...

...

AGROBLOGER

“Тўқсонбости” сўзининг маъноси

Маълумки, бу усулни ота-боболаримиз қадимдан қўллаб келишган. Одатда, қиш бизнинг ўлкаларда 15 декабрдан бошланади ва то 15 мартга қадар роса уч ой – 90 кун давом этади. То қиш киргунигача ерга қадалган уруғ роса 90 кун тупроқ остида туради, эрта баҳорда кун исиши билан эса дарров униб чиқади. Доно халқимиз бу жараённи образли қилиб, “90 кунни босиб ўтди” маъносида шундай атаган.

Тўқсонбости усулида экин экиш ва унинг афзалликлари

Тўқсонбости услубида экилган сабзавот экинлари уруғлари эрта кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши ҳисобига эрта ҳосил беради.

Такрорий экинлардан бўшаган далалар обдон шудгорланиши шарт, шундагина “тўқсонбости” экинлар уруғи ерга “ўрнашади”. Қолаверса, уруғ етарли чуқурликка тушсагина, қишки қаттиқ совуқ таъсиридан омон қолади.

Сабзавот уруғлари экилган эгатлар устидан чириган маҳаллий ўғитлар ёки дарахт қипиқлари билан мулчалаш ёки шаффоф плёнка билан қопланса, уруғлар ёғин, ҳаводаги намлик таъсирида аста-секин бўртади ва совуққа чиниқади. Бу усул эрта баҳорда ҳаво ҳарорати ноқулай, паст бўлишига қарамай униб чиққан майсаларнинг жадал ўсиб-ривожланишини таъминлайди. Натижада эрта баҳорда экишга қараганда ҳосил етилиши 25-30 кунгача эртароқ, ҳосилдорлиги эса 15-20 фоизга ортиқроқ бўлади.

Кеч кузда совуқ ва намгарчилик бошланмасдан олдин тўқсонбости усулида экиш учун ноябр ойининг охири декабр ойининг биринчи декадасида совуққа чидамли сабзавот экинларидан сабзи, пиёз, ош лавлаги, кўкат сабзавотлар (исмалоқ, укроп, петрушка, сельдерей, кашнич, салат) экинларининг уруғлари сепилади. Тўқсонбости қилиб сепиладиган сабзавот уруғлар сарфи 20% гача кўпроқ бўлиши керак. Қолаверса, юқорида айтилганидай, уруғ ерга керакли меъёрда тушиши: нўхат 8 сантиметр, картошка 10-15 сантиметр чуқурликда экилиши лозим. Сабзи, шолғом, турп, лавлаги ва бошқа илдизмевалилар уруғи юзасини 4-5 сантиметр қалинликда тупроқ билан кўмиш ва устига органик қолдиқлар сепиб қўйиш яхши самара беради.

Бу муддатда сепилган сабзавот экинларининг уруғлари қиш мавсумида унмайди, қишки ёғингарчиликлар натижасида уруғлар тупроқдаги намликка тўйинади ва ҳаво ҳарорати 4-50С бўлганда кўкламда барвақт бегона ўтлар уруғларидан олдин ер нами билан униб чиқа бошлайди.

Ҳарорат 18-200С бўлганда тўлиқ унади, кузда экилган сабзи, пиёз ва лавлагининг барглари кўкламда экилганига қараганда 1,5-2 баравар катта бўлиб, ҳосил 25-30 кун олдин етилади ҳамда ҳосилдорлиги гектаридан 14-15% гача юқори бўлади. Бунда ушбу экинларнинг эркаклаб кетмайдиган навларини экиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Республикамизнинг об-ҳаво ва тупроқ шароитига қараб ҳар бир вилоят учун янги районлаштирилган, мўл ҳосилли, сифат кўрсаткичлари юқори бўлган, зараркунанда ва касалликларга чидамли, механизмлар ёрдамида ишлов беришга мослашган, ҳар бир экиш муддати учун мос навларни тўғри танлаш лозим.


@AGROBLOGER канали

Хакимов Р.А. ва бошқалар. "Сабзавот экинларини тўқсонбости муддатда етиштириш бўйича тавсиялар"

dehqon.uz

Report Page