...
AGROBLOGERИшлатилиши. Амарант мойи меъда ва ичак яраларини даволаш хусусиятига эга бўлиб, тери касалликлари, қирқилган яраларни битишини тезлаштириш учун ва нур касаллиги билан оғриган беморларни даволашда қўлланилади. Унинг мойи облепиха мойидан қолишмайди ва бир қатор касалликларни даволашда ишлатилиб келинмоқда. Амарантнинг уруғи тиббиётда рак касаллигидан ҳосил бўлган хавфли ўсмалар ўсишини олдини олиш ва сўрилиб кетишига ёрдам беради.
Етиштириш. Амарант иссиқсевар ва ёруғсевар ўсимлик ҳисобланади. Амарант ўсимлиги экиладиган майдонлар кузда 25—28 см чуқурликда ҳайдаб қўйилади. Ер ҳайдаш олдидан органик ва минерал ўғитлар билан озиқлантирилади. Эрта баҳорда ерлар текисланиб, бегона ўтлардан тозаланади. Амарантни экишни барқарор илиқ об-ҳавода (апрель-май ойларида), тупроқнинг уруғ тушган чуқурлиги 10—12 градусгача қизиган пайтда ўтказиш тавсия қилинади. Ўсимликни экишда шароит ва муддатларни тўғри белгилаш уруғларнинг қийғос униб чиқишини таъминловчи омил бўлиб ҳисобланади. Шуни кўзда тутиш лозимки, уруғ тушган тупроқда унинг униб чиқиши учун иссиқликдан ташқари етарли миқдорда намлик бўлиши керак. Амарантнинг уруғи қаттиқ парда билан қопланганлиги учун унга етарли миқдорда сув талаб қилинади. Шунинг учун уни оптимал муддатларда экилмаса ёки тупроқнинг юза (4 см гача) қатлами қуриб қолган бўлса, унда қуруқ иқлимли минтақаларда майсаларнинг униб чиқиши кафолатланмайди. Амарантни экиш усулларини танлаш ҳосил миқдорига ва унинг ривожланишига ижобий таъсир этувчи омиллардан ҳисобланади. Амарантни қатор оралари юмшатиладиган экин турлари каби, қатор оралари 30, 45, 60 см эгатларга, уруғ олиш учун экиладиган майдонларда эса 70 см ли эгатлар олиб экилиши маъқул. Қатор оралари 60 см кенгликда бўлганда амарантни гектарига ўртача 1—2 кг уруғ экиш тавсия қилинади. Агар қатор оралари 45 см дан эгат олиниб экилса ўсимликнинг экиш нормаси 10—15% га кўпаяди. Уруғларни экишда намланган ғалвирдан ўтказилган қум, чириган гўнг, суперфосфат ва бошқа маҳсулотлардан уруғни тўлдирувчи сифатида улар 1: 10 ёки 1: 5 нисбатда фойдаланилади. Амарантни уруғини экиш учун сабзавот экадиган сеялкалардан фойдаланилади. Улар бир вақтда қатор оралари 60—70 см ли суғориладиган эгатларни тайёрлаб кетади. Ҳар бир метр масофада 25—30 та яхши ривожланган майсаларнинг мавжудлиги экишдаги энг яхши қалинлик ҳисобланади. Майсаларнинг бундай қалинлиги ўсимликни парвариш фазасида об-ҳаво шароитининг ноқулай келишида уларнинг мумкин қадар нобуд бўлишини ҳисобга олинганда ўрим-йиғим даврига келиб ҳар бир метр узунликда 10—12 та яхши ривожланган ўсимлик қолади. Уруғликка экилган майдонларда ўсимликнинг қалинлиги 15—20% га кам бўлиши мумкин. Амарант экилган майдонларда қолдирилган кўчатлар гектаридан 600—700 центнер кўк масса ва 1—2 центнер уруғ етиштириш учун етарли ҳисобланади.
Амарант ўсимлигини парвариш қилиш мураккаб жараён бўлмасдан барча экиб ўстириладиган ўсимликларнинг агротехникасига ўхшаш. Ўсимликни экишдан кейин ерни юмшатиш, бегона ўтлардан тозалаш керак. Айниқса, ҳар қандай тупроққа ҳам баҳор ойларида қатқалоқ ҳосил бўлиши мумкин ва майсаларнинг пайдо бўлишини, уларнинг ривожланишини тенглаштиради. Шунинг учун қатқалоқни экишдан 4—6 кун кейин енгил юмшатгичлар ёрдамида ишлаш керак. Дастлабки 2—3 ҳафтада асосий эътиборни майсалар униб чиққандан кейин бегона ўтларни йўқотиш қатор ораларини юмшатиш ва ягана қилишга қаратмоқ керак. Ўсимликларни бўйи 10—15 см га етганда қатор ораларини ишлаш билан бирга уларнинг ривожланишини тезлаштириш мақсадида гектар ҳисобига 40 кг дан азот ва 20 кг дан калий ўғити бериб, 5—6 см чуқурликда культивация ўтказилади. Иккинчи озиқлантириш ўсимликнинг бўйи 30—35 см га етганда гектарига 30 кг дан азотли ва фосфорли ўғитлар билан озиқлантирилади. Ўсимликни озиқлантириш албатта суғоришдан олдин амалга оширилиши лозим. Ўсимлик озиқлантирилгандан ва суғорилгандан кейин унинг ўсиши ва ривожланиши тезлашади. Охирги озиқлантиришни унинг бўйи 70—80 см га етганда азотли ва калийли ўғитлар бериш билан тугалланади. Мавсум давомида амарантни 6—7 марта суғорилади ва гектарига 95—105 кг азот, 70 кг фосфор, 50 кг калий ва ер ҳайдаш олдидан 15—20 тонна гўнг билан озиқлантирилади. Амарант ўсимлигини яшил массасини гуллаш фазасидан уруғларнинг сутли-мумли етилиш фазасига етгунча ўрила бошланади. Июль ойигача амарант ўсимлигини 2—3 марта ўриб олинади. Бу эса июль ойининг охирига келиб илдиз тизимидан янги ўт ўсиб чиқишини таъминлайди. Амарантнинг яшил массасида оқсил модаси кўп бўлганлиги учун чорвачиликда силос ва бошқа озиқаларни ишлаб чиқаришда кўпроқ ишлатилади.
@AGROBLOGER канали
dehqon.uz