...

...

AGROBLOGER

Сурхондарё вилоятида 2020 йилги пахта йиғим-терими мавсумида 52 минг тонна пахта қўшиб ёзилган бўлиши мумкинлиги, бу вилоят режасининг 21,3 фоизига тенглиги ҳақида хабар берилганди.

«Kun.uz»нинг ёзишича, Сурхондарё вилояти прокуратураси пахта мавсумида қўшиб ёзиш ҳолатлари бўлганини рад этди.

«2020 йилги пахта мавсумида қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланмаган», — деб баёнот тарқатди Сурхондарё вилояти прокуратураси.

Нашр томонидан берилган хабардаги маълумотлар Сурхондарё вилояти прокурори ўринбосари имзоси билан туманларга юборилган № 11/1.1-20 сонли топшириққа асосланган.

Вилоят прокуратураси баёнотига кўра, бу топшириқ «кунлик терим пулларининг тарқатилиши юзасидан тегишли ташкилотлардан олинган таҳлилий маълумотларга таяниб» тайёрланган.

Туманларга бундай топшириқ «пахта ҳисоб-китобларига қўшиб ёзиш салбий ҳолатларининг олдини олиш» мақсадида юборилган.

«Мазкур топшириқ асосида амалга оширилган прокурор назорати тадбирлари натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган пахта мавсумида ҳисоб-китоб масалаларида қўшиб ёзиш ҳолатларининг олди олинган. Мазкур топшириқ юборилган вақтда пахта мавсуми давом этаётган бўлиб, якуний ҳисоб-китоблар ҳали тамомланмаган эди. Ҳозирги кунда пахта мавсумида қўшиб ёзиш ҳолатлари бўйича аниқланган ва исботланган ҳолатлар мавжуд эмас», — дейилади Сурхондарё вилояти прокуратураси баёнотида.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йилда 1 миллион 34 минг гектар майдонда ғўза парвариш қилиниб, 3 миллион 82 минг тонна пахта хом ашёси етиштирилгани ҳақида хабар берилганди.


@AGROBLOGER канали

daryo.uz


Report Page