...

...

AGROBLOGER

Тупроқ ва ундаги бой ресурслар барча тирик организм, хусусан, инсоният учун ҳаёт манбаи бўлиб хизмат қилади.

Тупроқлар одамлар ҳамда флора ва фауна олами учун яшаш майдонини таъминлайди, биологик хилма-хилликни сақлайди, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг асосий таркибий қисми ҳисобланади. Шу боис ҳам ҳаётимизни тупроқсиз тасаввур қила олмаймиз.

Афсуски, бугунги кунда экологик муаммолар, табиий муҳитнинг бузилиши оқибатида тупроқлар таркиби ҳам ўзгариб, унумдорлиги камайиб бораяпти, шўрланиш даражаси ортмоқда.

Халқаро тупроқшунослик иттифоқи томонидан сайёрамиз тупроқ ресурсларининг аҳамиятини оширишга жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. 2013 йилда БМТ 5 декабрни Бутунжаҳон тупроқ куни, деб эълон қилди.

Маълумотларга кўра, сўнгги 40 йилда дунёдаги барча экин майдонларининг учдан бир қисми тупроқ эрозияси туфайли ҳосилдорликни йўқотган ва шу сабабли ташлаб кетилган. Ҳар йили яна 20 миллион гектар қишлоқ хўжалиги ерлари шу қадар таназзулга учраган. Дунё бўйича қарийб 2 миллиард гектар ер майдони яроқсиз аҳволга келиб қолган.

Ўзбекистонда ҳам Орол ҳалокати оқибатида кўплаб экологик муаммолар, шу жумладан, тупроқ шўрланиши, унумдорлиги пасайиши каби масалалар юзага келди. Мамлакатимиз ҳудудининг 31,4 миллион гектари табиий шўрланишга, қум кўчкилари, чангли бўхрон ёки гармселлар таъсирига учраган қурғоқчил ва ярим қурғоқчил майдонларга айланган.

Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Борий Алихоновнинг қайд этишича, Орол фалокати нафақат Ўзбекистон ва Ўрта Осиё, балки глобал экологик муаммо сифатида бутун дунёга ўз таъсирини кўрсатмоқда. Орол денгизининг қуриши, сув танқислиги натижасида қишлоқ хўжалиги ерларининг асосий қисмини сунъий суғоришга мажбур бўлиняпти. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг 95 фоиз маҳсулотлари сунъий суғориш орқали етиштириляпти. Масалан, Бухоро вилоятида 95-96 фоиз, Хоразм вилоятида 98 фоиз ерлар сунъий суғориш орқали суғорилади. Бу эса тупроқ микроорганизмларининг йўқолиб бориши, ҳосилдорлиги пасайиб кетишига олиб келмоқда.

Дарҳақиқат, бугунги кунда турли экологик таҳдидлар, энг аввало, она заминга, тупроқ таркибига жуда катта салбий таъсир кўрсатаётгани рост. Тупроқнинг бузилиши, шўрланиши, чўлланишнинг ортиб бориши эса инсоният ва барча жонзотлар тирикчилигига, ҳаётига ўз сўзини айтади. Зеро, тупроқ унумдорлиги, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Қолаверса, саноат тармоқларини муҳим хомашёлар билан кафолатли таъминлаш, экспорт салоҳиятини юксалтириш масалалари ҳам бевосита тупроқ унумдорлигини сақлашга боғлиқ.

Маълумотларга кўра, ерларнинг таназзулга учраши оқибатида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йўқотиш йилига тахминан 42 миллиард долларга тенг. Ўлик тупроқларни тиклаш учун эса жуда кўп вақт керак бўлади.


AGROBLOGER канали

Манба: ЎзА, uza.uz

Report Page