...

...

AGROBLOGER

1-УСУЛ

Компостлаш майдончасида 50 см қалинликда зичланган қорамол, от, қўйлар гўнги ётқизилади ва зичланади. Хом ашё қанча кўп бўлса, ётқизилган гўнг қатлами шунча кенг бўлиши мумкин. Уюм узунлиги эса майдон катталигига қараб давом этаверади.

Гўнг қатламининг устига қийин парчаланадиган майдаланган 1 см шох-шабба, қипиқлар, дарахт барглари, сомон ва ғўзапоянинг майдалангани, чучук сув лойқаси, сабзавот ва полиз экинлари вегетатив массаси (1 см узунликда), гумусли тупроқ ва ҳ.к. 50 см қалинликда зичланиб ётқизилади. Унинг устига яна гўнг қатлами зичланиб ётқизилади. Учинчи қатлам юқорида айтилган қолдиқлар майдаланган ҳолатда тўкилади ва зичланади. Ундан кейин яна гўнг ва чиқиндилар қатламлари ва х.к. билан уюмнинг баландлиги 3 метргача боради. Охирида уюмнинг ҳаммаси қамиш, шолипоя похоли, ўтлардан тўқилган бўйралар, ҳаво ўтказувчи қоплар, пленкалар билан беркитилади. Албатта намлик ва температура кузатиб борилади.


2- УСУЛ


Энг аввало секин чирийдиган материаллар, қипиқлар, барглар, шох-шаббалар, сомон, лойқа, канализация қолдиғининг қаттиқ қисми, ғўзапоя, сабзавот ва полиз экинлари пояси ҳамда ҳосил қолдиқлари, шолипоя 50 см қалинликда ётқизилиб, ўғитнинг тайёр бўлиши қанча муддатга мўлжалланганлигига қараб зичланади. Кейин намлиги 50 % бўлиши таъминланади. Бу қатламнинг устига 2-қатлам сифатида 50 см қалинликда гўнг ётқизилади.

Қатламларнинг кенглиги ва узунлиги хомашё материаллари миқдорининг кўп ёки озлигига боғлиқ. Тезроқ тайёрлаш учун зарур бўлса қатламлар зичланмайди, агарда вақт кўп бўлса зичланади. Ҳаво камайиб нам кўп бўлганда парчаланиш нисбатан секин боради. Учинчи қатлам яъни секин парчаланувчи материал, тўртинчи қатлам ва бутун уюм секин парчаланувчи материал билан қопланади. Уюмнинг баландлиги 2,5 - 3 метрдан баланд бўлмаслиги керак.


3- УСУЛ


Самарали ўғит тайёрлаш майдонида биринчи бўлиб қўпол шаклдаги материал майдаланган шох-шабада, қипиқ, дарахт барглари, сомон, ғўзапоя, сабзавот ва полиз экинларининг вегетатив қолдиқлари, канализациянинг тоза қолдиғи, майдаланган ва ивитилган қоғоз ва латта-путталар 50 см қалинликда (эни 2 - 3 м гача, бўйи материал захирасига қараб узайиб кетавериши мумкин) зичланган ҳолатда ётқизилади.

Унинг устига шу материални оқизмасдан ушлаб турадиган миқдорда (капилияр нам сиғими ҳажмида) суюқ гўнг қўйилади. Унинг устига 20 - 30 см қалинликда чучук сув лойқаси, гумусга бой томорқа ёки боғ тупроғи ёки йиғма шарбат ёйилади. Кийинги навбатда яна биринчи қатлам материалларидан бири 50 см қалинликда ётқизилади ва суюқ гўнг билан суғорилади. Учинчи қатлам иккинчи қатлам сингари бўлади. Шу тариқа қатламлар кетма-кет ётқизилиб, бурт баландлиги 2,5 - 3 м бўлгунча давом эттирилади. Намлик ва иссиқлик кузатилиб борилади.


AGROBLOGER канали

Report Page