...

...

AGROBLOGER

2020 йил 9 декабрь куни Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ва Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Франциянинг Rungis Semmaris (Ранжис Саммарис) компанияси ўртасида ҳадли битим онлайн тарзда имзоланди.

Имзолаш маросимида Франция томонидан Европа ва ташқи ишлар вазирининг ташқи савдо ва иқтисодий жозибадорлик бўйича вазир-делегати Франк Риестер, Франция ташқи ишлар вазирининг маслаҳатчиси Жан-Батист Шовель, Франция ТИВ континентал Европа раҳбари Максим Дафри ҳамда бевосита Rungis Semmaris бош директори Стефан Лаяни иштирок этишди.

Rungis Semmaris компаниясининг иштироки билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда ягона бўлган, юқори халқаро стандартларга мувофиқ саккизта йирик агрологистика марказлар тармоғини яратиш ва бошқариш лойиҳаси амалга оширишни режалаштирмоқда.

«Ушбу улкан агрологистика марказлари йирик шаҳарларнинг чеккаларида қурилади — уларнинг умумий майдони қарийб 200 гектарни ташкил этади, умумий қуввати эса йилига 3 миллион тоннадан ортиқ бўлиши кутилмоқда.

Энг йирик Тошкент агрологистика маркази 70-100 гектар майдонни эгаллайди, энг ихчами эса Хоразмда бўлади, аммо унинг 10 гектар майдонни эгаллаган ҳажми ҳам катта таассурот қолдиради.

Худди Франциянинг машҳур Ранжис мега-бозорида бўлгани сингари, ушбу агрологистика мажмуаларда ҳам фақат улгуржи савдогарлар савдо қилишлари мумкин бўлади. Агро марказларнинг асосий мақсади мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташқи бозорга чиқиш учун тайёрлаш жараёнини халқаро даражага етказишдир», - дея тушунтириш берди қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев.

Ҳар бир агрологистика марказида барча зарур объектлар жамланади булар: кросс-доклар, савдо павильонлари, меҳмонхоналар, тижорат банклари ҳамда хизматлар: саралаш, калибрлаш, қуритиш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш, етказиб бериш, божхона расмийлаштируви, карантин, озиқ-овқат хавфсизлигини сертификатлаш, мутахассислар маслаҳатлари бошқалар жамланади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра саккизта агрологистика марказлари базасида қарийб 10 мингга яқин янги иш ўринлари яратилади. Жумладан, 70–100 гектар (йиллик қуввати 760 минг т) бўлган Тошкент агрологистика маркази ҳудудида 3 минг, майдони 22 гектар бўлган Самарқанд шаҳар агрологистика марказида (йиллик қуввати 492 минг т) 1200 та иш ўринлари ҳамда 18 гектар майдонни эгаллаган (йиллик қуввати 410 минг т) Андижон агро марказида 1200 иш ўринлари яратилади. 15 гектар майдонни эгаллайдиган Бухоро агро маркази (йиллик қуввати 200 минг т), шунингдек 10 гектар майдонга эга Хоразм агро маркази (йиллик қуввати 200 минг т) негизида 680 тадан иш жойини ташкил этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, Фарғона вилоятидаги 15 гектар майдондаги агро марказда (қуввати 300 минг т) ва Сурхондарё вилоятидаги 20 гектарлик агро марказда (йиллик қуввати 300 минг т) 800 тадан иш ўринлари яратилади.

«Фуқароларнинг фаровонлиги йўлида қишлоқ хўжалиги соҳасини барқарор ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга, ушбу тармоқ мамлакатимизда ЯИМнинг учдан бир қисмини ташкил қилади ва қарийб 3,6 миллион кишини иш билан таъминлайди. Rungis Semmarisнинг Ўзбекистондаги замонавий агрологистика марказларни қуришда кўрсатадиган ёрдами бизнинг қишлоқ хўжалигимизда янги имкониятлар, йўналишлар ва ҳаттоки янги касбларни яратишга ёрдам беради ва Европа Иттифоқининг бир қисми бўлган Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги самарали ва истиқболли шерикликнинг яна бир яхши намунасига айланади», — дея қўшимча қилди вазир Жамшид Хўжаев.

Rungis Semmaris компанияси Париж чеккасидаги йиллик айланмаси 9 млрд евро бўлган дунёдаги энг йирик озиқ-овқат ва логистика марказига эгалик қилади ҳамда бутун дунё бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотларининг улгуржи бозорларини қуриш ва ташкил этиш бўйича етакчи тажрибага эга.

«Ушбу шериклик шартномаси имзоланганидан ҳамда тажриба алмашиш, янги авлод агро инфратузилмасини яратишда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш имконияти берилганидан мамнунмиз. Сизнинг шижоатингиз ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ҳамда Ўзбекистон агро маҳсулотларини жаҳон бозорига чиқариш борасидаги улкан ишларни бажаришга тайёрлигингиз бизга илҳом бағишламоқда», — деди Rungis Semmaris раҳбари Стефан Лаяни.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги медиа-ахборот марказининг ёзишича, вазир Франк Риестер Rungis Semmaris компаниясининг тажрибали мутахассислари самарали бозор тармоғининг салоҳияти ва барча афзалликларини кашф этишда Ўзбекистонга кўмак кўрсатишига ишонч билдирди, шунингдек Франция бундай янги йўналишларни ривожлантиришда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаб келаётгани ва келгусида ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлаган. У Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил октябрь ойида Францияга расмий ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишнинг аҳамиятини таъкидлаб, ушбу ташрифга икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг «туртки берувчи нуқтаси», — дея таъриф берди.


@AGROBLOGER канали

kun.uz



Report Page