...

...

Z.A

Тошкент зилзиласи – Ўзбекистон тарихидаги энг йирик зилзила эмас. 1902 йилги Андижон зилзиласида салкам 5 минг киши ҳалок бўлган

1902 йилнинг 16 декабрь куни Андижон шаҳрида мудҳиш зилзила рўй берган. Бу зилзила оқибатида минглаб одамлар ҳалок бўлган, ўн минглаб бинолар бузилган, шаҳар вайрон бўлган. Айнан шу офат туфайли Андижон тарихий қиёфасини йўқотган.

«Дарё» колумнисти Ғайрат Йўлдош Андижон зилзиласи ҳақида ҳикоя қилади.

Зилзила деганда хаёлимизга аввало Тошкент зилзиласи келади. Бу зилзила фан-техника тараққий этган пайтда содир бўлгани учун зилзиланинг асоратлари, ундан кейинги қайта қуриш киноленталарга, фотосуратларга муҳрланган. Аммо юртимизда Тошкент зилзиласидан аввал ҳам бошқа шаҳарларда зилзилалар ва беқиёс вайроналиклар бўлган. Ана шундай зилзилалардан бири эски Юлиан тақвимига кўра 1902 йил 2-3 декабрь (бугунги тақвимда 16 декабрь) кунлари содир бўлган ва бутун шаҳарни вайрон қилган Андижон зилзиласидир.

Андижон зилзиласи ҳақида машҳур рус антропологи, Россияда антропология фани асосчиларидан бири, академик Дмитрий Николаевич Анучиннинг (1843–1923) таклифи билан С.А. Мелик-Саркисян «1902 йил 3 декабрдаги Фарғона зилзиласи» (Ферганское землетрясение 3-го декабря 1902-года, Москва, 1903) номли рисола ёзган ва нашрдан чиқарган.


Андижон.

Фото: Wikipedia

Рисолани тадқиқ этган олимлар – Р.Т. Шамсутдинов, А.А. Исҳоқов ҳаммуаллифликда ёзган «Андижон тарихидан лавҳалар» китобининг «Андижоннинг тарихий, меъморий обидалари нега бизгача етиб келмади?» деб номланган бобида шаҳардаги қадимий обидаларнинг замонамизгача етиб келмаслиги сабаблари кўрсатиб ўтилган. Жумладан, Андижон шаҳрида бир нечта кучли зилзила бўлгани, айниқса 1902 йил декабрь зилзиласи жуда қаттиқ бўлгани, шу туфайли шаҳардаги барча бинолар қулагани учун ҳам Андижонда тарихий бинолар сақланиб қолмагани ҳақида фикр юритган. Шунингдек, С.А. Мелик-Саркисян рисоласида келтирилган фактлар асосида 1902 йилда Андижонда юз берган зилзила кўламини тадқиқ этган.

С.А. Мелик-Саркисяннинг рисоласида ёзилишича, зилзила туфайли Ўрта Осиёдаги йирик савдо ва саноат марказларидан бири бўлган Андижон шаҳри ва унинг атрофида жойлашган бир қатор қишлоқлар тўла вайрон бўлган. 30 мингдан ортиқ уй таг-туги билан қулаб тушган, 5 мингга яқин одам зилзила содир бўлган пайтда ва кейин вайроналар орасида қолиб ҳалок бўлган. Уйи қулаб тушган кўплаб оилалар бошпанасиз қолган.

Офатдан сўнг Андижонда зилзила оқибатларини бартараф этиш ишлари бошланиб кетди. Бинолар остида қолган ўликларни чиқариб олиш, уларнинг жаноза маросимларини ўтказиш, зарар кўрганларга ёрдам бериш ишлари шулар жумласидандир.

Ўлкада ҳукмрон бўлган руслар Андижонни қайта тиклаш учун ёрдам жамғармаси ташкил этди. Мелик-Саркисяннинг ёзишича, жамғармага ҳатто Россия императори Николай II ва рафиқаси ҳам маблағ ажратди. Шунингдек, Россия империясининг турли бурчакларидан Андижонга ёрдам жўнатилди.

Шамсутдинов ва Исҳоқовларнинг китобида Андижон зилзиласига тегишли яна бир муҳим гап ёзилган. Унга кўра, рус ёзувчиси А.П. Чехов 1903 йил июнда доктор Книперга мактубида Москва шаҳри театрларида махсус спектакллар қўйилиб, томошадан тушган маблағ Андижонга, зилзила оқибатларини бартараф этиш учун юборилганини ёзган.

Зилзилада ҳар бир хонадондан бир нечталаб одам ҳалок бўлгани ва андижонликлар мотам ичида қолганига қарамай, вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларни қайта тиклашда Андижон шаҳри ва унга туташ қишлоқлар аҳолиси жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилди.

Андижонлик бойлар катта-катта эҳсон қилиб, шаҳар ва қишлоқларни тиклаётган халққа овқат пиширтириб берди. Аҳолига қурилиш ашёлари сотиб олиб берди.


Зилзила оқибатлари.

Фото: Wikipedia

Андижонни тиклашда маҳаллий халқ билан бирга руслар, яҳудийлар ва бошқа миллат вакиллари, Андижонни бошқариб турган рус маъмурлари бирдай ҳаракат қилди. Андижонда фаолият олиб борган рус, яҳудий бойлари ҳам зилзила оқибатларини бартараф этишга анча маблағ ажратди.

Ана шундай саховатпеша бойлардан бири Миркомилбой Мирмўминбоев эди. У Андижон шаҳрини тиклаш учун катта маблағ ажратди.

Шамсутдинов ва Исҳоқов китобда Миркомилбой Мирмўминбоевнинг Андижон уезди бошлиғи Ю.А. Бржезицкийга ёзган хатини келтиради.

Ўз она шаҳрим Андижоннинг маданий ривожланиши ва батамом тартибсиз аҳволда бўлган Гултепа майдонига маданий кўриниш бериш, майдон ҳам шаҳар кўрки бўлсин, ҳам аҳоли фойдалана олсин деб, мен Миркомил Мирмўминбоев ўз ҳисобимдан Андижон шаҳрига тортиқ сифатида қуйидаги иншоотларни қуришни ўз зиммамга оламан:
  • Турли миллат вакиллари – эркак ва аёлларга мўлжалланган қирқ ўринли намунали шифохона. Унда қуйидаги бўлимлар мавжуд бўлади:
а) жарроҳлик;
б) туғруқхона;
в) ич касалликлар;
г) секцион камералар ва ўлик сақлаш учун ертўла;
д) дезинфекцион камера ҳамда шифохона бошлиқлари, ходимлари ва турли хизматчилар учун махсус бино;
э) шифохона биносини марказий иситиш бўлими ҳамда сувни биологик тозалаш хизмати.
  • 30 ўқувчига мўлжалланган интернат тиридаги мадраса ўқувчиларини рус тилига ўргатиш бўлимига ҳамда зал ва ёрдамчи биноларга эга рус-тузем мактаби.
  • Юз ўқувчига мўлжалланган мадраса ва хонақоҳи бўлган намунали мактабхона.
  • Европача нусхадаги ертўла ва қоровулхона, учта ҳожатхонаси бор учта дўкон. Мана шу дўконлардан келадиган фойда юқорида кўрсатилган муассасаларни таъминлаш ва таъмирлаш учун ишлатилади.
  • Маҳаллий халқ ва европаликлар учун алоҳида бўлимларга эга бўлган ҳаммом.
  • Шу бинолар атрофида йўлкалар очиб, хиёбонлар барпо этиш, майдон марказида манзарали боғ барпо этиш.
Кўрсатилган иншоотларнинг барини мен, Миркомил Мирмўминбоев, менинг назоратимда тузилган ва тегишли ҳокимият томонидан тасдиқланган лойиҳа ва смета асосида уч йил давомида қуриб битказишни ўз зиммамга оламан...
Шу билан бирга, юқорида кўрсатилган барча бинолар, иншоот ва жиҳозларни қуриш учун ўз шахсий маблағимдан 500 минг сўм ажратаман.

Бироқ мустамлакачи маъмурият маҳаллий сармоядорнинг саъй-ҳаракатларини онгли равишда қўллаб-қувватламади. Чунки Миркомилбойнинг эски шаҳарни замонавий талаб даражасида янгилашдек бу саховатли, эзгули ватанпарварлик ишларидан мустамлакачи маъмурлар ҳадиксираб қўрқди. Улар Миркомилбойбойнинг бу ишлари чоризм мулозимларини обрўйига путур етказиши, афкор оммада уларга нисбатан ишончсизлик уйғотиши, ўлкани бошқариш ишига Миркомилбойдек юрт фидойисининг салоҳияти ва обрўйи соя солиши мумкинлигини ўйлаб, Миркомилбойнинг таклифини рад этди. Таклифини рад этиш уёқда турсин, чор маъмурларининг сиёсий фитначилиги билан Миркомилбой тазйиқ-таъқибга учради ва судланиб, бегона юртга сургун қилинди.

Ўзбекистон миллий энциклопедиясида Андижон зилзиласи ҳақида қўйидаги маълумот берилган:

Андижон зилзиласи — Ўрта Осиёда содир бўлган кучли зилзилалардан бири. 1902 йил 2 декабрь (янги тақвимда 16 декабрь) соат 10:00 да рўй берган. Бу зилзиладан Андижон шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқлар катта талафот кўрган. Ер кетма-кет уч марта силкиниб, биринчиси 8—9 балл, 1—1,5 дақиқадан сўнг иккинчиси 9 баллдан ортиқ ва яна 30 минут ўтгач, учинчиси 8—9 балл бўлди. 50 минг киши яшайдиган Андижон шаҳри билан атроф қишлоқларда кўп жойлар вайронага айланди. Зилзилада 4 652 киши нобуд бўлди. Зилзила натижасида Андижондан 5–6 чақирим наригача бўлган темир йўл излари эгилиб қолди. Андижон станциясидаги паровоз ва поезд вагонлари изларидан четга суриб ташланди. 2 декабрдан (16 декабрь) сўнг ҳам бир неча ой давомида Андижонда ер қимирлаб турди. Зилзила оқибатида Андижон ва унинг атрофида эни 10 сантиметргача бир неча ёриқ пайдо бўлди. Айрим ерларда ер сатҳи 70 сантиметргача чўкди. Андижон зилзиласи Жанубий Фарғона флексураси — узилиш чизиғи бўйлаб содир бўлган. Зилзила маркази Қораёрда (40,7° шимолий кенглик 72,2° шарқий узунликда) жойлашган.

Бугунги кунда Андижон шаҳрида сақланиб қолган обида ва биноларларнинг аксарияти ўша машъум зилзиладан кейин қурилган. Жумладан, XIX асрда қурилиб, 1902 йил декабрда кучли зилзилада бузилиб, қулаб кетган ва аср бошларида қайта тикланган бинолардан Девонбеги ёки Девонобой масжиди (1862–1865 йилларда қурилган). Уйғур масжиди (1868–1870), Жоме мадрасаси (1882–1892) сақланиб қолган. Улар таъмирланиб, халққа қайтариб берилди. Андижонликлар улардан самарали фойдаланмоқда.

Z.A

Report Page