...

...

AGROBLOGER

Урганч туманида иссиқхона қуриш учун ажратилган 1 гектар суғориладиган ер майдонида турар жойлар қурилмоқда. Иссиқхона қуриш учун ер ажратиш тўғрисидаги ҳоким қарорида мазкур ерда фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириши лозимлиги кўрсатилиб, қурилиш қилмаслиги ҳақида огоҳлантирилган эди. Ҳокимликнинг эса бу ишлардан «хабари йўқ».

Хоразм вилояти, Урганч тумани, «Оқариқлар» маҳалласи ҳудудидаги 1 гектар ерда уй-жойлар қурилиши бошланди. Ҳокимлик бу ерни фуқарога «енгил типдаги конструкцияли иссиқхона» учун ажратган эди.

lНима воқеа юз берди?

2020 йил 11 май куни Урганч тумани ҳокимлиги томонидан Шоҳнурбек Давлетовга «Енгил типдаги иссиқхона» қуриш учун ер майдони ажратиш ҳақида 1307қ-сонли қарор қабул қилинди. Уни туман ҳокими Фрунзе Шарипов имзолаган.

Қарорда Ж.Мангуберди массиви қишлоқ хўжалиги ер харитасининг 466қ ва 468қ контурларидан 43 бонитет баллга эга 1 гектар ер майдони доимий фойдаланиш учун Шоҳнурбек Давлетовга ажратилгани, фуқаро ер майдонида иссиқхона ташкил қилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириши шартлиги, бу жойда зинҳор қурилиш қилмаслиги белгилаб қўйилган.

Бироқ айни пайтда бу ҳудудда ноқонуний уй-жой қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда. Шу ерда ишлаётган усталарнинг сўзларига кўра, 2021 йил бошига қадар барча ишлар якунига етказилади.

Ер ажратилишида Ер кодексига амал қилинмаган

«Оқариқлар» маҳалласидаги бу ерлардан сўнгги 20 йил давомида 146 оила томорқа сифатида фойдаланиб, қўшимча даромад олиб келаётган эди. Аммо шу йилнинг баҳорида ерлар давлат захирасига қайтариб олинди ва турли мақсадларда бошқа шахсларга ажратиб берилди. Ер кодексига кўра, бу жараённи амалга оширишда томорқа ер эгаларининг розилиги олиниши лозим.

Томорқаси олинганлар орасида шу маҳаллада яшовчи Абдураҳмон Хусинов ҳам бор. Унинг томорқаси Шоҳнурбек Давлетовга ажратиб берилган ерда жойлашган эди.

«Томорқа еримда қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Шундагина ер бошқа шахсга ажратиб берилганини билдим. Ҳозир у ерда уй-жойлар қурилмоқда ва аҳолига таклиф қилинмоқда. Томорқадан 20 йил давомида фойдаланганман, барча солиқларни тўлаганман», — дейди у.

Урганч тумани ер ресурслари ва давлат кадастри берган маълумотга кўра, ер майдонини Шоҳнурбек Давлетовга ажратиб бериш жараёнида фуқаро Абдураҳмон Хусиновнинг розилиги олинмаган.

Ваҳоланки, Ер кодексининг 23-моддасида эгаликдаги, фойдаланишдаги, ижарадаги ва мулк қилиб берилган ер участкасини бошқа шахсларга бериш (реализация қилиш) фақат шу участка белгиланган тартибда олиб қўйилганидан (сотиб олинганидан) кейин амалга оширилади.

Урганч туманида ҳеч ким, ҳеч нарсани билмайди!

Иссиқхона қуриш учун ажратилган ер эгаси Шоҳнурбек Давлетовдан ҳолат бўйича изоҳ сўрадик. У ер майдонида иссиқхона қура олмаганини ва уни бошқа бир шахсга сотганини маълум қилди.

«Бу ер майдони менга енгил типдаги конструкцияли иссиқхона қуриш учун ажратилган эди. Аммо мен уни қуролмадим ва бу ерни бошқа бир шахсга сотдим. Қурилаётган уй-жойлар меники эмас, уларнинг эгаси кимлигини билмайман. Аниқлаб, кейин ўзим қўнғироқ қиламан», — деди Шоҳнурбек Давлетов. Шундан сўнг қайта алоқага чиқмади.

Аммо бу ҳудудда ишлаётган усталар уй-жойларнинг эгаси Шоҳнурбек Давлетов эканини, агар сотиб олмоқчи бўлсак, айнан у билан боғланишимиз лозимлигини айтиб, телефон рақамини беришган эди.

Урганч тумани ҳокимлигининг иссиқхона қуриш учун ер ажратилиши ҳақидаги қарори ижросини назорат қилиш ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ҳамид Атахановга юклатилган. Биз ундан ҳолат бўйича изоҳ сўрадик.

«Ҳа, бу қарорнинг ижросини назорат қилиш мени зиммамга юклатилган, аммо у ерда нима қурилаётганидан бехабарман. Бундай қарорлар ижросини зиммамга юкламасликларини сўраганман», — деди у гапни қисқа қилиб.

Қизиқ, Урганч тумани ҳокимлиги иссиқхона қуриш учун 1 гектар ер ажратиш ҳақида қарор қабул қилса-ю, аммо унинг ижросини назорат қилмаса, у жойда нима қурилаётганини билмаса, унда бу ҳокимликнинг вазифаси нима? Давлатнинг «кўчада қолган» ери борми? Давлат манфаатини ҳокимлик ҳимоя қилмаса, ким ҳимоя қилиши керак? Маълум мақсадда ажратилган, аммо ноқонуний қурилишлар қилинаётган, биз билмайдиган яна қанча ер майдони бор?

Хулоса қиладиган бўлсак, Урганч тумани ҳокимлигида ҳеч ким, ҳеч нарсани билмайдиган бўлиб чиқмоқда. Ер эгаси уни кимга сотганидан, қарор ижроси зиммасига юклатилган мулозим эса у ерда нима қурилаётганидан бехабар.

Қонунга кўра, ҳокимлик қарори бекор қилиниши лозим

Шоҳнурбек Давлетов ажратилган 1 гектар ер майдонида фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириши лозимлиги, қурилиш қилмаслиги ҳақида огоҳлантирилган. Бу ҳақда ҳоким қарорида алоҳида кўрсатиб қўйилган. Қонунга кўра, қарорда кўрсатилган шартлар бажарилмаса, бу қарор бекор қилиниши ва ерлар давлат захирасига қайтарилиши шарт.

Урганч тумани ҳокимлиги томонидан мақсадли равишда ажратилган бошқа ерларнинг қарори ва уларнинг ижроси ҳуқуқ тартибот идоралари, жумладан, прокуратура томонидан қўшимча текширилиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Чунки Урганч тумани ҳокимлиги бу вазифасини бажармаяпти, аниқроғи бажаришни истамаяпти.

Ҳозирги вақтда иссиқхона учун ажратилган ерда қурилаётган ноқонуний уй-жойлар сотиб олиш учун аҳолига таклиф қилинмоқда. Ваҳоланки, уй-жойлар қуриб битказилган тақдирда ҳам, ҳокимлик қарори йўқлиги боис, уларни коммуникация тизимларига, электр энергияси, газ ва ичимлик суви тармоғига улаб бўлмайди. Аммо, уй-жойларни таклиф қилаётганлар барча ҳужжатлари борлиги ва коммуникация тизимларига уланишини ваъда беришмоқда. Улар бу ишни қандай амалга оширмоқчи? Бу ҳам ҳозирча номаълум.

29 октябр куни Абдураҳмон Хусинов 20 йил давомида фойдаланган, солиқлари тўланган томорқасининг қайтарилишини сўраб, туман прокуратурасига шикоят хати берган. Аммо, мақола эълон қилинган вақтда ҳам (қарийб бир ярим ой!) прокуратурадан бу мурожаатга ҳеч қандай жавоб бўлмаган.


Нурмуҳаммад Саид,

kun.uz

@AGROBLOGER канали

Report Page