...

...

AGROBLOGER

Президентнинг 2018 йил 13-14 декабр кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Яккабоғ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доираси иссиқхоналар ташкил этиш тўғрисида берган топшириғи тумандаги масъул идоралар “шарофати” билан ҳамон ижро этилгани йўқ. Тадбиркорнинг умри суд остоналарида ўтмоқда.

Таҳририятимизга Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидан тадбиркор Элёр Қудратов мурожаат қилиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини юритишда бошқа юридик шахслар томонидан тўсқинликка дуч келаётгани ва туман маъмурий судидан норозилигини билдирди.

Маълум бўлишича, Элёр Қудратовга Яккабоғ туман ҳокимининг 2020 йил 8 майдаги HQ-776/05-сонли қарори билан тумандаги “Жамбул” МФЙ ҳудудидаги туман захира ер фондидан 0,23 гектар ер иссиқхона ташкил этиш учун ажратилган.

Қайд этиш лозимки, туман ҳокимлиги ушбу ҳудудда яна учта тадбиркорга иссиқхоналар ташкил қилиш учун ер майдони ажратиб берган.

Бунга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13-14 декабр кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Яккабоғ туманида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш юзасидан умумий 50 гектар майдонда иссиқхоналар ташкил этиш тўғрисида берган топшириғи асос қилиб олинган.


Элёр Қудратовга иссиқхона учун ер майдони ажратиш тўғрисида ҳоким қарори ва ер участкаси ажратиш келишилган ташкилотлар

Элёр Қудратов ер майдони учун тегишли ташкилотларнинг барчасидан техник хулосаларни олиб, иссиқхона барпо этиш учун киришганида унинг иши тўсқинликка учраган.

Иссиқхоналар учун ажратилган ҳудуд “Яккабоғ қурилиш моллари бозори” МЧЖ (раиси Зоҳиджон Эшмўминов)га Яккабоғ туман ҳокимининг 2009 йилги қарори билан ажратилган 6 гектар ер майдонида жойлашганлиги сабабли, шунингдек, бу ер майдонлари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июндаги 493-сонли қарорига зид равишда, “E-IJRO Auksion” ягона электрон савдо майдончаси орқали сотувга чиқарилиши лозимлигини талаб қилиб, “Яккабоғ қурилиш моллари бозори” МЧЖ туман маъмурий судига ариза киритган.

Туман ҳокимининг 2009 йилдаги “Яккабоғ қурилиш моллари бозори” МЧЖга 6 гектар ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарори вилоят ҳокими қарори билан тасдиқланган

Яккабоғ туман маъмурий суди “Яккабоғ қурилиш моллари бозори” МЧЖ аризасини қаноатлантирган ва ҳокимнинг 2020 йилги қарорларини ҳақиқий эмас деб топган.


Яккабоғ туман маъмурий судининг 2020 йил 20 августдаги ҳал қилув қарори

Тадбиркор Элёр Қудратовнинг Kun.uz мухбирига ҳикоя қилишича, гарчи ушбу ҳудуд ҳужжат бўйича бозорга қарашли бўлмаса ҳам (ҳоким қарорига кўра ажратилган ер майдони аллақачон кадастр идорасида рўйхатдан ўтган ва Элёр Қудратов солиқ тўлаб келмоқда) улар ушбу ерга даъвогарлик қилишмоқда.

Ажратилган ер майдони Элёр Қудратов номида ва у солиқ тўламоқда

“Бозорга тегишли дейилаётган ушбу ерга Яккабоғ туманининг собиқ ҳоким ўринбосари Мансур Тўймаев норасмий эгалик қилмоқда. Менга “Агар ер керак бўлса — мендан сотиб оласан”, деди. Бунга кўнмаганимдан кейин, унинг буйруғи билан бир нечта йигитлар келиб, қурилиш ишларига халақит бериб, жанжал чиқаришга уринишди. М.Тўймаев маъмурий судга ҳам эскидан таниш-билишлигидан фойдаланиб, таъсир ўтказмоқда”, — дейди Э.Қудратов.

Мансур Тўймаев ноқонуний “снос” жараёни вақтида тадбиркор томонидан устига бензин сепилиб, ўт қўйиб юборилиши воқеаси сабаб жамоатчиликка анча машҳур. Умуман, Мансур Тўймаевнинг қонунларни оёқости қилиб, ишни “кўча” усулида ҳал қилишига аввал ҳам гувоҳ бўлганмиз.

Масаланинг ҳуқуқий жиҳатига тўхталадиган бўлсак, Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга беришнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 30 июндаги №493-сонли қарорининг 1-иловаси бўлмиш “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон аукцион орқали доимий фойдаланишга бериш тартиби тўғрисида низом”нинг 2 -қисми “в” бандида “Ушбу Низом талаблари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан аниқланган ижтимоий-иқтисодий ривожланишда орқада қолаётган туманлар ва шаҳарларда ер участкалари ажратишда татбиқ этилмайди”, деб белгилаб қўйилган.

Яъни президент ўз ташрифида Яккабоғ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун 50 гектар майдонда иссиқхоналар барпо этишни вазифа қилиб белгилаган.

Биз таҳририят номидан Кадастр агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармасининг Яккабоғ туман филиалига мурожаат этиб, “Жамбул” МФЙ ҳудудидаги низоли 6 га ер майдони кимга тегишли эканлигига ойдинлик киритишни сўрадик.

 

Кадастр агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси Яккабоғ туман филиалининг Kun.uz сўровига жавоби

Бизга маълум қилинишича, 2009 йилги туман ҳокими қарори давлат реестридан ўтмасдан фаолият кўрсатиб келмоқда, туман ҳокимининг ўша қарорига асосан шахсий мулк ҳуқуқида бўлган ер ва бино-иншоотлар давлат рўйхатига олиш китобида қайд қилинмаган, кадастр йиғмажилдлари тайёрланмаган. Англашиладики, ушбу ҳудудда 11 йилдан буён тегишли ҳужжатларсиз фаолият кўрсатиб келинмоқда.

Тадбиркорга ажратилган ер майдони. Google Earth харитасидан

Қизиқ, 6 гектар ерга даъвогарлик қилаётганлар 11 йил ичида шунча майдон учун солиқ тўладимикан? Бу саволга Яккабоғ туман давлат солиқ инспекцияси жавоб берса яхши бўлар эди.

Албатта, тадбиркорлар қўл қовуштириб ўтиришгани йўқ. Элёр Қудратов ва бошқалар Қашқадарё вилояти маъмурий суди апелляция инстанциясига мурожаат қилишгач, вилоят маъмурий суди 2020 йил 12 ноябрда Яккабоғ туман маъмурий судининг 2020 йил 20 августда чиқарган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни қайтадан кўриб чиқиш учун Шаҳрисабз шаҳар маъмурий судига юборган.

 

 


Элёр Қудратовнинг телефон орқали маълум қилишича, Шаҳрисабз шаҳрида кўрилиши керак бўлган суд қандайдир йўл билан яна Яккабоғга — Мансур Тўймаев аввал юқори лавозимда ишлаб келган туманга кўчирилган.

Қизиқ вазият юзага келяпти. Агар “Яккабоғ қурилиш материаллари бозори” МЧЖ ер ажратилган майдон ўзига тегишли эканини фақат 2009 йилги қарор билан исботлашга уринаётган бўлса, нега кадастр идораси 11 йилдан буён МЧЖ тасарруфида ҳеч қандай ер қайд этилмаганини баён қилмоқда?

Агар МЧЖнинг ер майдони тадбиркорларга аукционсиз берилганига эътирози бўлса, нега ишни прокуратура эмас, суд ўрганмоқда?

Бу ишда адолатни ким юзага чиқара олар экан? Тадбиркор Элёр Қудратов ишни аввал ҳам кўриб чиққан Яккабоғ туман маъмурий суди бу гал адолатли бўла олишига шубҳа билан қарамоқда.


Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири, kun.uz


@AGROBLOGER канали

Report Page