...

...

AGROBLOGER

Сўнгги кунларда нафақат Ўзбекистондаги, балки хорижий ОАВ ларда Россия федерацияси томонидан Ўзбекистоннинг Фарғона, Қашқадарё ҳамда Навоий вилоятларига экспорт учун тақиқ қўйилгани ва бунга «Помидор жигарранг бужмайиш вируси касаллиги» сабаб бўлгани муҳокамалар марказида. Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси мазкур масала юзасидан қуйидагича баёнот берди:

"Tomato brown rugose fruit virus - «Помидор жигарранг бужмайиш вируси касаллиги» билан боғлиқ хабар эълон қилинганидан сўнг, «Ўздавкарантин» инспекцияси ходимлари томонидан тезкорлик билан «Долзарб 15 кунлик» чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Помидор ва қалампир маҳсулоти ҳамда унинг экспортига жиддий зарар етказувчи ушбу касалликнинг аломатлари, тарқалиш йўллари ва қарши кураш механизми аниқ белгилаб берилди. Махсус ишчи гуруҳи тузилиб, Фарғона вилоятига ҳолатни чуқурроқ ўрганиш ва касаллик мавжуд бўлса, уни аниқлаш мақсадида сафарбар этилди. Шунингдек, Республиканинг барча туман ва шаҳарлари ҳамда чегара масканларида фаолият юритаётган инспекторларга махсус топшириқлар берилди.
Республиканинг барча ҳудудларида етиштирилаётган помидор маҳсулотидан намуналар олиниб, Марказий карантин лабораториясида ўрганилмоқда. Айни кунларда лаборатория ходимлари учун фитосанитария диагностикаси устида тренинг олиб бораётган ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасида халқаро эксперт др. Амир Малик Хумаюн мавзу юзасидан қуйидагича фикр билдирди:
Биз лаборатория ходимлари билан мана 10 кундан ошмоқдаки, ўсимликларга жиддий зиён етказиши мумкин бўлган зарарли организмлар диагностикаси устида тренинг ҳамда амалий ўрганишларни олиб бормоқдамиз. Шу йилнинг бошидан буён дунёнинг бир қатор давлатларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосили ва экспортига янги турдаги Tomato brown rugose fruit virus - «Помидор жигарранг бужмайиш вируси касаллиги» айниқса, Осиё ва Европа мамлакатлари орасида жиддий хавотирларга сабаб бўлди.
Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, ушбу касаллик уруғлар, вирус теккан асбоблар, кийимлар, механик воситалар орқали тарқалади. Экинларнинг чангланиши вақтида ҳам тарқалиши мумкин. Жигарранг вирус касаллигига чидамли помидор навлари шу кунгача аниқланмаган.
Фарғона вилоятида мавжуд иссиқхоналарнинг 99,11 гектар майдонини помидор экинлари ташкил этиб, уларнинг барчаси саноат иссиқхоналари ҳисобланади. шундан 36,46 гектарни ташкил этган 18 та иссиқхоналарда помидор етиштирилиши давом этмоқда. Республика бўйлаб ўтказилган махсус фитосанитар дала назорати чоғида барча иссиқхона раҳбар ва ходимларига касаллик ва зараркунандалар ҳамда помидорнинг жигарранг бужмайиш вирус касаллиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.
«Нуримов Мусо ота» МЧЖ га қарашли иссиқхонада бир неча йиллардан буён помидор етиштириш ва уни хорижга экспорт қилиш билан шуғулланувчи тадбиркор Мирвосих Мирҳосиловнинг сўзларига қараганда, бундай турдаги вирус ҳали унинг ҳосилига зиён етказмаган. Тадбиркор маҳсулотда ҳали «Помидор жигарранг бужмайиш вируси касаллиги» нинг ҳеч қандай ташқи аломатларини кўрмаганини, ҳосил ҳажмини ошириб, ҳар йилгиданда кўпроқ маҳсулотни хорижга экспорт қилиш ниятида эканлигини билдирмоқда.
«Долзарб 15 кунлик» кунлик доирасида Республиканинг Қашқадарё, Навоий, Фарғона ҳамда бошқа ҳудудларида помидор ва қалампир экилган ҳар бир иссиқхонанинг жойлашган ўрни, майдони, тури ва фитосанитар тозалиги тўғрисидаги маълумотномаси, яъни паспорти Инспекция ходимлари томонидан қайд этилди. Помидор ва қалампир етиштириладиган ҳудудларда ўтказилган назорат чоғида жалб қилинган сайёр лабораториялар шу ернинг ўзида маҳсулотларда «Помидор жигарранг бужмайиш вируси касаллиги» аломатлари бор ёки йўқлигини текширувдан ўтказишди.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунга қадар Республика ҳудудида «Помидор жигарранг бужмайиш вируси касаллиги»нинг симптоматик аломатлари аниқланмаган. Республиканинг вирусдан холи эканлигини тасдиқлаш мақсадида ҳар бир ҳудуд кесимида рўйхат шакллантирилиб, Россия томонга тақдим этилмоқда. Масала юзасидан музокаралар давом этмоқда", дейилади хабарда.


@AGROBLOGER канали

xs.uz


Report Page