...

...

AGROBLOGER

Юртимизда картошка жуда севиб истеъмол қилинади.

Шу боис, у кенг турда экилади. Унинг экилишида ҳам ўзига хосликлар, мураккабликлар, эътиборга олиниши керак бўлган жиҳатлар мавжуд. Умуман, олимларимиз қишлоқ хўжалиги экинларининг янги навларини яратишга оид амалий ишларни олиб бораётгани ҳам кишини қувонтиради.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика маркази директори ўринбосари Забардаст Бўриев картошканинг серҳосил ва эртапишар биотехнологик навларини яратиш борасидаги ишлар хусусида сўзлаб берди.

– Картошка энг устувор қишлоқ хўжалиги экинларидан бўлиб, у мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир, – дейди Забардаст Бўриев. – Республикамизда қишлоқ хўжалик экинларининг мукаммаллаштирилган навларини яратиш доим эътиборда. Жумладан, картошканинг ҳосилдорлик, эртапишарлик каби хусусиятлари яхшиланган навларини яратишда замонавий биотехнология, геномика ва ген муҳандислиги усулларидан фойдаланиш муҳим вазифалардан бири.

Картошкачиликни муваффақиятли ривожлантиришнинг амалий масалалари ва вазифаларини ҳал этишда РНК интерференция усулидан фойдаланиш орқали эрта гуллайдиган, илдиз тизими ривожланган ва ҳосилдорлик кўрсаткичлари яхшиланган биотехнологик картошка нави яратилди.

Ҳозирги кунда биз РНК интерференция усулида олинган янги биотехнологик картошка навини микротуганакларини иссиқхона ва дала шароитида тупроққа мослаштириш бўйича тадқиқотларни амалга оширяпмиз. Тажриба натижаларига кўра, биринчи ғунчалар ген-нокаут картошка навларида пайдо бўлди ва назорат навларга нисбатан 15 кун олдин гуллаши кузатилди. Ҳосилдорлик кўрсаткичлари ген-нокаут картошка линияларида назоратга нисбатан 26,6 фоиз юқори бўлди ва туганаклар йириклиги, сони, илдиз системаси яхши ривожланганлиги билан ҳам фарқ қилди.

Геномика ва биоинформатика маркази томонидан яратилган ген-нокаут технологияси ёрдамида агрономик хусусиятлари яхшиланган картошканинг янги биотехнологик навига муаллифлик ҳуқуқини сақлаб қолиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси интеллектуал мулк агентлигида NAP81929 рақамли талабнома қайд этилди. Янги яратилган картошка нави юзасидан Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказига ҳужжатлар тақдим қилинди.


@AGROBLOGER канали

uza.uz

Report Page