...

...

AGROBLOGER

Маълумки, мамлакатимизда лалмикор экин майдонлар 750 минг гектардан ошиқроқни ташкил этади. Бу ерлардан 130 минг гектари ёғинлар билан таъминланган майдонлардир. Деҳқон ва чорвадорларимиз суғориладиган ерлар билан биргаликда мазкур майдонлардан ҳам фойдаланиб келишмоқда. Келгусида лалми майдонлар деҳқончилиги янги техника ва технологияларни, қурғоқчиликка чидамли экинлар навларини жорий қилиш орқали янада ривожлантирилади, албатта.

 1).FАЛЛА ЭКИНЛАРИНИ ПАРВАРИШЛАШ

Fалла экинлари ҳозирда 2–3 барг, кечки муддатларда экилганлари эса тўлиқ униб чиққан ҳолатда қишламоқда. Лалмикорликда турли сабабларга кўра, кузда экилмаган майдонларга январь-февраль ойларидаги қисқа муддатли очиқ кунлари ва эрта баҳорда уруғ экиш ишлари давом эттирилади.

 Баҳорда ғалла экинларини қулай экиш муддати жанубий вилоятларда (Қашқадарё, Сурхондарё) февралнинг биринчи ўн кунлиги, марказий минтақа вилоятларида (Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Навоий) эса иккинчи ва учинчи ўн кунлиги ҳисобланади. Қўшимча, қайта ва баҳорги экишда биологик ҳаёт тарзи баҳорги бўлган навларни экиш тавсия этилади. Бунда буғдойнинг “Оқ буғдой”, (Грекум–40), “Сурхак–5688”, “Бахмал–97” навларини 90–100 кг/га, арпанинг “Унумли арпа”, “Нутанс–799”, “Лалмикор”, “Саврук” навларини 90–95 кг/га меъёрида экилиши лозим.

 Республикамизнинг ёғин-сочин билан таъминланмаган текислик минтақаларида маъданли ўғитлар аксарият йилларда самара бермайди. Фақат об-ҳаво серёғин келган (300–350 мм) йиллардагина ўғитларни қўллаш тавсия этилади. Шундай пайтларда кузги ғалла экинлари учун гектарига соф таъсир этувчи модда ҳисобида 30 кг. дан азотли, фосфорли ва калийли ўғитлар бериш зарур. Ёғин-сочин билан ярим таъминланган лалмикор ерларда ўғитлар меъёри 40 кг/га азот, фосфор ва калийни, тоғолди ва тоғли майдонларда барча ўғитлар меъёрини 50 кг/га, серёғин келган йилларда (400–600 мм) эса 60 кг/гача (соф таъсир этувчи модда ҳисобида) бериш ҳосилдорликни ўртача 4–5 центнерга ошириш имконини беради.

  Сўнгги йилларда об-ҳавонинг серёғин ва салқин келиши, ҳаво намлигининг ортиб кетиши натижасида республикамизнинг суғориладиган майдонлари каби лалми ерларида ҳам кузги ғалла (асосан буғдой) экинларининг бегона ўтлар, турли касаллик ва зараркунандалардан жиддий зарарланиш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Бу йил куз илиқ, намгарчилик етарли бўлганлигидан кўчат сони кўп бўлиши, бегона ўтларнинг ёппасига авж олиб, ривожланишига қулай шароит туғилди.

 Бегона ўтларни камайтириш, тупроқдаги намликни сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга агротехнологик тадбирлардан бири бу – бороналаш. Бу тадбирни вилоятларнинг ёғин-сочин кам бўладиган қуйи лалмикор ерларда март, ярим таъминланган қир-адирлик майдонларда март-апрель, тоғ олди ва тоғли ерларда эса май ойининг биринчи ўн кунлигида бажариш лозим.

 Суғориладиган ва лалмикор майдонларда учрайдиган 500 га яқин зараркунанда ва ҳашаротлар мавжуд бўлиб, шулардан 50 га яқини ғалла ҳосилига жиддий зарар келтиради. Ҳозирги пайтда ғалла майдонларида бегона ўтларга қарши курашда Давлат реестрига киритилган гербицидлардан гектарига 75 фоизли Гранстар (15–20 г/га), “Дафосат” (10–20 г/га) 50 фоизли “Гранстар плюс” (15–20 г/га), “Биостар”, “Тайфун” (10–20 г/га) ва бошқа препаратлардан фойдаланиш тавсия этилади. Қаттиқ ва чанг қоракуяга қарши уруғлик буғдой ҳар тонна уруғ ҳисобида 2,5 кг “Буғдойдор”, 0,4–0,6 л “Баҳор”, “Витавакс 200” 2,5–3 л ва бошқалар билан экишдан олдин дориланиши лозим.

  Сариқ ва қўнғир занг, сариқ барг доғланиши ва бошқа касалликларга қарши гектарига 0,3 л ҳисобида 33 фоизли Альтосупер, 1 кг ҳисобида 25 фоизли “Байлетон”, 0,3–0,5 л “Колосал”, 0,26 л “Титул” ва бошқа фунгицидларни пуркаш тавсия этилади. Зараркунандалардан зарарли хасва, шилимшиқ қурт, шираларга қарши курашда гектарига 0,15 л “Карате”, 1,5 л “Б-58 Янги”, 0,6–0,8 л “Децис”, шунингдек яйловзорлардаги чигирткаларга қарши 0,05–0,08 л/га ҳисобида “Децис” инсектицидларни пуркаш зарур. Барча турдаги кимёвий препаратларни ҳавонинг очиқ, шамол тезлиги 0,5 м/сек. дан ошмаган пайтда пуркаш яхши самара беради, бунда сув сарфи гектарига 200–300 л. ни ташкил этиши лозим.

 Лалмикор майдонларда деҳқончилик қилаётган фермер хўжаликларида уларнинг тупроқ ва об-ҳаво шароитларини, ер майдонини ҳисобга олган ҳолда ғалла – тоза ва банд шудгор – беда навбатлаб экишнинг мақбул схемаларини жорий этиш, серҳосил, маҳаллий ноқулай об-ҳаво шароитларга, касаллик ва зараркунандаларга чидамли навларни танлаш, уларни ресурстежовчи агротехнологиялар асосида етиштириш, бу майдонлардан режалаштирилган юқори ва сифатли ҳосил етиштиришнинг асосий шартларидан биридир.

 МОЙЛИ ЭКИНЛАР МОЙЛИ БЎЛСИН ДЕСАНГИЗ...

Ҳозирги кунда республикамизда ҳайдаладиган лалмикор экин майдонлари қарийб 800 минг гектарни ташкил этади. Бундай майдонларда мойли, дуккакли ва озуқабоп экинлар етиштириш ва улардан ҳосил олиш аҳолининг турмуш даражасини ошириш билан бирга ҳудуддаги фермер хўжаликларининг иқтисодий аҳволини яхшилайди.

 Маълумки, махсар, зиғир, кунжут, кунгабоқар, ундов каби мойли экинлар мойи озиқ-овқат саноатида экологик тоза маҳсулот сифатида ишлатилади. Дуккакли экин нўхат, горох, ясмиқ каби экинлар юқори оқсилга бой озиқ-овқат сифатида ишлатилса-да, бу экинлар тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишда биологик соф азот тўпловчи вазифасини ҳам бажаради, шунингдек, сидерат ўғитлар сифатида қўлланилади.

 Мойли экинлардан мой ажратиб олингандан кейин уларнинг тўпони ёки кунжараси чорва моллари учун тўйимли озуқа бўлади. Бундан ташқари улардан саноатда олиф, линолеум, лак, бўёқ ва мойлаш материали тайёрланади, тиббиётда доривор восита олинади. Махсар лалмикор ҳудудлар учун катта аҳамиятли ва истиқболли экин ҳисобланади, унинг мойи озиқа сифатида бошқа ўсимлик мойлари қаторида кенг истеъмол қилинади.

 Махсар икки гуруҳга бўлинади: тиканли ва тикансиз, гул тўплами саватча, кўп гулли ва кўп уруғли, диаметри 1–4 см, саватчасида 20–80 донагача уруғ жойлашади. Уруғининг ядроси таркибидаги мойлилиги 48–60 %, бутун уруғнинг мойлилиги эса 25–30 фоизни ташкил этади. Экин иссиқликка айниқса, гуллаш ва пишиш фазасида жуда талабчан бўлади, уруғи +1–2 оС да униб чиқа бошлайди, майсалари -6–8 оС совуққа ҳам бардош беради.

 Махсарни март ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунлигида, тоғолди ҳудудларда эса март ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунлигида экиш мақсадга мувофиқ. Уруғи эрта экилганда ҳашаротлар кам зарарлайди, шунда уруғида мой миқдори юқори бўлади. Махсар майдонлари 20–22 см чуқурликда ҳайдалади. Ерни экишга тайёрлаш ва эрта баҳорда нам сақлаш учун бороналаш зарур. Экишда уруғ сифатини эътиборга олган ҳолда СЗТ-3,6 сеялкаси билан қатор оралари 30 см, экиш чуқурлиги 5–6 см, экиш меъёри 20–22 кг/га, агар қатор ораси 45 см бўлса 18–20 кг/га уруғ сарфлаш тавсия этилади.

  Тоғолди ва тоғли ҳудудларда экиш меъёрини 8–10 фоизга ошириш мумкин. Тупроқда ҳарорат 4–5 оС бўлганда уруғи 10–15 кунда униб чиқади. Экиш учун уруғ тозалиги 95, унувчанлиги 85 фоиздан кам бўлмаслиги зарур. Лалмикор ҳудудларда махсарнинг тикансиз “Милютин–114” ва тиканли “Fаллаорол” навларининг уруғини экиш тавсия этилади. Зиғир уруғидан сифатли парҳез хусусиятига эга бўлган қимматбаҳо мой олинади. Уруғи таркибида 30–47,8%, яхшиланган навлардан эса 47–50% мой олиш мумкин.

 Мойи саноатда лак, бўёқ, линолеум, плёнка ва бошқа ёмғир ўтмайдиган материаллар тайёрлашда ишлатилади. Кунжараси таркибида 33,3% оқсил ва бошқа тўйимли моддалар бўлади. 100 кг кунжарасида 186 озиқа бирлиги бўлиб, тўйимлилиги жиҳатидан юқори экин ҳисобланади, бундан ташқари зиғир пояларидан сифатли қоғоз тайёрланади ва тола олинади. Уруғи +5 оС да уна бошлайди. Униб чиққандан гуллагунча ҳавонинг ҳарорати ўртача 15–17 оС, пишиш даврида 19–20 оС талаб қилади, майсалар -6 оС совуққа чидайди. Лалмикор минтақалардаги оч тусли бўз ва тўқ тусли бўз, тоғли минтақада чимли бўз тупроқлар зиғир учун қулай ҳисобланади. Уруғи экилган далалар бегона ўтлардан тоза бўлиши лозим.

  Зиғирни экиш муддати март ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунлигига тўғри келади. Унинг “Бахмал–2” ва “Баҳорикор” навларини экиш мақсадга мувофиқ. Экиш меъёри текислик минтақаларда 16–18 кг/га, тоғолди минтақасида 20–22 кг, тоғли минтақада эса 25–30 кг/га бўлиб, уруғлар 4–6 см чуқурликка экилади. Тупроқдаги намлик ва ҳарорат етарли бўлганда уруғлар 6–12 кунда униб чиқади.

  Ўзбекистонда кунжут қадимдан экиладиган мойли экинлардан ҳисобланади. Уруғининг таркибидаги мой миқдори бўйича мойли экинлар орасида биринчи ўринни эгаллайди. Совуқ пресслаш (жувозда) йўли билан олинган кунжут хуштаъмлиги бўйича зайтун мойига тенглашади. Уруғида 48–65 % мой, 16–19 % оқсил ва 15–17,5 % эрийдиган углеводлар сақланади. Совуқ пресслашда олинган кунжарасини таркибида 40 % оқсил, 8 % ёғ бўлиб ундан чорва моллари учун озиқа сифатида фойдаланиш мумкин.

 Кунжут суғориладиган ерларда ҳосилдорлиги 20–25 ц/га, лалмикорликда 10–15 ц/га. ни ташкил этади. Кунжут иссиқсевар ўсимлик бўлиб уруғлари 15–16 оС ҳароратда уна бошлайди, майсалари қийғос униб чиқиши учун ҳарорат 18–20 оС қулай ҳисобланади. Лалмикорликда йиллик ёғингарчиликлар миқдори 350–400 мм бўлганда, умуман серёғин йилларда тоғли ва тоғолди минтақаларда яхши ҳосил беради. Ўсув даври 73–150 кун бўлиб, навлари эртапишар, ўртапишар, кечпишар гуруҳларга бўлинади.

 Кунжутнинг «Ташкентский–122» нави мамлакатимизнинг барча минтақаларида экиш учун Давлат реестрига киритилган. Лалмикор майдонлар учун кунжутнинг экиш меъёри 3–4 кг/га, чуқурлиги эса 2,5–3 см. ни ташкил этади. Экиш муддати апрель ойининг учинчи ва май ойининг биринчи ўн кунлигига тўғри келади.

  НЎХАТ ЭКМОҚЧИМИСИЗ? Нўхат лалмикор майдонларда бошоқли дон ва бошқа экинлар учун яхши ўтмишдош ҳисобланади. Уруғни экиш учун бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонлар 20–22 см чуқурликда кеч кузда ёки эрта баҳорда (февраль-мартда) ағдариб ҳайдалади. Ерни текислаш ҳамда бегона ўтларни йўқотишда оғир вазнли, ўткир тишли зиг-заг бороналар қўлланилади.

 Нўхатни экиш муддати тупроқнинг механик таркиби ва об-ҳавога боғлиқ ҳолда тупроқнинг етилганлиги билан белгиланади. Лалмикор майдонларнинг қир-адирлик минтақаларда март ойининг биринчи ўн кунлигида, тоғолди ва тоғли минтақаларида эса март ойининг учинчи ўн кунлиги ва апрелнинг биринчи ўн кунлигида уруғини экиш энг мақбул муддат ҳисобланади. Баҳор ойларида ёғингарчилик кўп бўлганда нўхатнинг илдиз чириш, фузариоз ва аскохитоз касалликлари билан зарарланиши кузатилмоқда. Бу дон ҳосилининг кескин камайишига олиб келмоқда.

 Қир-адирлик минтақаларида жойлашган лалмикор майдонларда нўхатнинг аскохитоз касаллигига чидамли “Лаззат” навини гектарига 50–55 кг, йирик уруғли «Жаҳонгир», «Ирода–96», «Юлдуз» навларини 60–70 кг, тоғолди ва тоғли минтақаларда эса 75–80 кг экиш мақбулдир. Экиш чуқурлиги тупроқнинг механик таркибига қараб, хусусан енгил қумоқли тупроқларда 4–5 см, оғир таркибли тупроқларда 5–6 см бўлса, уруғнинг бир текис униб чиқишига замин яратилади. Бунда уруғ қатор оралари 45–60 см тартибда дискали сошниклар ўрнатилган СЗТ-3,6 русумли сеялкалар ёрдамида экилади.

 Нўхат бошқа дуккакли экинлар қатори фосфорга талабчанлиги сабабли экиш билан биргаликда гектарига 30–40 кг соф ҳолда фосфорли ўғитлар берилади. Тупроқнинг гумус (чиринди) миқдори кам бўлган, унумдорлиги паст майдонларда гектарига 30–40 кг соф ҳолда азотли ўғитлар билан озиқлантириш ҳосилдорликни ошириш имконини беради.

 Нўхатнинг ўсиш-ривожланиш даврларида асосий эътиборни бегона ўтлардан тозалаш учун агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун қатқалоқ пайдо бўлган ва уруғ униб чиқмаган майдонларда бир йиллик бегона ўтларни йўқотиш учун зиг-заг ўткир тишли енгил ва ўрта вазнли бороналар билан тупроққа даланинг диагонали бўйлаб ишлов берилади. Апрель ва май ойларида учрайдиган кўп йиллик бегона ўтларни йўқотиш учун экин қатор ораларига культиватор ёки қўл кучи ёрдамида ишлов берилади.

 Аскохитоз касаллиги об-ҳаво серёғин келган йиллари экинга жиддий зарар етказиши мумкин. Бу шароитда нўхатнинг қатор ораларига кўпроқ ишлов бериш ҳамда олтингугурт кукунини гектарига 20 кг, “Фоликур” препаратини эса 2–3 л ҳисобида қўллаш юқори самара беради.

 БЕДА — ЧОРВАГА ҚУВВАТ Беда лалмикор майдонларда бошоқли дон ва бошқа экинлар учун яхши ўтмишдош экин ҳисобланади. Ем-хашак экинлари орасида беда асосий экин ҳисобланади. Экин майдонининг кўплиги, ҳосилдорлиги, пичан тўйимлилиги узоқ вақт сақланиши ва хўжалик учун фойдали жиҳатдан беда бир йиллик ем-хашак экинларидан устун туради. Беда уруғини экиш учун бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонлар 20–22 см чуқурликда, кеч кузда ёки эрта баҳорда (февраль-мартда) ағдариб ҳайдалади.

 Ерни текислаш ҳамда бегона ўтларни йўқотиш учун оғир вазнли ўткир тишли зиг-заг бороналар билан ишлов берилиб, мола босилади. Шунда уруғ бир текис 1–2 см кўмилади, бу уруғнинг меъёрида униб чиқишини таъминлайди. Қир-адирлик минтақаларда февралнинг учинчи ўн кунлигида, мартнинг биринчи ўн кунлигида, тоғолди ва тоғли минтақаларда эса март ойининг учинчи ўн кунлиги ва апрелнинг биринчи ўн кунлигида уруғини экиш энг мақбул муддат ҳисобланади.

 Экиш меъёри лалмикор майдонларнинг қир-адир минтақаларида 8–10 кг/га, тоғ олди ва тоғли минтақаларда 10–12 кг/га ҳисобида бўлади. Экиш чуқурлиги тупроқ механик таркибига қараб, хусусан енгил қумоқли тупроқларда 2–3 см, оғир таркибли тупроқларда 1–2 см атрофида бўлади. Беда бошқа дуккакли экинлар қатори фосфорга талабчанлиги сабабли экиш олдидан ёки экиш билан биргаликда гектарига 70–80 кг соф ҳолда фосфорли ўғитлар берилади.

 Тупроқнинг гумус (чиринди) миқдори кам, унумдорлиги паст майдонларда гектарига 80–120 кг соф ҳолда азотли ўғитлар билан озиқлантириш беда ҳосилдорлигини ошириш имконини беради. Беданинг ўсиш-ривожланиш даврларида асосий эътиборни бегона ўтлардан тозалаш учун агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун уруғ униб чиқмаган майдонларда зиг-заг ўткир тишли ўрта вазнли бороналар билан даланинг диагонали бўйлаб ишлов берилади.


@AGROBLOGER канали 

С.Ғайбуллаев, Х.Юсупов

agro.uz


Report Page