...

...

AGROBLOGER

Шоли Ўзбекистонда сувга бостирилиб ўстирилади. Ўзбекистон ва Қозоғистонда каналдаги сув сатҳи суғориладиган худуд сатхидан баланд бўлади ва зарур пайтда сув очилиб поялар сувга бостирилади.

Шолини суғориш тизими сув келадиган ва сув чиқиб кетадиган каналлардан, гидротехник иншоотларидан ҳамда бошқа унсурлардан иборат. Бу қурилмалар шоли ва унга йўлдош экинларни тегишли пайтда суғоришга, суғорилмаган пайтда полларни қуришини тезлаштиришни таъминлайди.

Ўзбекистонда учта типдаги суғориш тарқалган: инженерлик, ярим инженерлик ва ноинженерлик.

Инженерлик (мухандислик) шоли тизимида, пайкаллар узунлиги 500-1500м, эни 150-250м, майдонни 10-30 гектар бўлади. Пайкаллар доимий уватлар билан полларга бўлинади ва катталиги 1-6 гектарни ташкил қилади. Пайкал яхши текисланмаган бўлса поллар сони оширилади. Ҳар бир пол алохида суғорилади. Бундай суғориш тизими Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва Сирдарёнинг қуйи оқимида кенг тарқалган. Бу усул иқтисодий жихатдан энг самарали ҳисобланади. Бундай суғориш тизими текис, қиялиги 0,03-0,0050 дан ошмаган массивларда қўлланилади.

Ярим инженерлик шоличилик тизими –шоличиликка ихтисослашмаган хўжаликларда тарқалган. Бундай хўжаликларда шолини экиш майдони 200-300 гектардан ошмайди. Бундай тизимда суғориладиган далалар мустақил суғориш ва сув чиқиб кетадиган каналлардан иборат. Доимий, узунасига олинган уватлар оралиғи 30-50м. Сув бостиришдан олдин, кўндалангига вақтинчалик уватлар олинади, вегетация охирида улар текисланади. Полларнинг катталиги 0,1-0,5 гектар бўлиб, тупроқ релефига боғлиқ. Бундай тизимда, шоли олдин юқоридаги кейин пастдаги поллар навбатлаштирилиб суғорилади. Бу тизимнинг асосий камчилиги уватлар экинзорнинг 15-20% эгаллайди, пайкал яхши текисланмаган бўлиб айрим полларда сув қуриса, бошқаларида ҳали сув қуримаган бўлади ва сув қатлами қалин бўлади. Бундай пастқам полларда майсалар сийрак бўлади, агротехник ишлар шу жумладан ҳосилни йиғиштириш чўзилиб кетади.

Ноинженерлик (номухандислик) шоли тизими –асосан пахтачилик хўжаликларида тарқалган бўлиб уларда шоли майдонлари 100-200 гектардан ошмайди. Шолипоя поллари релефга боғлиқ ҳолда 100-200м2 ошмайди. Суғориш каналидан сув бир полдан иккинчисига ўтказилади. Сув чиқиб кетадиган зах ариқлар шоли массивининг атрофидан ўтади. Бу тизимда сув режимини бошқариш қийин. Ерни ҳайдаш, ҳосилни йиғиштириш, уватларни олишдан бошқа ҳамма ишлар қўл билан бажарилади.

Алмашлаб экиш. Шоли сурункасига экилишга чидамли экин. Аммо бир майдонга сурункасига бир неча йил шоли экилганда тупроқ ботқоқлашиши, шўрлаши, аэроб микроорганизмлар фаолиятининг пасайиши, водород сулфид ва темир оксидларининг тўпланиши кузатилади. Сурункасига бир майдонга кўп йил экилган шолипоялар касалликлар, зараркунандалар билан кўп зарарланади, шолига хос бегона ўтлар кўпаяди, тупроқ унумдорлиги кескин пасаяди.

Қорақалпоғистонда С.Сапаров маълумотларига кўра шолидан кейин икки йил сурункасига шоли экилганда ҳосилдорлик 34,1, бедадан кейин экилганда 50,1 с/га бўлган. Ўзбекистон шоличилик илмий тешириш институтида ҳам шундай маълумотлар олинган.

ЎзШИТИ шолини 4-далали алмашлаб экиш схемаси ишлаб чиқаришга тавсия этган:1-дала соя дон учун +кузги жавдар; 2-дала кузги жавдар яшил озиқа учун +шоли; 3-4-дала шоли. Шолининг салмоғи бундай алмашнаб экишдан 75% ташкил этади.

Олти далалик схема: 1,2,3 ва 4 далалар шоли билан банд, 5 ва 6 далалар беда ёки қизил себарга билан банд. Беда ёки қизил себарга биринчи йили буғдой ёки арпа билан қўшиб экилади. Шоли салмоғи 66,6 % ўтларники 33,4%.

Булардан ташқари 7, 9 ва 10 далалар алмашнаб экиш схемалари ҳам тавсия этилмоқда.

Кейинги йилларда шоличиликда оралиқ экинларини қўллаш кенг тарқалмоқда. С.А.Мазурин ва С.М.Мажидовлар кўк нўхатни яшил ўғит сифатида тупроққа ҳайдаб ташлаганда шоли ҳосили гектардан 6,7 с ошган.

Тупроқни ишлаш. Ўзбекистонда шолипояларни кузги шудгор қилиш кенг тарқалган ва у агротехник талабларига тўла жавоб беради ҳамда юқори ҳосил олиши таъминлайди. Шоли ҳосилидан бўшаган далага яна шоли экиладиган бўлса, ҳосил йиғиштирилгандан сўнг дарҳол кузги шудгор қилинади.

Ўзбекистонда ботқоқ-ўтлоқ, ўтлоқ тупроқлар 22-25 см, енгил, ювилиб тўпланган тупроқлар 18-20 см чуқурликда ҳайдалади. Унумдор қатлами қалин тупроқларда ҳам ҳайдаш чуқурлиги 27 см ортиқ бўлиши самарасиз эканлиги тажрибаларда аниқланган.

Дала ботқоқ бегона ўтлари билан ифлосланган бўлса, бегона ўтлар илдиз массасининг асосий қисми жойлашган тупроқ қатламидан чуқурроқ қилиб кузги шудгор ўтказиш керак. Туганакли қамиш, илдизлари 12-14 см, қамиш илдизлари 25 см чуқурликда жойлашган. Тупроқ юзасига чиқиб қолган илдизпоялар баҳорда тароқланиб йиғилади. Даста қилиниб ёқиб юборилади. Тариқсимон бегона ўт уруғлари билан ифлосланган далалар 25 см чуқурликда ҳайдалади.

Кузги шудгор ўтказишни иложи бўлмай қолганда, дала баҳорда чимқирқарли плуглар билан ҳайдалади. Ерни ҳайдашда ПЛН-4-35, ПЛН-5-35; ПЛН –6-35, ПН –8-35 плуглари қўлланилади.

Ўзбекистон шароитида март-апрел ойларида ҳарорат кўтарилиб, тупроқ тез етилади. Бу даврда шудгорни баҳорда ишлаш бошланади. Тупроқ «зиг-заг» бароналари, чизел култиваторлар билан ишланади. Бундай ишловлар тупроқни текислайди, бегона ўтларни йўқ қилади, тупроқ аэрациясини яхшилайди.

Е.П.Алёшин ва В.П.Каноховалар кўп йиллик илдизпояли бегона ўтлар билан ифлосланган далаларни баҳорда 12-15 см чуқурликда ҳайдашни тавсия этишади. Бунда илдизпоялар, туганаклар тупроқ юзасига чиқиб қолади тез нобуд бўлади. Ҳосил бўлган кесаклар олдин дискали кейин «зиг-заг» бароналари билан майдаланади. Тупроқни бундай ишлаш, далани текислаб тупроқни юмшатади, майин қилади.

Дала Д-719, ПА-ЗА узун базали текислагичлар билан текисланади. Текислашда Д-241 М, Д-20Б грейдерлари, Д-535, Д-606; Д-607 булдозерлардан ҳам фойдаланади. Текислашдан кейин маъданли ўғитлар солиниб, оғир дискали ҳамда «зиг-заг» бароналар билан тупроққа аралаштирилади. Ўзбекистонда тупроқ сув бостирилиб ишланиши ва далани текисланиши ҳам қўлланилади. Бундай ҳолларда уруғлар ивитилиб, бўрттирилиб самолётда ёки қўлда экилади. Хоразм шароитида С.Эгамбердиев тажрибаларида тупроқ экиш олдидан сувга бостирилиб ишланганда 55,1 қуруқ ҳолда ишланганда 46,7 ц/га дон ҳосили олган.

Шоли экиладиган далага беда ёки қизил себарга экилган бўлса туп-роқни кузда эмас, баҳорда ҳайдаш яхши самара беради. Бунда бедани биринчи ўрим ўрилиб, кейин тупроқ 18-20 см , иккинчи йили 20-22 см, учинчи ва кейинги йилларда 22-25 см чуқурликда ҳайдалади. Бу тизим-тупроқда азотни тўпланишига ҳамда қўшимча 150-200 с/га кўк масса олишга имкон беради. Кучли шўрланган ерларда шоли экиш учун тайёргарлик бир йил олдин бошланади. Ёзда ер текисланади, октябр-ноябрда тупроқ ағдарилмасдан ҳайдалади, дискаланади ёки бароналаниб, молаланади, кейин тупроқ шўри ювилади. Апрел-май бошида сув бостирилиб молалаш ўтказилади. Бунда бегона ўтлар йўқ қилинади, дала текисланади. Шоли сув бостирилган далага сепиб (сочиб) экилади.

Экиш. Уруғни экишга тайёрлаш. Шолини 1- ва 2-синф уруғлари экилади. 3-синф уруғларини экиш ҳосилдорликни 10-15% камайтиради. Ўзбекистонда шоли уруғидан экиб етиштирилади. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида (Ҳиндистон, Хитой, Япония ва бош.) шоли кўчатлари ўтқазилиб етиштирилади. Бу усул Ўзбекистонда бошоқли дон экинларидан бўшаган далаларда шоли етиштиришда кенг қўлланилмоқда.

Вазни оғир, тўла қимматли шоли уруғларини ажратиш учун уруғлар 100 қисм сувга 27 қисм аммоний сулфат. (НН4)2 С 04) аралаштирилган эритмага 1,5-2 соат солинади. Бунда пуч, майда уруғлар, шунингдек бегона ўтларнинг уруғлари эритма юзасига чиқади. Яхши, биологик тўла қимматли уруғлар чўкади. Чўккан уруғлар ажратилиб махсус майдончаларда қуритилади. Уларни икки суткадан ортиқ сақлаш мумкин эмас.

Униб чиқиши, дала унувчанлигини яхшилаш учун уруғлар экиш олдидан ивитилади, бўрттирилади. Ивитилганда улар ҳарорат 18-200С бўлган сувда 2-3 кун сақланади. Оқар сув бўлса яхши, уруғлар моғорламайди, ҳарорати ҳам 18-20С тўғри келади. Бундай ҳолда уруғлар халталарда ивитилади, кейин шамоллатилиб, қуритилади. Бўрттириш учун уруғлар 24-26Сда бир сутка сувда сақланади, кейин 24-48 соат давомида уйиб, бўрттирилади. Кейин улар юпқа қилиб сояда ёйиб қўйилади, қуёш нурида ўсимталар нобуд бўлади. Қуригандан кейин экилади.

Уруғлар брезент устига 5-7 см қалинликда 5-7 кун қуёшга ёйиб, бир кунда бир неча марта ағдарилиб кейин паноктин билан 2кг/т уруққа ҳисобида ишланса, уруғларни ўсиш энергияси ортади.

Экиш муддатлари. Ўзбекистон шароитида, Сурхандарёда шоли экиш апрелнинг бошланишида, Қорақалпоғистон ва Хоразмда майнинг бошларида ёки ўртасида бошланади. Шолини экишга тупроқда уруғ кўмиладиган чуқурликда ёки суғориладиган сувда ҳарорат 12-15С га етганда киришилади.

С.Ш.Махмудова (1999) маълумотларига кўра "Аланга" нави 25 апрелдан 5 майгача, Машъал 5 майда, А-19 нави 15-25 майда экилганда Тошкент вилояти шароитида мувофиқ ҳолда 90,8; 68,6;55,1 с/га дон ҳосили берган. Эрта ёки кеч экилганда дон ҳосили 7-12 с/га камайган.

ЎзШИТИ маълумотларида шолининг кеч пишар УзРОС –7-13 нави 15 апрел 10-май, ўртапишар Узбекский-5, Авангард 25 апрел 25- май, эртапишар Нукус 2 нави 10-30 май, айрим ҳолларда 5 июнгача экилганда энг юқори дон ҳосили олинган. Юқорида келтирилган муддатлар оптимал ҳисобланади.

Экиш усуллари ва чуқурлиги. Шоли қаторлаб, қаторлари келиштирилиб, тор қаторлаб, сочиб ҳамда самолётда сепиш усуллари билан экилади. Асосий экиш усули қаторлаб, 1,5-2 см чуқурликка экиб, кейин 5-7 см қалинликда сув бостириш.

Қўл билан сочиб экиш энг қадимий усул. Бу усул шоличиликка ихтисослашмаган хўжаликларда, кичик майдонларда, дала сувга бостирилиб, ивитилган ёки бўрттирилган уруғлар экилади.

Ҳозир машиналар билан экиш кенг тарқалган. Қатор оралари 7,5 см ёки 15 см қилиб экилади.

Экиш меъёри. Ўзбекистонда шолини экиш меъёри гектарига 5-7,5 млн. ёки 150-180 кг эртапишар навлар, 200-240 кг кечпишар навлар учун оптимал ҳисобланади. Қўл билан сочиб экилганда экиш меъёри 10-15 % камайтирилади.

ЎзШИТИ маълумотлари бўйича, 1м2- 250-350 ўсимлик ёки 450-500 маҳсулдор рўваклар бўлса юқори ҳосил олиш мумкин. Ўғит меъёри оширилганда экиш меъёрини камайтириш мумкин.

ЎзШИТИ да гектарига 4,5 мли. уруғ экилганда 60,9 га/с, 6,0 мли. –63,7 7,5 мли. –63,6 с/га дон ҳосили олинган.

Ўғитлаш. Ўзбекистон шароитида 10ц дон ва шунга мувофиқ сомон ҳосил қилиш учун шоли 20-25 кг азот, 10-12 кг фосфор ва 30-54 кг калий ўзлаштиради. Республикамиз шаротида шоли бошқа минтақалардагига нисбатан калийни кўпроқ ўзлаштиради. Краснодарда 10 ц дан ҳосил қилиш учун 25 кг калий ўзлаштирилади.

Шоли тупланишгача озиқа моддаларни кам ўзлаштиради, аммо бу даврда азот ва фосфорнинг етишмаслигига жуда таъсирчан бўлади. Озиқа моддаларни асосий қисми, азотининг 70% кўпи, фасфорнинг 90%, калийнинг 80%, тупланишдан гуллашгача ўзлаштирилади.

Алмашлаб экишларда яшил ўғитларни қўллашдан ташқари яна гектарига 30-40 т чириган гўнг солиш ҳосилдорликни сезиларли даражада оширади, тупроқнинг сув-физик хоссаларини, агрегат таркибини яхшилайди, лой тупроқларни ғоваклаштиради, қумли тупроқларни бирикишини кучайтиради.

ЎзШИТИ кўп йиллик ўтлардан кейин гектарига 45-60 кг азот, 90-100 кг фосфор, иккинчи йили 90-120 кг азот, 100-120 кг фосфор, учинчи йили 120-180 кг азот, 100-120 кг фосфорли ўғитларни солишни тавсия қилади. Иккинчи, учинчи йилларда 90-150 кг/га калий солиш мақсадга мувофиқ. Шу институтда фосфорли-калий ўғит фонида азот гектарига 120 кг солинганда, назоратга (ўғитсиз) нисбатан ҳосил 48-72%, 180 кгда 52-101% ошган. Ҳосилдорлик 82-93 с/га етиб, 1 кг азот ҳисобига 23-29 кг дон олинган.

Хоразмнинг янги очилган барханиларда гектарига 300-350 кг азот, 200 кг фосфор солинганда ҳосилдорлик ўғитсиз вариантга нисбатан 31,9 с/га ошган. Бундай ҳосил 1 га 1000м3 лой аралаштирилган фонда олинган.

Нав қанча кечпишар бўлса шунча кўп ўғит талаб қилади. Масалан, Арпа шоли ва Нукус-2 навлари учун 110-120 кг/га, Узбекский-5, Авангард –150-180, кечпишар УзРОС-7-13 учун 200 кг/га азот солиш тавсия этилади.

Асосий ўғит экиш олдидан 10-12 см чуқурликка бароналаш, дисклаш, фрезерлаш ёки юза ишлаш билан кўмиб берилади. Фосфорли ўғитларни бир қисми азот билан озиқлантиришда берилади. Хоразмда 50% фосфор экиш олдидан, 50% майсалар ҳосил бўлгандан кейин озиқлантириш сифатида берилади. Бир кг тупроқда 100-200 мг алмашинадиган калий бўлса, калий гектарига 100-150 кг солинади.

А.Богдасаров маълумотларига кўра, Самарқанд вилоятида рух 2 кг/га солинганда 5-6,8 га/с қўшимча дон ҳосили олинган. Мис ва марганец гектарига 3 кг солинганда 7-8,5; 2,8-6 с/га қўшимча дон ҳосил олинган. Микроўғитларни қўллашда, уларнинг тупроқдаги ҳаракатчан миқдори, шолидан олиниши режалаштирилган ҳосил ҳисобга олинади.

Оралиқ экишларни яшил ўғит сифатида қўллаш (300 с. кўк нўхат массасини) гектаридан 5,2 с қўшимча дон ҳосилини олишни таъминланган. (УзШИТИ).

Суғориш режими. Шолининг бошқа ўсимликлардан фарқи у бутун ўсув даврида сув бостирилган шароитда ўсади. Суғориш режимини бузилиши, ўсимликни ўсишини секинлаштириб, экинзорни бегона ўтлар босишига сабаб бўлади. Ҳаётининг датлабки фазаларида сув қатламининг қалин бўлиши экинзорни сийраклашишига, касаллик ва зараркунандаларни кўпайишига сабаб бўлиши мумкин. Шолини сувга энг кўп талабчан даври найчалаш фазасидан сут пишишгача тўғри келади. Ўзбекистонда бу даврда ҳаво ҳарорати энг (июл, август) юқори бўлади.

Амалиётда шоли суғоришнинг-доимий сув бостириш, қисқартирилган сув бостириш, вақти-вақти билан сув бостириш, даврий суғориш режимлари мавжуд.

Доимий бостириб суғориш –шўр ерларда кенг тарқалган. Бундай далаларда қисқа вақт давомида бўлсада сув қатламини бўлмаслиги, ёш ўсимликларга салбий таъсир кўрсатади. Бунда поллар экишгача ёки экишдан кейин сув билан бостирилади ва мум пишишгача ушланади.

Шоли қўл билан сепиб экилганда сув қатлами 10-15 см қалинликда ҳосил қилинади. Сеялка билан экиб уруғлар кўмилмаганда, экишдан кейин дарҳол сув бостирилади. Шўр ерларда уруғ экилгандан кейин бир неча кун ўтгач бостирилган сув чиқариб юборилади. Бу усул тузларнинг зарарли таъсирини камайтиради. Зарур бўлса сувни алмаштириш яна қайтарилади. Уруғлар бўртиб бошлагандан кейин сув қатлами 5-7 см камайтирилади. Сув қатламини камайиши майсаларни униб чиқишини, илдиз тизимини ривожланишини яхшилайди Майсалар қийғос униб чиққандан кейин сув қатлами яна 12-15 см етказилади. Бу усул Қорақалпоғистоннинг шўр, суғориладиган ерларда вақти-вақти билан бостириб суғоришга нисбатан 7,4 ц/га кўп ҳосил олиши таъминлаган. Аммо бу усулнинг камчилиги, кислороднинг етишмаслиги туфайли ўсимлик илдизининг суст ривожланиши, ётиб қолиши, кўпгина уруғларнинг сув бетига қалқиб чиқиши. Бу усулда сув сарфи гектарига мавсум давомида 30 минг м3/га ташкил қилади.

Қисқартирилган сув бостириш – энг кенг тарқалган усул. Бунда уруғлар сеялкалар билан экиб, тупроққа кўмилади. Экилгандан кейин 7-10см қалинликда сув бостирилади, уруғлар 3-5 кунда бўртади, кейин сув бериш тўхтатилади. Орадан яна 2-3 кун ўтгач қолган сув ҳам полдан чиқариб юборилади. Ёш ўсимликларга кислороднинг келиши кучаяди, майсалар қийғос униб чиқади. Яна пол 10-12 см қалинликда сувга бостирилади. Тупланиш фазасининг бошланишида сув қалинлиги 5-7 см га камайтирилади. Сув қатлами кам бўлиши сувни исишига, тупланишни кучайишига ёрдамлашади. Бу даврда ўғит солинади. Кейин ўсимликлар тўла тупланиш фазасига киргач, сув қалинлиги 10-12 смга етказилади ва доннинг мум пишишигача ушланади.

Бу усулда ўсимликлар илдиз тизими яхши ривожланади, кам ётиб қолади, экиш меъёри камайтирилади, сув сарфи камаяди. Суғоришни бу усул шолини биологияси талабларига тўла жавоб беради ва Ўзбекистонда кенг тарқалган.

Вақти-вақти билан сув бостириш–бунда сув ўсимлик ривожланиш фазалари бўйича ёки тақвим муддатлари бўйича бостирилади. Бу усул шўр босмаган ерларда кўп қўлланилади.

Уруғлар сочиб экилганда майсалар сув қатлами билан ҳосил қилинади, уруғлар тупроққа кўмиб экилганда қисқартирилган сув бостиришдагидай майсалар ундириб олинади. Майсалар ҳосил бўлгандан кейин 10-12 см қалинликдаги сув, маълум кунлар давомида ушланади, кейин полга сув бериш тўхтатилади. Келгусида бу жараён яна қайтарилади. Бегона ўтларга қарши кураш ва озиқлантириш майсалар тўла ҳосил бўлганда ўтказилади, кейин яна сув қатлами тикланади. Айрим бегона ўтлар сув қалинлиги 25 см қилиб 5-7 кун давомида ушланганда тўла нобуд бўлади. Курмак нобуд бўлгандан кейин сув қатлами яна туширилади.

Бу усулда сув кам сарфланади аммо сувни чиқариб юбориш билан яна қайтариб қуйиш ораси узоқ бўлса дон ҳосили камаяди, экинзор бегона ўтлар билан ифлосланади.

Даврий суғориш Ўзбекистонда кам тарқалган. Бу усулда шоли, олинган эгатлар билан ёки бостириб шунингдек ёмғирлатиб суғорилиши мумкин. Суғоришлар сони тупроқ –иқлим шароитига боғлиқ ҳолда 10 -15 ўзгаради. Мавсумий суғориш сарфи 2-3 баробар камаяди, ҳосилдорлик ҳам пасаяди.

Ўзбекистонда шолини мавсумий суғориш меъёрлари 20-30 минг/м3 ўзгаради. Янги ўзлаштирилган қум барханларида сув сарфи гектарига 65-72 минг/м3 етган.

Бегона ўтларга қарши кураш. Шолипояларда ўзига хос бегона ўтлар ўсади. Шолизорда 300 ортиқ бегона ўтларни турлари аниқланади. Шундан 20 тур катта зарар келтиради.

Уларга қарши курашда олдини олиш чора-тадбирларга уругъларни бегона ўт уругъларидан тозалаш уватлар, йўл бўйлари, каналлардаги бегона ўтларни йўқ қилиш киради. Ҳозир шолипояларда Базагран гектарига 1-1,5 кг, клинер – кг, сатурн 4-5 кг, гранстар 15-20 г, стам –34, суркапур, дупа 250-300 л сувга аралаштириб қўлланилади.

Сув ўтлари мис купоросини гектарига 10-12 кг қўллаш йўли билан йўқ қилинади. Сув қуйиладиган жойга халтада қуйилса полга тарқалади. Катта майдонларда авиасия қўлланилади.

Касалликлари, зараркунандалари. Шолипоялардаги зараркунандаларга қарши 40% метофос 0,5-0,75 кг/га, 0,3% анабазин сулфат, 0,1% хлорофос пуркалади. Ҳозир десис, карате, золон, сумма-алфа инсекцидлари қўлланилмоқда.

Шолида пирикуляриоз, гелминтоспориоз, илдиз чириши, майсалар фузариози, бактериал куйиш, бактериал сўлиш касалликлари учрайди. Буларга қарши фунгисидлар қўлланилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Шолининг сут пишиш фазасида полларда сув камайтирилади, мум пишиш даврида тўла тўхтатилади. Қолган сувлар 10 кундан кейин чиқариб юборилади, ҳосилни йигъиштиришда комбайн гъилдираклари тупроққа 5-7 см чуқурроқ ботмаслиги керак. Сув жуда эрта қуритилса ҳам ҳосил камайишига сабаб бўлади.

Доннинг 85-90% тўла пишганда товар дон, камида 95% пишганда уругъли дон ҳосили ўрим йигъимига киришилади. Ўриш кечикса дон тўкилиб, нобудгарчилик кўпаяди.

Шолини ўриб-янчиш 2 усулда: олдин ўриб кейин янчиб олиш ва бевосита комбайнлар ёрдамида бажарилади.

Шоли 2 фазали усулда йигъиштирилганда, олдин ЖНУ-4, ЖВН-6 ўрим машиналарида ўриб, дасталаб кетилади. Ўриш баландлиги 15-20 см. Дасталар қуриши билан янчиб олинади.

Ўриш жуда пастдан ўтказилганда дасталар тупроққа тегиб қолади, дон сифати бузилади. Жуда баланддан ўрилганда дасталар осилиб қолади ёки тўла ерга тегиб қолади ва дон сифати пасаяди. Дасталарни эни 1,5 м, қалинлиги 15-18 см бўлади. Ҳосилдорлик 50 с/га бўлганда ҳосил ўрилгандан кейин 3-5 кун ўтгач янчиб олиш бошланади. Салқин об-ҳавода дасталарни қуриши чўзилиб кетади, донлар ёрилади. Ҳаво қуруқ бўлса доннинг ёрилиши 5 кундан кейин 3-4 %, 8 кундан кейин 41-42% етади. Шунинг учун дасталарни қуриши 5-6 кундан ошмаслиги керак.

Ҳосилдорлиги юқори ва уругълик шолипояларда ҳосил 2 марта янчилади. Биринчи янчиш юмшоқ режимда бажарилади ва 85-90% дон янчилади, донлар кам ёрилади ҳамда майдаланади, 2 -чи янчиш «қаттиқ» режимда ўтказилади ва 5-6% тўла қимматли дон олинади.

Ўсимликни қуритиш учун 25-50 кг хлорат магний 150 л сувда аралаштирилиб 1 га пуркалади. Бундай экинзорда ҳар куни донда 2-3%, поя-баргларда 4-6% намлик йўқолади. Десикантлар қўлланилгандан кейин 4-6 кун ўтгач дон намлиги 85-90% етгач ўриб-янчишга киришилади.

Комбайн билан тўгъри ўриб-янчишга киришилганда, биринчи янчишда 70-80% дон олинади, иккинчисида қолгани янчиб олинади. Биринчи янчишда барабанлар оралигъи 12мм гача, айланиш тезлиги 500-600 об/мин., 2-3 кун ўтгач иккинчисидан барабанлар оралигъи 4-5 мм, айланиш тезлиги 100 об.мин, қилиб созланади. Иккинчи янчишда олинган дон товар мақсадларда ишлатилади.

Шоли уругълари намлиги 15 % ортиқ бўлса унувчанлигини тез юқотади, шунинг учун улар янчилгандан кейин дарҳол тозаланиб намлиги 13-14%, келтирилиб қуритилади.

Махсус СКД-5Р, СКПР-6 икки барабанли ҳамда «Кейс» комбайинлардан фойдаланиш дон нобудгарчилигини камайтиради. Донни тозалашда Петкус гигант, Супер-Петкус, ЗАР-10, ЗАВ-20, ЗАВ-40, ОС-4,5 ва хакозо машиналардан фойдаланилади.

Шолини кўчат усулида етиштириш. Жанубий Шарқий Осиё, Ҳиндистон, Озарбайжонда шолини кўчат усулида етиштириш асосий ўринни эгаллайди. Дунйода шоли экиладиган майдонларнинг 85 –90% шоли кўчат усулида етиштирилади.

Шоли уруғи кўчатхонага экилганда ўсимликларнинг 30 –35 кун ўсув даври кўчатхонада ўтади, натижада шоли кўчат ҳолида экилганда кузда совуқ тушгунча ҳосил ўриб –янчиб олинади.

Ердан фойдаланишнинг самарадорлиги ортади. Бир йилда икки ҳосил (бугъдой, арпа –шоли) олинади.

Бир гектар майдонга анъанавий усулда экишга нисбатан 60 -70% шоли уругъи кам сарфланади.

Ўсув даврининг бир қисми кўчатхонада ўтиши муносабати билан сув сарфи 20 –25% камаяди.

Шоли ҳосили уругъларни бевосита далага экишга нисбатан 15 –30% юқори бўлади.

Кўчат учун уругъларни кўчатхонага экишда ерга 40 т/га чириган гўнг, гектарига 40 кг фосфор, 40 кг калий солиниб, тупроқнинг 5 –7 см юза қатламига аралаштирилади, текисланади. Уругълар қўлда ёки механизмлар ёрдамида экилади. Асосий экин сифатида кўчатхонага Авангард нави республикамизнинг ҳамма вилоятлари учун, фақат Нукус –2 нави Қорақалпогъистон Республикаси учун экилади. Уругълар май ойининг биринчи ўн кунлигида экилади, кўчатлар асосий майдонга июн ойининг иккинчи ўн кунлигида экилади.

Шоли такрорий экин сифатида экилганда уругълар кўчатхоналарга 20 –30 майда экилади ва асосий майдонга июн ойининг иккинчи ўн кунлигида кўчириб ўтқазилади. Кўчатхоналарга бир гектарга 650 –750 кг ёки 20 –22 млн дона уругъ намлаб экилади. Кўчатхонада сугъориш ва бошқа парвариш ишлари умумий тавсияномалар асосида олиб борилади. Кўчатхонада кўчатлар 30 –40 кунда кўчириб ўтқазиш учун тайёр бўлади. Кўчатлар 25 –30 кунлигида 5 кг/га ҳисобида азотли ўгъит билан озиқлантирилади. Бир ҳафтадан кейин, шоли тупланиш фазасини бошланишида кўчат қилиб ўтқазилади.

Пайкалларда асосий донли экинлар ҳосили ўриб –янчиб олингандан кейин ер 18 –20 см чуқурликда, ўсимлик қолдиқлари тўла кўмилиб ҳайдалади. Ерни текислиги ±3 смдан ошмаслиги керак. Шолипоя 5 –7 см қалинликда сув билан бостирилиб, кўчатлар қўлда ёки кўчат ўтқазиш агрегатларида 3 –4 см чуқурликка ўтқазилиб чиқилади. Кўчатлар кўчатхонадан олинаётганда илдиз ва баргларнинг 1/3 қисми кесиб ташланиб, 150 –200 та ўсимликдан иборат богъ тайёрланади. Богъ –богъ кўчатлар экишдан олдин шолипояда сувда туриши лозим.

Кўчатлар бир уяга 1 –2 донадан экилади. Ҳар бир уя оралигъи 10 –15 см қилиб ўтқазилади ва бир гектарга 65 –100 минг кўчат сарфланади. Шолипоядаги сув режими умумий агротехника асосида олиб борилади.

Шолипояга кўчат ўтқазилгандан кейин 3 –5 кун ўтгач НПК 40 кг/га ҳисобида берилади, 30 кундан кейин шоли 7 –9 барг ҳосил қилганда иккинчи озиқлантириш НПК 40 кг/га ҳисобида ўтқазилади. Сув режими шоли пишгунча умумий агротехник талаблар асосида бажарилади.


@AGROBLOGER канали

 tadbirkor-fermer.uz


Report Page