...

...

AGROBLOGER

Совуқ фаслда миришкор деҳқон хонадонига боринг экан. Андижоннинг чекка қишлоғидаги хонадон иссиқхонасида, мевалари етилганидан шохлари эгилиб қолган лимон, мандарин ва апелсин дарахтларини кўриб, бошқа фаслда юргандек бўласиз.

Балиқчи тумани Навниҳол маҳалласидаги Эргашевлар хонадонидамиз. 14 нафар аъзоси бўлган катта оила 8 сотих томорқада лимонарий ташкил қилган.


Излаган имкон топар, дейишади. Муаллимликдан нафақага чиққан Ғофиржон ота ва унинг фарзандлари шароитдан келиб чиқиб, ёқилғи ёқиб иситилмайдиган лимонарийдан мўл ҳосил ва яхши даромад олишмоқда.

Ғофуржон Эргашев 68 ёшда. Собиқ ўқитувчи. Турмуш ўртоғи Шаҳзодахон ая ҳам ўқитувчи бўлган. Ҳозир пенсияда. Икки қиз ва уч ўғилнинг отаси. 12 нафар невараси бор.

«8 сотих ҳовлимиз бор. Шу ҳовлига 4 та иссиқхона ташкил қилганмиз. Уларда 134 туп лимон, 6 та мандарин, 6 та апелсин дарахт кўчатлари бор.

Иссиқхонани ёғочдан ясаганмиз. Мана шу атрофингизда кўриб турган лимонарийда 44 туп лимонимиз бор. Шуни ёзда бола-чақа билан, келинлар билан бирга меҳнат қилиб етиштирдик. Терилган ҳосилни ертўлада сақлаб, баҳор ойларида сотишни бошлаймиз.



Лимоннинг совуққа чидамли, ҳосилдор Хитой ва Кавказ навлари экканмиз. Ҳеч қандай ёқилғи ишлатилмайди. Кечқурунлари бўладиган аёзлардан сақлаш учун иссиқхонага исириқ солиб тутатамиз. Дарахтларни парваришлаймиз, ўғитлари бериб борилади.

Бу йил тахминан 2,5 тонна атрофида ҳосил етиштирдик. Бу эса тахминан 110–115 миллион сўмлик даромад дегани. Вояга етган бир туп лимон дарахтида 700 донагача мева бўлади. Тахминан 90 килограмм ҳосил беради.

Мен узоқ йиллар мактабларда ўқитувчи бўлиб ишлаганман. Рус тили ва адабиёти ҳамда ҳарбий таълимдан дарс бердим. 2011 йилдан бошлаб босқичма-босқич шу иссиқхоналарни ташкил қилдик. Ўтган йилги даромадимиздан «Дамас» машина олдик. Ҳозир иккита «Дамас» машинамиз, битта «Нексия»миз бор. Аллоҳга шукур, яшаш шароитимиз яхши.


Мен барча ҳамюртларимга айтардимки, болаларингизни ёшлигидан меҳнатга йўналтириб, тарбия берсангиз, болаларнинг кўчада довдираб юришларининг олдини олган бўласизлар. Шундай нарсаларни ташкил қилсангиз, болаларингиз меҳнатга ўрганади, шу билан бирга, оилангиз бекам-у кўст бўлади. Сиз билан биз кексалар эса уйда хотиржам ўтирамиз», – дейди Ғофиржон ота Эргашев.

Навниҳол маҳалласида яна бир хонадонда бўлдик. Ҳайдаровлар оиласи лимонни «Хитой-котлован» услубида етиштирар экан.

«Бу – ҳозирги шароитга роса қулай ҳолда қилинган лимонарий. Иссиқхона учун ер кавланиб, шунинг ичига қилинади. Бизнинг лимонарийларга газ ёки электрни кераги йўқ. Мазкур иссиқхонани ҳеч қандай кредит олмасдан ҳам ясаш мумкин.

Ўтган йиллари иссиқхона устидаги икки қаватли целлофан ўртасига иссиқни сақлаши учун похолдан термос сифатида фойдаланган бўлсак, бу йил янгилик сифатида оралиққа оддий «баклашка»ларни териб чиқдик. Икки қават целлофан ўртадаги ҳаво иссиқликни сақлаб бериб туради. Газ, ўтин ёқиш шарт эмас. Хона ҳарорати кўчатлар совқотмайдиган даражада бўлса кифоя.


Хўжайинимнинг ака-укаларида ҳам 3-4 тадан иссиқхона бор. Давлат ишларида ишлаймиз, ишдан ташқари лимончилик билан шуғулланамиз. Даромадимиз яхши. Ҳар ҳолда, шунинг орқасидан фарзандларимизни ўқитяпмиз, тўловларини қиляпмиз», – дейди Гуллола Ҳайдарова.

Олтинкўл тумани Ижтимоят маҳалласи Мебелсозлар кўчасида Хусанбой Йўлдошев хонадонидаги иссиқхонада эса 30 туп лимон ва 10 туп мандарин парваришланяпти.

Лимон ва мандаринлар уч йилда тўлиқ мевага кирибди. Биз у ерга боғбон ҳосилни харидорларга кўтарасига сотаётган вақтга кириб борибмиз.


«Бизнинг иссиқхонамиз ҳеч қандай иситиш мосламасисиз қурилган. 30 туп лимонимиз, 10 туп мандаринимиз бор. Бу йилги ҳосилимиз ўтган йилгига нисбатан кўпроқ. Ўтган йили 600 кило олгандик, бу йил 1 тонна мўлжаллаб турибмиз. Худо хоҳласа, 1 тонна атрофида ҳосил кўтарамиз.

Иссиқхонамиз термос услубида, икки қават қилинган. Ораси очилади. Ҳеч қанақа кўмир, газнинг кераги йўқ. Мана бугун харидорларимиз келиб, узишни бошлашди. 

Лимонларни парваришлаш помидор ва бодрингдан осонроқ. 15 миллион сўм даромад мўлжаллаб турибмиз. Россиядан келганимга 1 йил бўлди. Мана, ўзимизда меҳнат қилиб шунчалик пул топсак бўлар экан. Худо хоҳласа, бундан кейин ҳам шу ерда меҳнат қилиб, тирикчилигимизни ўтказамиз», – дейди ёш боғбон Сардорбек Йўлдошев.


Боғбон ва деҳқонлар меҳнати орқали даромад топади, шу билан биргаликда аҳоли дастурхони тўкин бўлишини таъминлайди.

Мақоладан сўнг, ҳар қаричи тиллога тенг еримиздан унумли фойдаланиб, ноз-неъматлар яратаётган миришкорларнинг тажрибасини ўрганиб, шу ишга бел боғлайдиган ҳамюртларимиз кўпайса, ажаб эмас.


@AGROBLOGER канали

kun.uz

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири.

Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов



Report Page