганда, 1 метр квадрат ерда гидропоника усулида ундирилган дондан 25 – 28 килограммгача кўк масса олиш мумкин. Бунинг учун атиги 7 – 8 кун кифоя қилади.Худди шу ўлчамдаги ерда бир йилда 52 марта ҳосил етиштирса бўлади. Бу 1300 – 1456 килограммгача кўк масса олиш мумкин, деганидир. Ушбу кўрсатгич дон ва такрорий экиндан олинадиган дағал – хашак ва силосга нисбатан 282 – 316 мартага кўп.

Айтиш жоизки, олимнинг таклифи асосида вилоят ҳокимлиги, қишлоқ хўжалик бошқармаси, “ Чорванасл” маркази ва Бухоро давлат университети ҳамкорлигида махсус дастур тайёрланди.Шу дастур доирасида Шофиркон туманидаги “Отабек Д” фермер хўжалигида ҳам гидропоника усули асосида чорва учун озуқа ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.Бу тажрибанинг оммавийлашуви маҳсулдорликни ошириш орқали бозорларимизда чорва маҳсулотларини кўпайтириш, улар нархини пасайтириш,озуқа етиштириш учун экин майдонлари етишмовчилиги муаммосини юмшатиш ва қўшимча иш жойларини яратиш имконини беради.


@AGROBLOGER канали

Истам ИБРОҲИМОВ,

xs.uz


Report Page